Алишер Навоий ҳаёти ва ижод йўли
Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳақида кейинги йилларда матбуотда чоп этилаётган материалларда, асосан, унинг асарлари таҳлилига кўпроқ ўрин бериляпти. Бироқ бу улуғ зотнинг ҳаёти ва ижод йўлини ҳамма яхши билади, дегани эмас. Чунки авлодлар алмашиняпти. Шу боис ҳозирги кун кишилари, хусусан, ёшларга вақти-вақти билан улуғ бобомизнинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ маълумотларни етказиш зарурати ҳеч қачон йўқолмайди.
Ушбу мақола буюк аждодимиз ҳақида билимимизни янада тўлдириш, билганларимизни мустаҳкамлаш мақсадида эълон қилиняпти.
Болалик чоғлари
Алишер Навоий 1441 йил 9 февралда Хуросон давлатининг пойтахти — ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги Ҳирот шаҳрининг Боғи Давлатхона мавзесида туғилди.
Алишернинг отаси Ғиёсиддин Кичкина темурийлар салтанатининг содиқ мулозимларидан, онаси ҳам шу хонадон хизматидаги аёллардан бири эди. Навоийнинг ўзи бу ҳақда:
Отам бу остоннинг хокбези,
Онам ҳам бу саро бўстон канизи, –
деб ёзган эди. Ғиёсиддин Кичкина оиласи билан темурийлар хонадони ўртасида илгари замонлардан кўкалдошлик, яъни эмикдошлик бўлган.
Алишернинг онаси амирзода шайх Абу Саид Чангийнинг қизи бўлган. Айрим мутахассислар унинг исми ё Ҳалимабону, ё Салимабону бўлгани ҳақида тахминий маълумот келтирган (Ҳумоюн И. Буюклар бешигин тебратган буюк оналар – “Оила ва жамият”, 2016 йил 10 март).
Алишернинг тоғалари Мир Саид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибий ҳам шоир эди. Ғарибий мусиқа илмини пухта билар, яхши созанда ҳам эди. Тоғалари туркий ва форсийда шеърлар битган.
Алишер туғилган пайтда Хуросонда Амир Темурнинг ўғли, Мирзо Улуғбекнинг отаси Шоҳрух мирзо ҳукмронлик қилаётган эди.
Ғиёсиддин Кичкина хонадонида тез-тез маърифий суҳбатлар уюштирилар, шеърхонликлар бўларди. Ана шундай муҳитда ўсган Алишер уч-тўрт ёшларида шеър ёд ола бошлайди. У ёдлаган илк байт Амир Қосим Анворнинг:
Риндему ошиқему жаҳонсўзу жома чок,
Бо давлати ғами ту зи фикри жаҳон чи бок, –
деган мисралари эди. ўазалнинг матлаъси бўлмиш бу сатрлар “Риндмиз, яъни ҳур фикрлилармиз, ошиқлармиз, жаҳонга ўт қўйганмизу тўнимизни йиртганмиз, эй ёр, яъни эй Оллоҳ, сенинг ғаминг давлати билан фикримиз банд экан, жаҳонни ўйлаб нима қиламиз” деган мазмунни ифодалайди.
Алишер тўрт-беш ёшларида мактабга борди. Олти ёшга тўлганида (1447 йили) Хуросон подшоси Шоҳрух мирзо вафот этиб, Ҳиротда тож-тахт учун кураш авж олади. Шаҳар аҳли нотинчликлардан қочиб, ён-атрофдаги шаҳар ва қишлоқларга кўчади. ўиёсиддин Кичкина оиласи Ироқнинг Тафт шаҳрига келиб яшай бошлайди. Бу шаҳарда Алишер машҳур тарихчи, “Зафарнома” асари муаллифи Шарафиддин Али Яздий билан учрашди. Тасодифий учрашув чоғида буюк олим ёш Алишернинг зийраклигига, ақлу фаросатига қойил қолди. Бу суҳбат юз берганда бўлғуси шоир Қуръонни “Таборак” (“Мулк” сурасининг иккинчи номи) сурасигача ўқиган эди. Қуръони карим ўттиз жуз, яъни порадан иборат. “Таборак” сураси билан эса йигирма тўққизинчи жуз бошланади. Демак, Алишер олти ёшида Қуръоннинг йигирма саккиз порасини ўқиб туширган.
