Тоғай Мурод бадиияти
Тоғай Мурод ижоди ўзбек насри тараққиётида алоҳида ўрин тутади. Адиб асарларини бошқа бирор ёзувчиники билан адаштириш мумкин эмас. Шунинг учун Тоғай Мурод деб аталмиш бетакрор адабий феноменни юзага келтирган омиллар нималардан иборатлиги кўпчиликни қизиқтиради. Бизнингча, ёзувчи шахсиятининг асарларига тўлиқ кўчиши, миллий руҳни теран англаш, ифода ўзгачалигига эришиш, жонли тил тароватидан ўринли фойдаланиш ва колоритли юморга эгалик хусусиятлари адиб ижодининг ўзига хослигини белгилаган.
Шахсият ва ижод
Ижод намунаси ижодкор шахсига мутаносиб бўлади. Чунки асар ва ижодкор муносабати оғоч билан унинг меваси ўртасидаги боғлиқлик кабидир. Шунинг учун ҳам Тоғай Мурод асарлари тўғрисидаги гапни унинг шахсиятидан бошлаган маъқул. Мен ўзини бирор марта кўрмаган бўлсам-да, асарларини ўқиб, замондошлари хотираларини ўрганиб, Тоғай Мурод “Бир жамиятда яшаб туриб, ундан четда бўлиш мумкин эмас”, деган ақидани бузиб, бир жамиятда ва шу жамият аъзолари учун яшаган ҳолда унинг кўпгина талабларига риоя этмасликка ўзида куч топа олган муросасиз шахс бўлган, деган тўхтамга келдим.
Тоғай Мурод жамиятнинг инсон эркига дахл этишига, шахсни турмуш икир-чикирлари билан ўраб ташлашига, қилиши мумкин ва керак бўлган эзгу ишлардан чалғитишига қарши эди. Бу ерда гап ижтимоий тузум табиатидагина эмас, одамлар орасидаги ижтимоий муносабатлар хусусида ҳамдир.
Тоғай Мурод асарларида кўпинча ўзини ёзади. Унинг Бўри полвон, Зиёдулла, Қоплон каби персонажларидаги кўплаб жиҳатлар муаллиф шахсидан айнан олинганга ўхшайди. Бўри полвоннинг ориятли ва тортинчоқлигида, Зиёдулла калнинг бўйсунмас, ҳалол ва тўғрисўзлигида, Қоплоннинг “...хуш кўрмиш одамлар билан салом-алик қил”иб, “...кўнглига ўтирмайдиганлар билан саломлашгисида келмас”лигида, қишлоқ совети котибини уйда еб турган ошига таклиф қилмаганида Тоғай Мурод шахсига хос сифатлар бўй кўрсатади. Қоплоннинг “Чин гаплар кўнгилда бўлади. Тилга чиқса, ёлғон бўлади-қолади”, тарзидаги эътирофида ҳам муаллиф табиати бўй кўрсатган.
“Мен қайтиб келаман” хотиралар китобидан аён бўлишича, кўпчилик истеъдод эгалари каби Тоғай Мурод ҳам бориб турган максималист бўлган. У одамларнинг сўзлари, хатти-ҳаракатларида ўзи истаган сифатлар бўлишини хоҳлаган. Ўзининг маънавий ўлчамларига мос келмайдиганлар билан “олди-берди” қилишни хоҳламаган. Унинг қаҳрамонлари ҳам ўта максималистлардир. Улар ёқтирган нарсаларига ўзини унутар даражада берилган, ёмон кўрганларини ёнларига-да йўлатмаган кишилардир.
Миллий руҳият кўзгуси
Тоғай Мурод асарлари урбанизация ва глобаллашув боис ўқ томиридан тобора узоқлашиб бораётган бугунги ўзбекни асл миллий туйғу, сезим ва кечинмалар билан ошно қилади. Ёзувчи чин миллий туйғуларни билиши ҳамда гўзал тасвирлай олиши билан қадрлидир. Адибнинг маҳорати шундаки, у бирор асарида тимсоллардаги маънавий фазилатлар борасида ахборот бермайди, баён этмайди, балки уларни жонлантириб кўрсатади. Тоғай Мурод асарлари бирваракайига қулоқ, кўз ва шуур орқали кўнгилга кўчади.
