Ўқитувчи изланувчан, ташаббускор бўлиши керак
Шу йилнинг 24-25 март кунлари Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан пойтахтимизда ташкил этилган “Ижтимоий фанларни ўқитиш ва маънавий-маърифий ишларни такомиллаштиришда ўқув-тарбия жараёнининг сифат ва самарадорлиги: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги ижтимоий фанлар ўқитувчиларининг республика форуми тавсиялари
Мазкур форумда тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, иқтисодий билим асослари, миллий истиқлол ғояси туркумига кирувчи (одобнома, ватан туйғуси, миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари) фанлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 250 дан зиёд ўқитувчи, методист, ҳудудий халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари ҳамда олий таълим муассасалари олимлари иштирок этди. Анжуманда билдирилган таклифлар, фикр-мулоҳазалар жамланиб, улар асосида ижтимоий фанлар таълими, маънавий-маърифий ишлар сифати ҳамда мазмунини янада ошириш борасида қуйидаги тавсиялар ишлаб чиқилди.
1. Ижтимоий фанлар таълимининг сифат ва самарадорлигини ошириш, янги авлод дарслик- мажмуалари ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга жорий этиш йўналишида:
— ижтимоий фанлар бўйича яратилган янги авлод дарслик-мажмуа¬лари ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга жорий этиш;
— ҳар бир таълим муассасаси кесимида ижтимоий фанлар ўқитувчиларининг педагогик фаолияти сифати мониторингини олиб бориш, муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этишнинг изчил тизимини жорий қилиш;
— ижтимоий фанларнинг методик таъминотини яхшилаш, таълим муассасаларини миллий ғоя тар¬ғиботига доир замонавий адабиётлар, методик қўлланмалар ва тавсиялар билан бойитиш;
— тарих дарсларида ўқувчиларнинг оиласи тарихи бўйича қисса ёхуд эссе ёзиш, оғзаки айтиб бериш ва воқеаларни мамлакат тарихи билан боғлай олишга йўналтирилган услубларни қўллаш;
— мактаб кутубхоналари ва фан ўқитувчилари учун “Қизиқарли тарих” журналини чоп этиш;
— ҳар бир ўқув фанидан компетенциявий ёндашувга асосланган давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини илғор хорижий тажрибалар, ўқувчиларнинг ёш ва индивидуал-психологик хусусиятларини ҳисобга олиб, амалиётга жорий этиш;
— ўқув-методик мажмуалар (дарс¬лик, иш дафтари, методик қўлланма ва мультимедиали илова)нинг замонавий авлодини яратиш ва амалиётга татбиқ этиш;
— ўқитувчилар учун компетенция¬вий ёндашувга асосланган услубий қўлланма ва тавсияларни яратиш, шахсга йўналтирилган интерфаол таълим технологияларини амалиётга жорий этиш;
— таълим сифатини яхшилашда самарадорлиги юқори бўлган илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, инновацион технологияларни кенг қўллаш орқали ўқувчиларда муайян компетенцияларнинг шаклланганлик даражасини аниқловчи мезонларни ишлаб чиқиш;
— ижтимоий фанлар бўйича ўқув-методик мажмуалардаги дидактик машқлар, савол ва топшириқлар мазмунига ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтиришга доир элементларни сингдириш;
— дидактик материалларни илмий-оммабоп, тушунарли, содда усулда етказишга мўлжалланган электрон ўқув модулларини яратиш;
— ахборот-коммуникация воситалари ва замонавий педагогик технологиялар асосида тайёрланган дарс ишланмалари бўйича ижтимоий фанлар ўқитувчиларининг “Очиқ дарслар” танловини ташкил этиш;
— ўқитувчилар эҳтиёжи асосида “Маҳорат мактаблари” режалари ва ўқув дастурларига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда машғулотларни самарали ташкил этиш.