1452 йилга келиб Хуросонда бир қадар тинчлик ўрнатилди. Адолатпарвар Абулқосим Бобур Ҳирот тахтига ўтирди. Навоий оиласи яна Ҳиротга қайтиб келди. Ғиёсиддин Кичкина шоҳ хизматига кирди. Кўп ўтмай, Абулқосим Бобур уни Сабзавор шаҳрига ҳоким қилиб юборди. Бироқ ҳаёт ёш Алишернинг олдига бошқа бир оғир мусибатни тайёрлаб қўйган эди. 1453 йили Ғиёсиддин Кичкина вафот этди. Отадан эрта етим қолган ўн икки яшар Алишер Абулқосим Бобур хизматига кирди.
Алишер отаси вафотига қадар мактабда қунт билан ўқир, мадрасада Қуръон ва ҳадисдан ташқари, Шайх Муслиҳиддин Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон” китоблари ҳам ўқитиларди. Алишернинг ишқи сўфий шоир Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достонига тушди. У достонни шу қадар берилиб ўқидики, боладаги бундай хилватнишинлигу одамовиликдан ташвишга тушган ота-онаси “Мантиқ ут-тайр”ни яшириб қўйди. Аммо бу фойдасиз тадбир эди. Чунки ёш Алишер бу достонни ёдлаб улгурганди.
Темурийзодалардан бўлган Ҳусайн Бойқаро ҳам Алишер билан бирга Абулқосим Бобур саройида хизмат қилар эди. 1456 йилга келиб Абулқосим Бобур пойтахтни Ҳиротдан Машҳадга кўчирди. Алишер билан Ҳусайн ҳам у билан бирга Машҳадга борди.
Кўп ўтмай, 1457 йили Абулқосим Бобур вафот этди. Ҳусайн Бойқаро Марвга жўнаб, тахт учун кураша бошлади. Алишер эса Машҳадда қолиб, таҳсилини давом эттирди.
Бу пайтга келиб Алишер туркий ва форсийда ажойиб шеърлар битиб, эл орасида танила бошлаганди. Хусусан, ҳали Машҳадга келмасидан аввал ўз даврининг малик ул-каломи, яъни сўз устаси бўлган Мавлоно Лутфийнинг ёш Алишер ижодига берган баҳоси шоирнинг обрўсини кўтариб юборган эди. Навоийга замондош тарихчи Ғиёсиддин Хондамирнинг ҳикоя қилишича, бир куни Алишер Лутфийга янги ёзган ғазалларидан ўқиб беради.
Оразин ёпқач кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Ўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш, –
матлаъси билан бошланадиган ғазали Мавлоно Лутфийга шу қадар маъқул тушдики, у беихтиёр “Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим”, деб юборди.
Ёшлик йиллари
Абулқосим Бобур вафотидан кейин Навоий учун ҳаётнинг мураккаб, бироқ мустақил курашлар даври бошланди. У Машҳадда илм таҳсили билан машғул бўлиб, кўп дўстлар орттирди. Шеърлари, билимдонлиги билан эл аро танилди. Машҳаддаги машҳур кишилардан Шайх Камол Турбатий билан танишувига ҳам ёш Алишернинг шеъри, илмда зукколиги сабаб бўлди. Навоий хуросонлик бу улуғ зот билан танишиш орзусида юрар, Камол Турбатий ҳам ёш шоир ҳақида эшитган, лекин бу икки соҳиби қалам юзлашмаганди.
Навоий Машҳадда саккиз йил яшади. Мусофирликнинг бу йиллари Алишер учун чинакам таҳсилу мутолаалар даври бўлди.
1464 йили шоир яна она шаҳри Ҳиротга қайтди. Бу шаҳар ҳамон темурийлар салтанатининг йирик маданий марказларидан бири бўлиб, олиму фозиллар кўп эди. Навоий она шаҳрида ижод қилиб, обрў қозонишга умид боғлади. Бироқ 1459 йили ҳокимиятни эгаллаган Абусаид мирзо ўз пойтахтини Самарқанддан Ҳиротга кўчирган, у билан бирга келган аъёнлари Ҳирот аҳлини талаш билан машғул эди.
Абусаид кўп қотилликлар қилди. Хусусан, 1461 йили Алишернинг тоғаси Мир Саид Кобулийни туттириб, қатл эттирди. Кейинроқ яна бир тоғаси Муҳаммад Али ўарибий ҳам Абусаид жосуслари тарафидан ўлдирилди. Уларнинг ўлимига сабаб ака-уканинг тахт учун курашаётган Ҳусайн Бойқаронинг суянган кишиларидан, маслаҳатчиларидан бўлгани эди.
