Кумиконинг кучуги
1
Кумико билан Японияда танишганмиз. Тоҳоку университетининг тарих факультетида бирга таҳсил олардик. Дарсдан сўнг унинг уйига борардик. У менга япон тилини ўргатарди. Эвазига у билан инглиз тилида гаплашишим керак эди. У жуда чиройли эмасди. Тишлари олдинга туртиб чиққанидан хижолат тортар, кулганида оғзини тўсишга уринаркан, ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқолмасди. Сочлари ўғил болаларникидек калта эди. У ҳам ҳар бир япон аёли каби майда қадам ташлар ва айни шу жиҳат уни ўғил болалардан ажратиб турарди. Кўзлари қисиқ, лаблари ингичка.
Баъзан туриб-туриб сўрарди:
— Сизларда ҳамма қизлар чиройлими?
Мен ғалати бўлиб кетардим:
— Сен ҳам чиройлисан, Кумико, — дердим жилмайиб. — Ҳар қизнинг ўз гўзаллиги бор.
У жуда меҳрибон ва хушчақчақ эди. Камгап, одамови японларга қараганда киришимли, сўзамол, биз, ўзбекларга кўпроқ ўхшаб кетарди. Бироқ у ўзи ҳақида гапиришни унча хушламас, дугонам билан суҳбатимиз мавзуси фақат менинг атрофимда айланаверарди.
— Онанг билан гаплашиб турасанми?
— Кунда-кунора.
— Кунора? — У кўзларини борича очиб, ҳайрон бўларди. — Нима ҳақида гаплашасан?
— Ўзимиз ҳақимизда. Яхши юрибманми? Нималар билан бандман? Нималар қиляпман, шуларни сўрайди. Мен ҳам унинг соғлиғи билан қизиқаман. Уйдагилар яхшими, қишлоқда нима янгиликлар бор, билгим келади.
— Зерикиб кетмайсанми?
— Нимадан? Сўзлашишданми? Йўқ, иложи бўлса, ҳар куни гаплашардим.
Кумико ҳайрон бўларкан, сас-садосиз пича ўйланиб қоларди.
У оилада ёлғиз фарзанд бўлиб, шунга қарамай, ота-онасидан алоҳида яшарди. Бу менга ғалати кўринар, у худди меҳрибонлик уйида катта бўлгандек туюлаверарди. Ота-онаси ҳақида кўп ҳам гапирмас, унинг Киёши лақабли ёқимтой, лекин доим акиллайверадиган кучуги бор эди, холос. Кумико уни жуда яхши кўрарди.
Кумико кучугини ҳафтада бир марта “гўзаллик салони”га олиб борар, ойда икки марта ветеринар кўригидан ўтказарди. Хуллас, Киёши ҳамиша эътиборда эди. Уни ювиб-тарар, юнгларини калталатарди. Пахмоқвойнинг юнгларини тараб, бошига лента қўндириб қўйишганида, бирам ёқимтой бўлиб кетардики... Бироқ бу менинг ғашимга тегарди. Ўзимга қўйиб берса, уни зумда кўчага улоқтирган бўлардим. Ахир, уйсизлар, тўйиб-тўймай кун кечираётганлар қанча? Нега энди бир кучукка шунча эҳтиром кўрсатилиши керак? Бу ҳасад эдими, билмайман, бироқ Киёшини ҳар кўрганимда ғазабим қайнар, буни Кумикога сездирмасликка ҳаракат қилардим.
Япон дугонам уни ҳар куни айлантиришга олиб чиқиб, ортидан ҳатто тезагигача тозалаб юрарди. Бу менга сираям ёқмасди, ижирғаниб қўярдим. Кучук ҳам мени ёқтирмас, узоқдан кўринишим билан акиллашни бошларди.
— Бас қил, Киёши, — дерди Кумико буйруқ оҳангида унга кўрсаткич бармоғини кўрсатиб. Кучук шу заҳотиёқ жимиб қоларди. У Кумикога бошқача боқарди, қарашларида ўзгача меҳрни илғардим. Ҳар қанча ғашим келмасин, тан олиб айтаман: инсон ва ҳайвон ўртасидаги бу қадар яқин муносабатни илк бор кўришим эди.
