Мактабга қабул тартиби ўзгаради
Халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш марказида “Мактабларга 1-синф ўқувчиларини Давлат хизматлари агентлиги ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш” мавзусида тадбир ўтказилди.
Тадбирда онлайн қабул бўйича давлат хизматлари портали дастурининг электрон версияси тақдимоти ўтказилди.
— Шу пайтга қадар мактабларга ўқувчини қабул қилиш бўйича аниқ белгиланган тизим йўқ эди, — дейди БМТнинг Тараққиёт ва ривожланиш дастури консультанти Шерзод Эралиев. — Жорий этилаётган ушбу тизимда шаффофликни таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш, ота-оналарга қулайлик яратиш мақсад қилинган. Мактабларга қабул жараёнида онлайн тизимни амалиётда синаб кўриш учун Тошкент шаҳридаги 81 та мактаб танлаб олинди. Кейинги йили ушбу лойиҳа мазкур мактабларда қабул жараёнига татбиқ этилади ва тажрибада синаб кўрилади. Мактабларга 1-синф ўқувчиларини қабул қилиш жараёни имкон қадар давлат хизмати орқали ортиқча ҳужжатларсиз амалга оширилса, тизим шаффофлашади.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда келгуси ўқув йилидан жорий этиладиган ўзгаришлар ва кутилажак натижалар юзасидан маълумот берилди.
Нигина ШУКУРОВА