Тоғай Мурод ўз миллати руҳиятини ичдан билади. Менга, ҳатто билади деган сўз бир қадар камдай туюлади. Эҳтимол, адибга татбиқан “Миллий руҳиятни ичдан туяди”, дейиш ўринли бўлар. Шу боис, унинг асарларида аёлнинг хўжасига: “Ўзи гапирсин”, дея эркаланиши ёки “Мен у кишига нима қилдим?” деган иддаоси ўқувчига ғалати туюлмайди.
“Ойдинда юрган одамлар” қиссасидан олинган тубандаги парчада фарзандсизлик ўзбек учун тенгсиз фожиа экани одатдаги маиший ҳолат тасвири асносида бутун даҳшати билан кўрсатиб берилади:
Меҳмон қўли кўксида сўраб бошлади:
— Яхшимисиз, ака...
Отамиз қўлини кўксига қўйди:
— Шукур-шукур, — деди.
— Бола-чақалар ўсяптими?
— Шукур...
— Невара-чеваралар катта бўляптими?
— Шукур...
— Чопқиллаб-чопқиллаб юришибдими?
Отамиз қўли кўксида бўлди. Эгик бошини ирғаб ўтира берди.
Ўзбекдан бошқа ҳеч қайси миллатда танимаган одамдан бола-чақа ҳақида бу қадар ижикилаб сўралмайди. Юқоридаги диалог бефарзанд Қоплоннинг қанчалик изтироб чекканлигини кўрсатишдан ташқари, бобомизнинг момомизга қўл кўтарганлигини руҳий жиҳатдан асослайди ҳам.
Тоғай Мурод асарларида миллатга хос юксак қадриятлар ўта билгичлик билан акс эттирилади. Чунончи, барча асарлардаги деярли ҳамма қаҳрамонлар, қанчалик ўзига хос ва қайсар одамлар бўлишларига қарамай, эл кўзи ва кўнгли учун ўзига маъқул бўлмаган ишларни қилади. Зиёдулла Рихсиевникига ҳашарга боради, Бўри полвон олдинги дўстлиги ҳурмати хиёнаткор Насимни йиқитмайди, Оймомо шаллақи ҳисобчига гап қайтармайди, Қоплон сўз билан бўлса-да, унинг оғзига урмайди, аёллар эркакларнинг йўлини кесиб ўтишмайди. Тоғай Мурод насрида ўзбекнинг ҳаётида катта ёшли киши мақоми ёрқин акс эттирилади. Оппоқ соқоли бўлгани учун майдонга отилиб чиққан Нормурод полвонга ҳеч ким талабгор бўлмайди, Темир полвон устозининг белига қўл узатишдан бош тортади, Бўри полвон масхараласа-да, Максим унга гап қайтармай, “оғзини ушлаб” кулиб қўя қолади. Ёзувчи бу тутумлар миллатнинг зот сифатлари эканлигини меҳр билан кўрсатади.
Ёзувчи тўй удумлари, кўпкари чопиш тартиблари, кураш ўтказишга доир одатлар, жонлиқларни боқиш ва соғишга оид русумлар, болалар ўйинлари акс этган манзараларни чизишда этнограф олимдай иш тутади. Одатда, сўзга хасислик қиладиган адиб маросимларни майда икир-чикирига қадар батафсил тасвирлайди. Бунда бадиий ният маърифий мақсад билан қўшилиб кетади. Лекин бу тасвирлар бирор жойда шунчаки экзотика ёки фон учун келтирилмайди, балки ҳар қачон қаҳрамон руҳиятига хос бирор жиҳатни тўлароқ очишга қаратилади.