Жаҳлим чиқишининг яна бир жиддий сабаби, Кумико ўзига умуман эътибор қаратмас, ойна олдида ўтирганини ҳеч кўрмасдим. Қош-кўзларини бўяш тугул, ҳатто лабларига бўёқ сурмасди.
Бир гал жаҳлим чиқиб дедим:
— Шу бир жониворга нега бунча меҳр қўймасанг, ундан кўра турмушга чиқ, болали бўл, ана уларга меҳр берсанг бўлади.
— Турмуш қуриш менга эмас, — деди у кулиб.
— Нега? Нимага бундай дейсан?
— Оила жиддий масала, яхшилаб ўйлаб кўриш керак, — деди у доимгидек кучугининг бошини силаб қўяркан. Кучук унга қараб эркаланди.
— Ээээ, нимасини ўйлайсан, — дедим ҳовлиқиб, — турмушга чиқиш сен ўйлаганчалик қўрқинчли эмас, қолаверса, ана-мана дегунингча ёшинг қирққа боради. Кейин нима қиласан?
— Ёш муҳим эмас, энг муҳими, ўзингга ҳар томонлама мос инсонни учратиш, — деди у мулойимлик билан.
— Бу дунёда мукаммал инсон бўлмайди, азизим, — дедим бўш келмай. Бироқ бу масалада қарашларимиз турлича эди. Ҳеч қачон фикрларимиз бир нуқтада кесишмаслиги аниқ. У ўзига мос инсонни бир кун учратиб сўнг турмуш қуриш ҳақида гапирса, мен эртароқ турмуш қуриш кераклиги, аёл кишининг ёши ўтиб қолса, ўзига муносиб инсонни тополмаслиги ҳақида ваъз ўқирдим.
Яна зум ўтмай дедим:
— Унда етимхонадан бирор бола асраб ол. Она парвариши, она меҳрига зорлар қанча... (Шу кучукдан қутулиш учун ҳар нарсага тайёр эдим).
— Нималар деяпсан, Шона! — У мени шундай чақирарди. — Бола ортиқча юк! Мен кучукдан хоҳлаган пайт воз кечишим мумкин, лекин боладан... кечиб бўлмайди.
Кумикони тушуниш қийин эди. Унинг гаплари мени ўйлантириб қўярди. Хоҳлаган пайт воз кечиши мумкин бўлган бир кучукка нега унда бунча меҳр бермаса, деб ўйлардим.
2
Диплом ишимни ёқлаш муддати яқинлашди... Кумико доимгидек менга қўлидан келганча ёрдам берарди. Ўша куни битирув ишим маърузасидаги баъзи жумлаларни тўғрилаб беришни ваъда қилгани учун уйига бордим. Ишлаб ўтиравериб, иккимиз ҳам қоронғи тушганини сезмай қолибмиз.
— Бугун меникида қолақол, бироздан кейин қаҳва дамлайман, яна қайта кўриб чиқамиз, — деди Кумико меҳрибонлик билан.
— Хўп, — дедим бу таклиф мойдек ёқиб, чунки диплом ҳимоямга икки ҳафтагина қолган, бугун ишимизни охирига етказишдан умидвор эдим. Кумико доимгидек кучугини сайрга олиб чиқиш учун тайёрлана бошлади. Сайр ортга сурилганидан хижолат чекдим.
— Кел, бугун чиқмай қўяқоламиз, оёғим тортмаяпти, — дедим кўнглим бир нохушликни сезгандай.
— Йўқ, Киёши зерикиб кетди ахир, чиқмасак бўлмайди. — Кумико оёқ тираб олгач, ноилож унга эргашдим. Биз йўл бўйи гаплашиб бордик. Киёши тинмай олдинга интилаверар, юлқинар, Кумико эса уни маҳкам тутишга уринарди. Кучук арқонни ҳадеб торт¬қилайвергач, ғашим келди.
