Таълим муассасаси аттестацияси ва аккредитацияси қай тартибда ташкил этилади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ҳамда 2015 йил 27 мартда тасдиқланган 2015—2020 йилларда аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш режаси мактаб директорлари олдига ўз фаолиятини янгича асосда ташкил этиш, мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини янада ошириш талабини қўймоқда.
Айни пайтда зикр этилган низом ва йўриқномага мувофиқ, умумтаълим мактаблари белгиланган мезонлар асосида баҳоланиб, 9 йўналиш бўйича аттестациядан ўтказилмоқда. Булар қуйидагилар:
— таълим муассасасида ўқув жараёнига давлат таълим стандартларининг жорий этилганлиги;
— ўқувчилар билим даражаларининг давлат таълим стандартига мувофиқлиги;
— ўқув-услубий ишларнинг олиб борилиши ва ўқувчиларнинг дарслик ҳамда ўқув қўлланмалар билан таъминланганлиги;
— педагог кадрлар салоҳияти;
— таълим жараёнига замонавий ўқитиш методлари ва ахборот технологияларининг жорий этилганлиги;
— таълим муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантириш бўйича давлат дастурининг бажарилганлиги;
— маънавий-маърифий ишлар;
— ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш чоралари;
— рейтинг баҳолаш тизимининг қўлланилиш сифати.
Ўтган йилларда аттестация хулосаси Давлат тест марказига аккредитациялаш учун юборилар эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилингач, 2017 йил 1 октябрдан таълим муассасаларини аккредитациялаш ишлари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан олиб борилмоқда.
Қуйида туман (шаҳар)ларда ташкил этилган аттестация комиссияларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида аттестация ва аккредитация ҳужжатларини юритиш тартиби ҳақида методик тавсия берилмоқда.
Аттестация ва аккредитация ҳужжатларини юритишга доир тавсиялар
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 27 мартдаги “Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари, туман¬ (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, бошқа ташкилот ва идоралар тасарруфидаги умумий ўрта таълим муассасаларини 2015—2020 йилларда аттестациядан ўтказиш режаси”га кўра, 5 йил давомида 9616 та умумтаълим мактабини аттестациядан ўтказиш белгиланган. Жумладан, 2015-2016 ўқув йилида 1907 та, 2016-2017 ўқув йилида 1758 та, 2017-2018 ўқув йилида 2004 та, 2018-2019 ўқув йилида 1874 та, 2019-2020 ўқув йилида 2072 та мактаб аттестациядан ўтказилиши лозим.
Аттестация комиссияси
Умумий ўрта таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш учун комиссия туман (шаҳар) ҳокимликлари қошида (мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари учун 1 та) ташкил этилади. Комиссия таркиби туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан тасдиқланади. Қарорга комиссия таркиби ва таълим муассасаларининг аттестациядан ўтказиш муддатлари кўрсатилган жадвал илова қилиниши шарт.
Комиссия таркибига (7 киши) ҳоким ўринбосари, халқ таълими бўлими мудири ва мутахассислари, таълим фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси қўмитаси ходимлари, жамоатчилик вакиллари (туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлими раиси) киритилади:
комиссия раиси — ҳоким ўринбосари;
комиссия раиси ўринбосари — туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудири;
аъзолари — малакали педагоглар (таълим муассасалари раҳбарлари таркибидан 3 киши);
таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси аъзоси;
туман фуқаролар йиғини вакили.
Комиссия таълим муассасасида 10 кундан ошмаган муддатда фаолият кўрсатади.
Комиссиянинг иш тақсимоти
Аттестация комиссиясининг иш режаси ва иш тақсимоти комиссия йиғилишида раис томонидан тасдиқланади.
Умумтаълим муассасаларининг аттестация натижалари, комиссиянинг йиғилиш баёни ва қарорларини қайд қилиш дафтари юритилади. Дафтар тикилган, саҳифаланган ва комиссия раиси томонидан имзоланиб, муҳрланган бўлиши шарт. Баённомалар комиссия раиси ва котиби томонидан имзоланади. Котиб комиссия аъзоларидан сайланади. Баённома комиссиянинг барча аъзолари томонидан тўлиқ тасдиқланади.