Ифода ўзгачалиги
“Мен” деган мақоласидан маълумки, Тоғай Мурод очун адабиётини чуқур ўрганган. Бировлар дунё адабиётини ўрганса, ортига қайтолмай, ўрганган жойида қолиб кетади. Тоғай Мурод эса очун адабиётини ўзига қайтиш, ўзиникини яратиш учун ўрганди. Адабиёт аҳли орасида Тоғай Мурод ижодида фольклор оҳанглари бор, деган қараш юради. Менинг назаримда, Тоғай Мурод ўз битикларига фольклор оҳангини эмас, балки халқнинг сўзлашув стихиясини олиб кирди. Бунга у персонажлар руҳий аурасига кириб, уларнинг ўзи бўла билганлиги боис эришди. Тоғай Мурод образларни сиртдан туриб тасвирламайди. Ёзувчи барча асарларида таносухдаги каби ўз руҳини тасвирланаётган тимсолга кўчиради, у бўлиб яшайди.
Тоғай Муроднинг асарларида халқ эпосларига хос қандайдир жиҳатлар бор. Лекин адибнинг битиклари достонларга ўхшамайди, уларда эпос стилистикаси йўқ. Негаки, халқ достонларининг наср қисмида ҳам ҳамиша сокин салобат бўлади. “Алпомиш” достонидан олинган, кўпчиликка болаликдан таниш ушбу сўзларга эътибор қилинг: “Эй Бойбўри билан Бойсари! Бул тўй уллининг улидан қайтади, қизлининг қизидан қайтади, сенинг нимангдан қайтади?! Ўзинг ўлсанг, молингга ҳар меросхўр чиқади, оғзига одам кириб кетади”. Тоғай Мурод бундай ёзмайди, ҳатто саъждан ҳам фойдаланмайди ҳисоб. Аммо унинг тасвир йўсинида мудом поэзия бор, шеър ифори уфуриб туради. Тоғай Муроднинг насри ҳаводор, жозибали, изтиробу йўқотишлар тасвирида ҳам қандайдир енгиллик бордай. Тоғай Мурод халқдан тайёр бадиий қолип ёки воситалар олишдан кўра, миллат аҳли ҳар куни стихияли равишда яратадиган тил хомашёсини қайта ишлаб, тасвирга киритишни маъқул билган ёзувчидир.
Тоғай Мурод асарларининг композицияси унинг табиати каби кўпинча ғайришуурий мантиққа асосан қурилади. Унинг битиклари кириш, экскурс, изоҳу тушунтиришларсиз тўғридан-тўғри бошланади. Ёзувчи бир тасвирдан бошқасига, бир лавҳадан иккинчисига ўтишда детерменизмга амал қилмайди. Лавҳа алмашганлигини рақам билан билдиради. Тасвир изчиллигига эришиш учун сўз сарфлагиси келмайди. Бу ҳол ўқувчини беихтиёр асарнинг иштирокчисига айлантиради. Чунки муаллиф изоҳларининг йўқлиги ўқувчини қаҳрамонлар кайфияти тизгинини қўлдан чиқариб юбормасликка ундайди. Кўринадики, асарнинг ўқишли бўлишини таъминлашда унинг архитектоникасини тўғри қуриш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Тоғай Мурод асарлари шеърдай ўқилади. Адибнинг мухлиси, шоир Каримберди Тўрамуродовнинг: “Тоғай Мурод шоир экан. Унинг бирор насрида наср кўрмадим. Ҳар сафар китобидан шеър ўқидим. Мен шеър ёзар эдим. Қофияли-қофияли қилиб ёзар эдим. Тоғай Мурод ёзган шеърни ўқисанг, қофияси ичингдан келар экан”, деган гапида жон бор. Насрнинг шеърдай ўқилиши прозаик тасвир жозибаси ва самимияти белгисидир. Зеро, ижод психологияси илмида ҳам шеър билан наср ўртасида жиддий тўсиқ йўқлиги таъкидланади: “Шеър – ўлчамнинг бир хиллиги сақланган аниқ наср, наср эса, ўлчамлари истаганча ўзгариши мумкин бўлган эркин шеърдир”, дейди “Санъат психологияси” асарида таниқли рус психологи Л.Виготский. Тоғай Мурод “Кун тонгни ёқиб юборди”, деб ёзади. Бу тасвир шоир кўзи билан кўрилган ҳолатнинг шеърий ифодасидир.