— Кел, мен олақолай, қўлинг оғриб кетди ахир, — дедим меҳрибонлигим тутиб. Аслида, ўшанда қандай мақсадни кўзлаб бундай деганимни эслолмайман. Ҳарқалай, ёмон ниятим йўқ эди, бироқ... Кумико аввалига иккиланди. Узатилган қўлим ҳавода муаллақ тураркан, хижолат чекди чоғи, иккиланибгина арқонни тутқазди. Арқоннинг учидаги тутқичда қизил тугмача бўлиб, босиб турилса, арқон узайиб кетмасди. Тугмачани бош бармоғим билан қаттиқ босиб олгандим. Сайр кўнгилдагидек ўтаётганди. Йўлдан ўтиш учун охирги чорраҳада тўхтадик, суҳбатимиз қизғин паллага кирди:
— Юртингга қайтганингдан сўнг тез турмуш қуриб кетсанг керак? — деди у кулиб. Чунки бизда қизлар эрта турмуш қуриши ҳақида у биларди.
— Ойим, совчилар келиб ётибди, дейди, яна ким билсин, — дедим ҳали тақдирим борасида бир нарса дейиш қийин деган маънода.
Шу тобда Киёшининг ҳадеб олдинга интилавериши жаҳлимни чиқарди. Қани, қаергача бораркансан, дедим ичимда ғазабим қайнаб. Сўнг тугмача устидан бармоғимни олдим, арқон бўшалиб кетди. Киёши олдинга чопди, машина ғилдирагининг “ғиииийқ” этган товушидан сесканиб тушдик. Ҳаммаси бир дақиқа ичида рўй берди. Нима бўлганини англолмай қолдик.
Мен бундай бўлишини кутмагандим. Киёши машина остида ётаркан, қўрқиб яқинлашдик. У ўлар ҳолатда эди. Киёши чорраҳада тўхташни, кутиб ўтиришни, машиналар юришдан тўхтагач, сўнгра юриш кераклигини биларди. Эгасининг ёнидан ҳадеб кетавермасди ёки Кумико арқоннинг ҳаддан ташқари узайиб кетишига йўл қўймасмиди. Киёши бугун нима учун ҳадеб олдинга ирғишлайвергани сабабини билолмадим. Ғалати хаёллар қуршовида қолдим. Кучукка раҳмим келяптими ёки ундан қутулганим учун суюняпманми, билолмасдим. Лекин қаттиқ хижолатда эдим.
Кумико тамомила эсанкираб қолганди. Машина эгасининг икки букилиб қайта-қайта узр сўрашига ҳам парво қилмади. Бош силкиб қўйди, холос.
— Балки чиқмаганимиз маъқулмиди, — деди Кумико кучугини уйга қўлларида кўтариб қайтаркан, менга қайғули боқиб. — Айтганингни қилсам, яхши бўлармиди, — деди у яна.
Нима дейишни, нима деб таскин беришни билмасдим. Ўзим билан ўзим овора эдим. Агар мен арқонни бўшатиб юбормаганимда эди, бу ҳодиса рўй бермасмиди. Мен айбдор эдимми ёки... буни сира тан олгим келмас, ўзи ҳадеб тортқилайвергач, нима қилишим керак эди, дердим виждоним олдида ўзимни оқларканман.
Уйи орқасидаги тоғ этагига кўмиб қайтгач, Кумико кучуги учун узоқ ибодат қилди. Ўзимни ноқулай сеза бошладим, кетиш учун отланаётгандим, деди:
— Ҳақиқий дўстлар бир-бирини қайғули кунларда ёлғиз қолдирмайди.
Ичимдан зил кетдим. Мен ўша куни Кумико билан қолдим. У тинмай саке ичаркан, Киёшини сотиб олган куни ва у билан боғлиқ бошқа хотираларни бирма-бир эслаб кўз ёши тўкарди. Мен эса ёнида ўтирардим, холос. Нима деб далда беришни ҳам билмасдим. Бутун тун ухламадик. Тонготар маҳали мени кузатгани чиққанида, Кумиконинг йиғлайвериб қизариб кетган кўзларида оғир бир қайғуни кўрдим.
3
Кумико диплом ҳимоям куни келмади. Ўзи таклиф қилмаганидан кейин уйига ҳам боролмасдим. Диплом топшириладиган куни яна кўзим олазарак боқиб, одамлар орасидан Кумикони қидирдим. Шундан сўнг юрак ютиб уйига йўл олдим. Эшик қўнғироғини узоқ босиб турдим. Сўнг у кўриниш берди, маст эди.