Комиссия аъзоларидан бири ишдан бўшаганда ёки бошқа ишга ўтганда, ишга қабул қилинган ходим унинг ўрнига киради. Аъзоликка киритилган таълим муассасаси раҳбарлари ўзгарган ҳолда янги номзодлар ҳудудий халқ таълими бошқармасининг аттестация комиссияси раиси номига ёзилган тавсияси асосида қабул қилинади.
Барча ҳолатларда комиссия таркибидаги ўзгаришлар тўғрисида ўз вақтида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига маълумот бериб борилади. Маълумот туман ҳокимлиги бланкасида комиссия раиси томонидан имзоланган ҳолатда топширилади.
Экспертлар гуруҳини шакллантириш
Комиссия қошида фаолият кўрсатувчи экспертлар мактабларни аттестациядан ўтказиш учун назорат ишларини ўз зиммасига олиб, тегишли ҳужжатларни ўрганади. Улар таркиби ҳудудий ХТБнинг буйруғи билан малакали ва илғор тажрибали мутахассислардан танланади. Биринчи навбатда, ходимлар салоҳияти, тажрибаси, АКТни билиши эътиборга олинади. Экспертлар сони таълим муассасалари ва улардаги ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Жумладан, мактаб учун:
— бошланғич синф ўқитувчиси — 1 нафар;
— она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси — 3 нафар;
— физика фани ўқитувчиси — 1 нафар;
— математика фани ўқитувчиси — 2 нафар;
— тарих (давлат ва ҳуқуқ асослари, миллий истиқлол ғояси) фани ўқитувчиси – 2 нафар;
— кимё фани ўқитувчиси — 1 нафар;
— биология фани ўқитувчиси — 1 нафар;
— рус тили фани ўқитувчиси — 1 нафар;
— хорижий тил ўқитувчиси — 1 нафар.
Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда тиллар бўйича экспертлар эҳтиёждан келиб чиқиб тавсия этилади.
Аттестация жараёнида белгиланган фанлардан олинадиган назорат ишлари ҳудудий ХТБ методисти томонидан тайёрланади. Йўриқномада белгиланган талаб асосида фанлардан тест, ёзма иш, диктант ва баён матнлари кўп вариантли қилиб тузилади. Тайёр материаллар таълим муассасалари аттестацияси учун масъулга топширилади. Тайёрланган назорат ишларининг махфийлигини сақлаган ҳолда таълим муассасалари аттестацияси учун масъул холис экспертлар иштирокида экспертизадан ўтказади. Экспертизадан ўтган назорат ишлари конверт¬га жойланади, муҳрланади ва аттестация комиссияси раисига топширилади. Комиссия томонидан қабул қилинган назорат ишлари аттестация учун жорий этилади. Экспертлар бевосита аттестация комиссия раиси томонидан шу йўналишга масъул этиб тайинлаган комиссия аъзоси билан бирга иш олиб боради. Олинган назорат ишларини баҳолайди, далолатнома тузади ва комиссия аъзосига топширади.
Экспертлар аттестацияга жалб этилган кундан таълим муассасасида 6 кун давомида фаолият кўрсатади. Экспертлар томонидан тайёрланган хулоса имзоланган ҳолда комиссияга тақдим этилади.
Аттестацияга тайёргарлик кўриш
Аттестациядан ўтказиладиган таълим муассасаси 3 ой олдин расмий равишда огоҳлантирилиши, туман ҳокимининг қарори ва ҳудудий ХТБнинг буйруғидан кўчирма, аттестацияга оид ҳужжатлар тўплами таълим муассасасига етказилган бўлиши шарт.
Таълим муассасалари аттестацияга тайёргарлик кўриш ва уни белгиланган муддатда ўтказиш учун аттестацияда ўрганиладиган ҳужжатларни тўплаши, керакли жадвалларни тўлдириши, яъни ички назоратни ўтказган бўлиши керак. Таълим муассасаси аттестация олдидан ички назоратни қуйидаги тартибда амалга оширади:
а) навбатдан ташқари педагогика кенгашини ўтказиш;
б) жамоани аттестация ўтказилиши ҳақидаги буйруқ билан таништириш;
в) бўлимлар учун масъулларни белгилаш;
г) аттестация жараёнида ўрганиладиган жадвалларни тўлиқ тўлдириш учун масъулни белгилаш.