Адиб персонажлар руҳий ҳолатини илғаб эмас, илиб олади, шу боис, образга кириб кетади. Натижада фавқулодда таъсирли ва ҳаққоний манзаралар чизади: “Сағир дастурхон олдига силжиб келди. Сағир бармоғини сўриб, янгага мўлтиради. Сағир бармоғини сўриб, дастурхонга мўлтиради.
Кейин, оғзидаги бармоғини дастурхонга узатди. Бармоғини аввал дастурхон бурчига тегизди. Ундан дастурхон ўртаси сари оҳиста-оҳиста ўрмалатиб борди. Кейин, нон четига тегиб турди.
Сағир бир тишламгина нон синдириб олди.
Сағир, янгага қараб-қараб нон тишлади, мўлтираб-мўлтираб нон чайнади”. Бу ифодалар тасвирга маъюс ритм берибгина қолмай, сағир руҳий дунёсида кечаётган нозик жараёнларнинг барча босқичларини ҳис этиш имконини беради. Парчадаги тўққиз гапнинг тўрт хатбошига бўлиб юборилиши руҳий жараён босқичларини яққол ифодалашга қўл келган.
Одам табиати шундайки, у бир руҳий ҳолатда узоқ қололмайди. Сезимлар ранг-баранглигини аниқ бериш қийин бўлганидан лаҳзалик ҳиссий жараёнларни ифодалаш учун бир дунё сўз сарфланади. Тоғай Мурод сўз билан туйғу ўртасидаги ана шу номутаносибликни йўқотишга, руҳий ҳолатни қисқа сўзлар ёрдамида тўла беришга эришди. Унинг телеграф усулига ўхшаб кетадиган узуқ-юлуқ жумлалари инсон сезимларининг чин ифодаси бўлгани билан бадиий қиммат касб этади.
Инсон руҳий дунёсини ғоят теран билган Тоғай Мурод жумладаги гаплар ва гапдаги сўзлар миқдорининг имкон қадар кам бўлишига эътибор қаратди. Унинг асарларида ўндан ошиқ сўздан иборат гап, бешдан ортиқ гапдан ташкил топган хатбоши йўқ ҳисоби. Бу ҳол ҳам тасвирга шиддат бағишлайди, ҳам руҳий жараён кечган манзилларни акс эттиради. “Ойдинда юрган одамлар” қиссасининг ўн учинчи боби тўққиз сўздан иборат иккитагина гапдан ташкил топган. Ҳамма нарсани ёзавермаслик ўқувчини ёзилмай қолган нарсалар тўғрисида ўйлашга мажбур қилади. Шу тариқа ёзувчи китобхонни ўз шеригига айлантиради.
Тоғай Мурод насрининг ифода тарзи ҳақида профессор Б.Саримсоқов “...адиб ўзбек бадиий насридаги баён поэтикасини бутунлай янги ўзанга буриб юборди. Эпик баённинг бу шакли ҳозирги ўзбек нас¬рида мутлақо янги бадиий ҳодиса бўлди. Мен бу ҳодисани квантий баён шакли, деб номлагим келади ва эпик баённинг ушбу шамойили ҳақида, умр насиб этса, махсус бир тадқиқот қилиш ниятим йўқ эмас...”, деб ёзади. Бизнингча, Тоғай Мурод қисса ва романларидаги тасвир усулини дискретик усул дейиш маъқулдир. Бунда ўз ҳолича узуқ-юлуқ бўлган жумлалар яхлит бадиий бутунлик яратишга хизмат қилади. Алоҳида кичик адабий миқдорларнинг катта бир эстетик бутунликка айланиши натижасида бадиий сифат ўзгариши содир бўлади. Бу йўсиндаги тасвир ўқувчини ром этади, у асар оҳангига мос тарз¬да нафас ола бошлайди.