2. Ижтимоий фанларни ўқитишнинг инновацион технологияларини амалиётга самарали жорий этиш, фанларни ўқитиш тизимини замон талабларига мос педагог кадрлар билан таъминлаш ва уларнинг касбий маҳоратини ошириш йўналишида:
— таълим муассасаларини ижтимоий фанлардан замон талабларига мос педагог кадрлар билан таъминлаш ва уларнинг касбий маҳоратини ошириш:
— фанлар йўналишида электрон дарслик, ўқув фильмлар, электрон ахборот-таълим ресурсларидан, инновацион тажрибаларни анимация усулида бажариш имкониятларидан дарснинг янги мавзуни тушунтириш, мустаҳкамлаш босқичларида кенг фойдаланиш;
— ички ва ташқи мониторинг натижаларига кўра аниқланган бўшлиқларни тўлдиришда қўшимча машғулотлардан самарали фойдаланиш;
— педагогика олий таълим муассасаларида ижтимоий фанлар йўналишлари бўйича бакалавриат ва магистратура мутахассисликларининг малака ҳамда ўқув режа, дастурларини хорижий тажрибаларни ўрганиш ва таҳлил этиш асосида такомиллаштириш;
— бўлажак фан ўқитувчиларида касбий компетентлиликни ривожлантириш технологияларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;
— малака ошириш курсларида ўқитиладиган ихтисослик блоки модулларини оптималлаштириш, инновацион йўналишларда ўқув режаларига янги модулларни киритиб бориш;
— ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини оширишга доир мустақил фаолиятини таркиб топтириш;
— ўқитувчиларнинг малака ошириш курсидан кейинги фаолиятини ташхислаш, ўзлаштириш кўрсаткичларини аниқлаш ҳамда мониторингини олиб боришни ривожлантириш;
— ўқитувчиларнинг касбий фаолиятида педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан мустақил, фаол фойдаланишига эришиш;
— 8-синфлар учун “Давлат ва ҳуқуқ асослари”, 9-синфлар учун “Конституциявий ҳуқуқ асослари” дарсликларининг ўқитувчилар учун методик қўлланмаларини яратиш;
— машғулотларни илғор педагогик технологиялар, замонавий ўқув-услубий дастурлар асосида ташкил этиш, таълим-тарбия жараёнини жаҳон андозаларига мос равишда бошқариш;
— ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва таълимда табақалаштирилган ёндашувни жорий этиш;
— умумтаълим мактабларидаги “Ҳуқуқий саводхонлик бурчаги”ни доимий янгилаб бориш.
3. Мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ишини самарали ташкил этишдаги муаммо ва уларнинг ечимлари бўйича:
— таълим муассасасида соғлом ижтимоий-психологик, ижодий ва маънавий муҳит яратиш, ўқув-тарбия жараёнига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларга барҳам бериш;
— маънавий-маърифий ишлар бўйича алоҳида ютуқларга эришган таълим муассасалари ва педагог ходимлар тажрибасини оммалаштириш, маънавий ва моддий рағбатлантириш, ўзаро тажриба алмашинувини кучайтириш;
— ўқувчилар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавий-маърифий тадбирлар доирасида илмий, бадиий асарлардан фойдаланишнинг интерактив усулларини излаб топиш ва шу орқали уларда китобга муҳаббат уйғотиш;
— тарбияси оғир, ички ишлар идораларининг профилактика рўйхатига олинган ўқувчиларнинг қизиқиш ва иқтидоридан келиб чиқиб, тўгаракларга ва бошқа жамоат ишларига жалб этиш, уларнинг ижобий фазилатларини ривожлантириш;
— ўқувчи-ёшлар томонидан йўл қўйилган ҳар бир салбий (алдаш, таълим муассасасининг қонун-қоидасига риоя қилмаслик, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ва ҳоказо) ҳолатларнинг сабабларини тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиб, уларни келгусида қайтармаслик чораларини кўриш;
— тарбиявий машғулотлар ва тадбирлар давомида ўқувчиларда коммуникатив, ахборот билан ишлаш, шахс сифатида ўзини-ўзи ривожлантириш, ижтимоий фаол фуқаро бўлиш, умуммаданий ва фан-техника янгиликларидан хабардор бўлиш компетенцияларини шакллантириб бориш;
— тарбиявий машғулотларда таълимнинг илғор технологиялари асосида ўқувчиларнинг фаоллигига эришиш, икки томонлама ҳамкорликни таъминлаш, мустақиллик ва онглилик тамойили асосида таълим-тарбия жараёнини ташкил қилиш;
— ўқувчилар ўртасида маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлиги, самарасини аниқлаш ҳамда синф раҳбарларининг фаолиятига баҳо бериш мақсадида сўровномалар ўтказиш, натижаларини туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ҳамда таълим муассасалари кенгашларида муҳокама қилиш, ахборот хуружларидан муҳофаза қилишга доир услубий тавсияларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
— тарбиявий соатларга ички ишлар ходимлари, маҳалла фаолларини таклиф этиш, оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;
— ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун оила аъзолари билан театр ва кинога боришларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Ўйлаймизки, ижтимоий фанлар ўқитувчилари форумида тўпланган тажрибалар асосидаги ушбу тавсиялар ҳар бир фан ўқитувчиси учун муҳим қўлланма вазифасини бажаради.
Республика таълим маркази