Навоий Ҳиротда илму маърифат аҳли билан тиғиз алоқалар ўрнатди. Устози ва пири Абдураҳмон Жомий билан ҳам шу йилларда танишди. Бироқ подшоҳнинг рўйхушлик бермагани охир-оқибат Алишерни тағин Хуросонни тарк этишга мажбур қилди.
1466 йили Навоий Самарқандга келди. Бунга асосий сабаб шоир ва шоҳ ўртасидаги нохуш муносабатлар эканини Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”да келтирган “Билмон, не жарима била Султон Абусаид мирзо Ҳиридин ихрож қилди” қайди ҳам тасдиқлайди. Лекин бу расмий сургун эмас эди.
Самарқанд ўша даврда ҳам Шарқнинг йирик илму маърифат марказларидан эди. Алишер бу ерда муттасил таҳсил билан машғул бўлди. Замонасининг машҳур олими, йирик фиқҳшунос Фазлуллоҳ Абуллайс қўлида ўқиди.
Бу даврда Самарқандда муаммошунослик илми устози Мавлоно Улоий Шоший, Мирзо Улуғбек мадрасасининг мударриси Хожа Хурд, Мирзо Улуғбек билан бирга таълим олган Мавлоно Муҳаммад Олим, машҳур хаттот Мавлоно Сойилий, мусиқа устози Дарвеш Аҳмад Самар¬қандий, шунингдек, Мирзобек, Юсуфшоҳ Сафоий каби шоирлар ижод қилар эди. Навоий ана шундай юксак илмий-адабий жараёнга қўшилди. Шу кезлардаёқ ўзида кучли адабий иқтидор сездики, шоир бу ҳақида Саййид Ҳасан Ардашерга ёзган шеърий мактубида:
Фалак кўрмади мен киби нодире,
Низомий киби назм аро қодире
(Мен каби нодир истеъдодни ҳали дунё кўрган эмас, мен шеър битиш бобида Низомий Ганжавий даражасидаман) – дейди. Яна, шу маснавийсида, ҳатто Фирдавсий “Шоҳнома”дек буюк асарни ўттиз йилда битган бўлса, мен шундай улуғ асарни ўттиз ойдаёқ ёза оламан, дея ифтихор қилади.
Бу сўзларни Навоий буюк “Хамса”сини ёзишидан қарийб йигирма йиллар аввал айтган эди. Икки йилда, фақат ишлаган вақти ҳисобга олинганда, олти ойда “Хамса”ни тугаллаб, сўзларини амалда исботлади.
Ўша даврларда ҳақиқий шоир бўлиш учун илгари яшаб ўтган қаламкашлардан 20 минг, замондошлар ижодидан 10 минг байтни ёддан билиш талаб қилинган. Навоий йигитлик айёмида 50 минг байтдан ортиқ шеърни ёд олганини “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида шундай ёзади: “Йигитлигим замони ва шабоб айёми авонида кўпроқ шеърда сеҳрсоз ва назмда фусун пардоз шуаронинг ширин ашъори ва рангин адабиётидин эллик мингдан ортуқ ёд тутубмен ва алар завқ ва хушҳоллигидин ўзумни овутубмен”.
Шундай соҳиби иқтидорнинг Самарқанд аҳли орасида танилмаслиги мумкин эмас эди. Шаҳар ҳукмдорларидан асли хуросонлик Аҳмад Ҳожибек ҳам Алишербекдан хабар топиб, уни ўз ҳомийлигига олди. Моддий ва маънавий қўллаб-қувватлади.
Навоий Самарқандда таълим олган пайтларда нақшбандия тариқатининг Баҳоуддин Нақшбанд¬дан кейинги энг йирик пешвоси Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валийнинг мавқеи бу ерда ниҳоятда баланд эди. Тарихий маълумотларга кўра, Навоий Самарқандга келган вақтда (1466 йили) Абдураҳмон Жомий Хожа Аҳрор билан учрашиш учун атайлаб Ҳиротдан Самарқандга келиб кетади.