Тоғай Мурод жўнгина кўринган конс¬труктив манипуляциялар ёрдамида катта бадиий эффектга эришиш йўлини билади. Адиб сўзларни бежиз шеърдаги каби тагма-таг жойлаштирмайди, сўз-гапларни кўп ишлатмайди. Асарларида ундов белгилари ва уч нуқталарнинг мўл-кўл қўлланилиши ҳам бекорга эмас. “Юлдузлар мангу ёнади” қиссасида Бўри полвон ўйларининг: “Авлодлар алмашган сайин... ё пирим-э, туф-туф-туф..., авлодлар алмашган сайин... юрак йўқолиб боряпти!
Жасад бор! Ақл бор!
Юрак йўқ!
Тўрт муча бор! Куч-қувват бор!
Юрак йўқ, юрак!..”
тарзида берилиши ифоданинг аниқ чиқишига имкон берган. Тагма-таг ёзилган сўз-гаплар ёнма-ён қўйилса, ифода таровати йўқолиб, Бўри полвон кўнглидаги романтик туйғулар англашилмай қолади. Тушиб-чиқишлари ва нотекисликлари билан маъно касб этадиган бу услубни туйғуларнинг насрий кардиограммаси дейиш мумкин.
Тоғай Мурод кўпинча сўзларни қўшоқлаб ишлатади. Адиб асарларида сўзларни жуфт қўллаш баъзан универсал бадиий восита даражасига кўтарилади: ҳам мусиқа яратилади, ҳам тасвир берилади, ҳам муносабат уйғотилади. “От кишнаган оқшом” қиссасидаги: “Бойсунлик аламидан ёмон-ёмон ўқрайди, ёмон-ёмон чақчайди. Бураб-бураб сўкинди” жумласидаги эгиз сўзлар қисқартирилса, ундаги ҳаракат йўқолиб, ёлқин сўниб: “Бойсунлик аламидан ёмон ўқрайди, ёмон чақчайди. Бураб сўкинди” тарзидаги жўнгина ахборотга айланади. Кейинги кўриниш руҳий ҳолатни англатмайди, бинобарин, муносабат уй¬ғотмайди. Олдинги тасвирдан эса бойсунлик чавандознинг Зиёдулла калга ўқрайиши, чақчайиши ва сўкиниши улоқ тортиб олингунга қадар анча давом этгани билиниб туради. Кўринадики, агар тасвирдаги сўзларнинг қўшоқлиги йўқотилса, ифоданинг кучи ҳам, таъсирчанлиги ҳам йўқолади.
Миллий тил таровати
Айтиш керакки, халқ алоқа қилиш, ахборот бериш учун сўзламайди. У, аввало, муносабат билдиради. Шу боис ҳар қандай гап экспрессияга эга бўлади. Вазиятга қараб “У кетди”, деган олти товушдан иборат икки сўзли гапга беш-ўн хил сезимни юклаш мумкин. Халқ тили ҳамиша ҳаракатда ва ички динамикага эга бўлгани учун ҳароратлидир. Алоқа қилишгагина мўлжалланган китобий тил экспрессиядан маҳрумлиги сабаб ҳаракатсиздир. Тоғай Муроднинг истеъдоди шундаки, тинимсиз ҳаракатда бўлган, саноқсиз жилваланадиган жонли тил тароватини асарларига безиён ўтказа билди.
Ёзувчи асарларида қўлланган “ҳадаҳалади”, “ўтириб жўнади”, “йиғлаб қўя берди”, “айтиб қўя бердим” каби сўз ва бирикмалар шу туришича ҳам жонли, маълум экс¬прессияга эгадир. Контекстда эса улар порлаб кетади.