Аттестацияни ўтказиш
Таълим муассасаларини аттестациядан ўтказишда йўналишлар бўйича ўрганиш жараёни 6 кун давомида тугатилиб, 3 кун ичида умумлаштирилади. Расмийлаштирилган барча ҳужжатларнинг электрон варианти аттестация ўтаётган ой тугамасдан Республика таълими марказининг таълим муассасаларини аттестация ва аккредитацияга тайёрлаш бўлимига юборилади. Ҳужжатлар масъул ходимлар томонидан кўриб чиқилади ва аниқланган камчиликлар бўйича амалий ёрдам берилади, тузатиш учун жойларга жўнатилади. Камчиликлар бартараф этилгач, аттестация ҳужжатлари расмийлаштирилиб, кейинги ойнинг 10 санасигача туман(шаҳар)нинг аттестация бўйича масъул ходими томонидан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига топширилади. Ҳужжатлар топширилганлиги ҳақидаги расмий хат нусхаси Республика таълим марказининг таълим муассасаларини аттестация ва аккредитацияга тайёрлаш бўлимига топширилади.
Натижаларни хулосалаш ва расмийлаштириш
Аттестация жараёнида олинган ёзма ишлар, тестлар ва ўқувчиларнинг жавоб варақалари синфлар ва фанлар кесимида тикилади, Тикилган барча ишлар, тўлдирилган жадваллар, қўлланилган материаллар махсус қутига жойлаштирилади. Комиссия иштирокида ва муассаса раҳбари гувоҳлигида махсус қути елимланади, муҳрланади. Мазкур ҳолат тўғрисида далолатнома ёзилиб, имзоланади. Далолатноманинг бир нусхаси Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига топширилади.
Аттестация ҳужжатлари кейинги аттестацияга қадар таълим муассасасида сақланади. Унинг сақланишига шахсан таълим муассасаси раҳбари масъул ҳисобланади.
Давлат инспекциясига топшириладиган ҳужжатлар
I жилд:
— таълим муассасасининг аттестациядан ўтказилганлиги ва унинг натижаси ҳақидаги аттестация комиссиясининг хати (расмий хат);
— мактабнинг гувоҳномаси (тасдиқланган);
— мактабнинг низоми (туман ҳокимлиги рўйхатидан ўтган бўлиши лозим);
— аттестация ўтказиш натижалари бўйича хулоса;
— аттестация комиссиясининг (мактабни аттестациядан ўтказиш натижалари тўғрисида) йиғилиш баённомасидан кўчирма;
— мактабнинг навбатдан ташқари педагогика кенгаши (аттестация натижалари бўйича хулоса ва натижалар билан жамоани таништириш ҳақида) баённомаси;
— 9 та бўлимнинг “Умумий ўрта таълим мактаби фаолиятини аттестация жараёнида баҳолаш мезонлари бўлимига тегишли “мос”, “мос эмас” кўрсаткичлари тўлдирилган жадваллар;
— 9 та бўлимни баҳолаш жадваллари (2-бўлимдаги 2.1, 2.2 жадвал ҳамда назорат ишларининг умумий натижалари);
— далолатнома (аттестация якуний ҳужжатлари умумий ўрта таълим мактаби директорига топширилади. Далолатномада аттестация комиссияси аъзолари, мактаб директори имзоси бўлиши керак).
II жилд:
“Умумий ўрта таълим муассасаларини аккредитация қилиш учун аттестациядан ўтказишга оид тўлдириладиган жадваллар ва жадвал бандлари бўйича берилган баҳоларни ҳисоблаш технологиялари” тикилган йиғма жилд топширилади.
Эслатма. Барча бўлимларнинг бандлари бўйича умумлаштирилган баҳолаш мезонлари жадвалларида аттестация комиссияси раиси, ҳудудий ХТБ мудири ва муассаса раҳбарининг имзолари ҳақиқийлигини тасдиқловчи муҳр бўлиши шарт.
Алижон ШОМУРОДОВ, РТМ бўлим бошлиғи,
Тўрабой ХУДОЙҚУЛОВ,
Зоҳир ЗАРИФУЛЛАЕВ, РТМ методистлари