Алишер ана шундай маънавий-маърифий марказда 1469 йилнинг бошларигача яшади. Бу даврда у Мовароуннаҳр ҳаётини яқиндан ўрганди, она халқининг асосий қисми истиқомат қиладиган юртга чексиз меҳр қўйди. У бу меҳрни кейинчалик “Хамса”нинг охирги достони – “Садди Искандарий”да Искандарнинг Мовароуннаҳр, жумладан, Самарқандни забт этишини тасвирлаш баҳонасида ўта самимий баён этди.
Қизғин сиёсий, маданий-маърифий фаолияти
Ҳирот ҳукмдори Абусаид 1469 йил бошларида ўарбий Эрон учун олиб борилаётган жангларнинг бирида ўлдирилди. Темурийзодалар ўртасида яна тахт учун қизғин кураш авж олди. Бу курашда неча йиллардан буён тахт орзусида юрган Султон Ҳусайн мирзонинг қўли баланд келди. 1469 йил аввалида Ҳирот тахтини эгаллади.
Ҳусайн Бойқаро билан Алишер Навоий мактабда бирга ўқиган, Абулқосим Бобур саройида бирга хизмат қилган қадрдон дўстлар эди. Улар: “Қачонки бахт бизга кулиб боқса, дўстлигимизга содиқ қолиб, ўзаро ҳамкор бўламиз”, дея аҳду паймон қилган эдилар. Ана шу ваъдага мувофиқ, Ҳусайн Бойқаро Самарқандга – дўсти Алишер Навоийга махсус мактуб йўллаб, уни Ҳиротга – сарой хизматига даъват этди. Навоий тезлик билан Ҳиротга етиб келди. 1469 йилнинг апрелига тўғри келган Рамазон ҳайити муносабати билан дўсти Ҳусайнни муборакбод этар экан, Навоий унга тахтни эгаллаши билан қутлаб битган “Ҳилолия” қасидасини ҳам тақдим этди.
Султон Ҳусайн Навоийни муҳрдорлик лавозимига тайинлади. Муҳрдорлик муҳим лавозим бўлиб, давлатнинг барча ҳужжатлари у орқали расмийлаштириларди. То Навоий имзо қўйиб, муҳр босмагунича бирорта ҳужжат қонуний кучга кирмас эди. Шоир шу вазифада туриб Хуросон давлатини мустаҳкамлаш, мамлакатни адолатли бошқариш, эл-юрт манфаатлари йўлида хайрли ишларни амалга ошириш, илм-фан, касбу кор ва ҳунарларни ривожлантиришда подшоҳга яқиндан ёрдам берди. Бироқ шоир ижод ўтида ёнарди. Давлат хизмати унинг эркин қалам тебратишига вақт қолдирмас эди. Шунинг учун кўп ўтмай, Навоий муҳрдорлик вазифасидан истеъфо берди. Ўрнига туркий ва форсий тилларда ижод қилган зуллисонайн шоир Амир Шайхим Суҳайлий тайинланди.
Ҳусайн Бойқаро Навоийнинг иштирокисиз давлат ишларини кўнгилдагидек олиб бориши мушкул эди. Давлат бундай донишманд, оқил, одил шахсга, халқ орасида улкан обрў-эътиборга эга зотга муҳтож эди. Шунинг учун 1472 йили Султон Ҳусайн мирзо, Навоийнинг норозилигига ҳам қарамай, уни амир, яъни вазир қилиб тайинлади ва унга амири кабир унвонини берди. Бу унвон шоир умрининг охиригача сақланиб қолди. Амир Музаффар Барлосгина Навоийдан юқори муҳр босиш ҳуқуқига эга эди, холос.
Шу тариқа Навоий эл хизматига маҳкам бел боғлади. Кейинчалик унинг ўзи “Ҳайрат ул-аброр”да:
Ким бор эди бошима кўп меҳнатим,
Йўқ эди бош қошиғали фурсатим, –
дея шу даврлардаги қизғин ижтимоий-сиёсий фаолиятини эслаган эди.
Навоий шахсий даромадлари ҳисобидан кўплаб иморатлар қурдирди. Улар орасида мадрасалар, хонақоҳлар, масжидлар, табибхоналар, мақбаралар, кўприклар, тўғонлар, ҳаммомлар бор. Ҳиротдаги “Низомия”, “Ихлосия” мадрасалари, “Халосия” хонақоҳи, “Шифоия” табибхонаси, Марв, яъни ҳозирги Туркманистоннинг Мари шаҳридаги “Хусравия” мадрасаси Навоий қурдирган энг машҳур меъморий ёдгорликлар ҳисобланади.