Ўша воқеадан сўнг у ўзгариб кетган, бир гапириб ўн куладиган, хушчақчақ Кумикодан асар ҳам қолмаганди. Сочлари ҳурпайган, қовоқлари шишиб, кўзлари янаям кичрайиб кетгандек туюлди. Юзида аввалгидек табассум кўринмасди. Мен дугонамни таний олмадим.
— Ичкарига таклиф қилардиму, афсуски... — деди у бошини хам қилиб.
Қия очиқ эшикдан ичкари шундоқ кўриниб турарди: оёқ остида шиша, тунука консерва идишлари, яна алламбалолар, газета ва эълонлар ёзилган қоғозлар, бари ёйилиб ётарди.
— Бирровга келгандим, кейинги ҳафта юртимга кетяпман, — дедим ютиниб. — Сенга раҳмат айтмоқчийдим.
— Мен раҳмат эшитадиган нима қилдимки... Аслида, сенга раҳмат, кўп яхши кунларим сен билан бирга ўтди.
— Нималар деяпсан... — Кумикога қараб юрагим эзилиб кетди. — Сени бу қадар ёмон аҳволда кўраман деб сира ўйламагандим... Ўзингни қўлга ол, ахир, у бир кучук-ку! Одамлар онасидан, отасидан жудо бўлиб ҳам сен каби ғамга ботмайди.
Бу гапларни айтиш оғир эди. У гапларимни индамайгина эшитди. Вақт ўтса, ҳаммаси жойига тушиб кетишига ич-ичимдан ишонсам-да, Кумиконинг бугунги ҳолати бунга умид қилиб бўлмаслигидан дарак бериб турарди. У ҳеч нарса демади. Ғирт маст эди, гапларимни тушундими-йўқми, билмайман. Совуққина хайрлашди.
Уни кейинги семестрга қолдиришди, деб эшитдим.
* * *
Аэропортда ҳам ортимга қараб-қараб қўярдим. Ундан дарак бўлмади. Ватанимга қайтгач, тез орада интернет орқали хат ёздим.
“Оҳаё.
Кумико, сени қаттиқ соғиняпман. Сенинг кўмагинг билан кўп нарсага эришдим. Барчаси учун раҳмат!
...Ўзингни қўлга олишинг керак, ҳаёт давом этади. Ҳамма нарсанинг давоси вақт...
Мен сени яхши кўраман.
дугонанг Шона”.
Орадан анча кунлар ўтиб кетди. Жавоб бўлавермагач, ўша хатни яна қайта юбордим. Сўнг ундан бир мактуб келди. Унда шундай ёзилганди:
“Оҳаё.
Шона, азизим, мен ҳам сени қаттиқ соғиняпман. Шу ердалигингда сен ҳақингда ўйласам бўлди, ёлғизлигим билинмасди. Сен кетгач, юрагим буткул ҳувиллаб қолди...
...Киёшини тушларимда кўряпман. У тушимга бошида гуллардан чамбарак таққан ҳолда киради. Итлар учун ҳам жаннат бўлса агар, унинг ўша ерларда юргани аниқ...
...Ёнингда яқинларинг бўлмагач, ҳаётга қизиқиш қолмас экан. Мен олға юришга ундайдиган йўлчи юлдузимни йўқотиб қўйгандекман. ..
Ўзингни эҳтиёт қил...
дугонанг Кумико”.
Шундан сўнг ундан бошқа мактуб олмадим. Кўп хатларим жавобсиз қолди. Унга нима бўлди экан, дея ўйлардим. Кумико беҳад тарбияли қиз эди. Мен сабаб севимли кучугидан айрилди, бироқ гина қилмади. Мени айблаши мумкин эди, бир оғиз ёмон сўз демади. Ҳатто хатимга жавоб ёзиб, илтифот кўрсатди. У чексиз сабрини намоён қилди.
Афсусда эдим. Билиб-билмай дугонам ҳаётини барбод қилиб қўйганимни энди тушунгандим. Мен айбдор эдим. Қалбимдан отилиб чиққан бир сўз тилимга кўчди: “Мени кечир, Кумико!”.
Рахшона АҲМЕДОВА