Тоғай Мурод қаҳрамонларини китобдагидай гапиртирмайди, балки китобларига тирик одамларнинг жонли тили ва ҳақиқий сўзлаш йўсинини олиб киради. Шу сабаб у ўзбек адабиётини “юлдуз санади”, “оёқ илди”, “қирлади”, “адирлади”, “ангниди”, “анг қолди”, “ичкарилади” каби неча ўнлаб миллий сўзлар билан бойитди.
“Аҳай-ҳай”, “аҳай-аҳай” каби ундовлардан халқ оғзаки ижодида унча кўп фойдаланилмайди. Тоғай Мурод миллат аҳлининг оғзаки сўзлашувида қўлланиладиган бу каби кўплаб нутқ унсурларини ёзма адабиётнинг ифода воситасига айлантирди. Адиб жонли тилдаги сўзларни бир четдан ёппасига ўзлаштиравермайди, балки бадиий вазият талабига мувофиқ келадиган, персонажлар руҳий ҳолатига мос тушадиган сўзу ибораларнигина адабиёт мулкига айлантиради.
Дардчил юмор
Тоғай Мурод асарларининг ўзига хослигини таъминлаган омиллардан яна бири уларда ҳамиша колоритли юмор борлигидир. Дабдурустдан Тоғай Мурод ва юмор бир-бири билан мутлақо қовушмайдиган тушунчаларга ўхшаб кўринса-да, синчиклаб қараган одамга адибнинг тасвир йўсинида ҳамиша майин ва нозик зарофат борлиги кўринади. “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романидан келтирилган қуйидаги парча фикримизни исботлайди:
— Ўликларга дўқ қилманг, ўртоқ, ўликларга дўқ қилманг, — деди Ботир фирқа.
— Дўқ қилмай бўладими? Ўзи, аллақачон ўлиб бўлган. Яна-тағин уйга кетаман, дейди.
— Олдин ўлсин... – деди Ботир фирқа.
Очарчиликни эмас, очларни тугатишга киришган ҳукумат одамлари томонидан ўликлар хандақларга кўмиб ташланаётган вақтда айтилган бу гапларда Тоғай Мурод ва Сурхон ўлкасигагина хос юмор мавжуд. Вазият ўта фожиавий, аммо айтилаётган гаплар кулги қўзғайдиган. Лекин нафақат персонажлар, балки ўқувчи-да кула олмайди. Башарти кулганда ҳам, кишида адоқсиз мунг уйғотадиган кулги пайдо бўларди. Шуниси ҳам борки, чин кулги ҳамиша дарддан келиб чиқади ва одамни ғамга ботиради.
“От кишнаган оқшом” қиссасида Зиёдулла кал тилидан айтилган: “Биродарлар, сизга бир нима айта¬йинми? Мен араз уришни яхши кўраман! Ўлайин агар-а!
Ой туғади, ўттизида тўлади. Шу ойда бирор-бир нимадан, ақалли бир мартагина бўлса-да, аразламасам бўлмайди. Шу ойда кун кўргандай бўлмайман”, шаклидаги иқрор ҳам кишида кулги уйғотади. Олдингиси каби даҳшатли бўлмаса-да, бу кулгидан ҳам ғамзадалик пайдо бўлади. Чунки обрў топгиси, ҳурмат кўргиси келган, шунга лойиқ бўлган, аммо атрофидагилардан ҳурмату эътибор кўрмаган “кичкина” одам ҳолати киши руҳиятига титроқ солади.
Тоғай Муроднинг кўпчилик қаҳрамонлари — қадр излаган кишилар. Улар ҳеч бўлмаса, қадрлига ўхшаб кўринишни исташади. Бу ҳол баковулдан аразлаб кўпкарини ташлаб кетаётган, бирорта шеригим қайтинг, дермикин, деб умид қилган Зиёдулла чавандознинг иштонини ҳўллаб қўйган тўрт яшар Каримбой “маслаҳати” билан қайтишида намоён бўлади. Бундай йўл билан обрў қозонишга уриниш беозор кулги ҳосил қилади.
Бўри полвоннинг кубокни самовар деб айтиши, Деҳқонқулнинг бахмални пайтава қилиб ўраши, Зиёдулла калнинг отидан аразлаб гаплашмай қўйиши, Ботир фирқанинг кўйлакни костюм хаёл қилиб орденларини тақиши каби кўплаб тасвирларда турли даражадаги юмористик ҳолатлар акс этган. Кўринадики, Тоғай Мурод яратиқларининг ўқишли бўлишини таъминлаган омиллардан яна бири сурхоний юмор экан.
Жонлиқларга янгича ёндашув
Тоғай Мурод одамзоднинг юксак рутбасини яхши биладиган маърифатли ёзувчи бўлса-да, у инсонга дунёнинг ҳукмдори, табиатни эса унинг тасарруфи учунгина бунёд этилган яратиқ ҳисобламайди. У одам табиат билан биргаликда ва тенгма-тенг яшаши керак деб санайдиган ижодкор эди. Унинг ўзи “Сетон-Томп¬сон китобига сўзбошим” мақоласида ёзгани каби: “Жониворлар бадиий адабиётга қадим-қадимдан буён оралаб юради. Қадимги адабиётларда жониворлар ...шунчаки, инсон хизматкори сифатида, йўл-йўлакай кўринди. Йўқолганда йўқолгани билинмади, ўқиган одамда йўқлов туйғуси туғдирмади... Боиси, жониворлар бир жонли буюм сифатида тасвирланди. Бордию, бирор жонивор, айтайлик, от ўлган бўлса, асар муаллифи шу заҳотиёқ отнинг эгар-абзалини олиб, уни ўлган жойида ташлаб кетаверди”. Кўринадики, табиатга, айниқса, жонлиқларга одамнинг ва хусусан, ижодкорнинг мавжуд муносабат йўсини Тоғай Муродни қониқтирмаган.
У ўзбек ижодкорлари орасида биринчи бўлиб жонлиқларга алоҳида бир қадрият сифатида ёндашган ёзувчи эди. Агар бошқа асарларда табиат ва жонлиқлар тасвири қаҳрамоннинг бирор жиҳатини ифодалайдиган восита мақомида келса, Тоғай Муродда улар бадиий мақсад мартабасини олади. Зиёдуллага жигарларидан-да яқин бўлган Тарлоннинг туйғулари тасвири одамникидан кам аҳамиятга эга эмас. Келинлик
уйини тарк этиб кетаётган момо ортидан эргашган Олапарнинг изтироблари ифодаси таъсири Оймомоникидан нурсиз эмас.
* * *
Тоғай Мурод асарларида ҳаёт акс этади. Ҳаётда ҳамиша ҳам эзгулик тантана қилавермайди. Яхши одам кўпинча енгилиб тобланади, неча бор зеру забар бўлса-да, ёвузга айланмаган кишигина чинакам эзгу шахсдир. Кимки атрофдаги йиртқичлар таъсирида йиртқичлашса, демак, унинг эзгулиги ўткинчи, омонатдир. Тоғай Мурод қаҳрамонлари яхшиликлари азалий ва абадий бўлган одамлардир.
Хотиралар айтишадики, Тоғай Мурод сирли одам эди: сирлар оғушида яшади, сирли-сирли асарлар битди, сирли равишда дунёдан кечди. Асарларининг нега шундай ёзилганлигини тўла англаш ҳам сирлигича қолмоқда. Бу ҳақда ўйлаганинг сари фикринг чувалашиб бораверади. Негаки, такрорланувчи ҳодисаларгина изоҳга бўй беради ва улардан муайян қонуният топиш мумкин. Тоғай Муроднинг бетакрор бадиий яратиқлари эса изоҳу қолиплардан ташқаридадир. Ижодкорига ўхшаган асарларнинг йўли узоқ бўлғай!
Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ, педагогика фанлари доктори, профессор