Шоир куч-қувватга тўлган айни ўттиз беш ёшида, яъни 1476 йили вазирлик лавозимидан ҳам истеъфо берди. Бироқ у мансабдан воз кечган бўлса ҳам, Султон Ҳусайн Бойқаро саройининг энг нуфузли кишиларидан бири бўлиб қолаверди.
Илм, адабиёт, санъат ва ҳунар аҳли Навоийни ўзларининг чинакам ҳомийи деб билар эди. Кўплари ёзган асарларини ана шу улуғ амирга бағишлар эди. ўиёсиддин Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” асарида шундай китоблардан қирққа яқинини санаб ўтади. Масалан, ҳазрат Абдураҳмон Жомий авлиёлар ҳақидаги тазкираси “Нафаҳот ул-унс ва мин ҳазорат ул-қудс”ни 1475-1476 йили шогирди Навоийнинг илтимоси билан яратган. Ўз даврининг йирик адабиёт назариётчиси Атоуллоҳ Ҳусайнийнинг 1493 йили битилган аруз ва бадиий санъатлар ҳақидаги “Бадойиъ ус-санойиъ” асари ҳам Навоийнинг жиддий талаби ва рағбати билан қоғозга туширилган.
Тахминан 1472–1476 йиллар орасида Навоий ўзининг биринчи девони “Бадойиъ ул-бидоя”ни тузган эди.
“Хамса”нинг яратилиши
Озарбойжонлик шоир Низомий Ганжавий (1141 – 1209) беш достон яратиб, хамсачилик анъанасини бошлаб берди. Навоийгача бўлган даврда ҳиндистонлик ўзбек шоири Хусрав Деҳлавий ҳам “Хамса” яратиб, шуҳрат қозонди. Ашраф ҳам “Хамса” яратган эди, бироқ унинг бу борадаги уриниши Хусрав Деҳлавий даражасига кўтарила олмади. Навоий “Хамса” ёзиш режасини пишитиб юрган йиллари Абдураҳмон Жомий ҳам Низомий “Хамса”сига жавоб ёзишга жадал киришган, “Ҳафт авранг”нинг саҳифалари пешма-пеш қоғозга тушаётган эди.
Навоий “Хамса”ни мисли кўрилмаган бир қисқа муддатда ёзиб тугаллади. 1483 йили бошлаган ишини 1485 йили ниҳоясига етказди.
“Хамса” фақат Навоий ижоди ёки биргина ўзбек адабиётининг чўққиси эмас. У Шарқ адабиёти, шунингдек, жаҳон сўз санъатининг ҳам энг буюк бадиий обидаларидан бири ҳисобланади. “Хамса” яратилиши билан ўзбек адабиёти жаҳоннинг юксак поғоналарга кўтарилган адабиётларидан бирига айланди.
“Хамса”ни тугаллаб, Навоий уни Ҳусайн Бойқарога тақдим этганида шоҳ шоирни отга миндириб, бир неча қадам ўзи пиёда отни етаклади. Бу нодир воқеа темурий ҳукмдорнинг миллий адабиёт қадрини нақадар юксак баҳолай олганидан далолат беради.
Навоий “Хамса”нинг сўнгги достони – “Садди Искандарий”нинг якунловчи бобида Низомий ўз “Панж ганж”ини ўн беш йилда ёзиб, уни яна ўн беш йил ислоҳ қилгани, яъни қайта ишлаганини, шу тариқа ўттиз йил барча ишларни йиғиштириб, одамлардан ўзини четга олиб меҳнат қилганини ёзади. Ҳиндистонлик Хусрав Деҳлавий ҳам “Хамса”сини ёзиш учун ўттиз йил бўлмаса ҳам, унинг ярмича, ҳеч бўлмаганда, учдан бирича, яъни камида ўн йил заҳмат чекканини айтади. “Улар бу бешликларини ёзаётганда тамоми ташвишлардан холи тарзда ижод қилди, — дейди Навоий. — Лекин мен бир лаҳза бўлсин халқ ғаму ташвишидан ажралмаган ҳолда қалам тебратдим. Шунда ҳам икки йилда “Хамса”ни тугатдим. Агар фақат ёзилган пайтларининг ўзигина ҳисобга олинса, олти ойдан ошмайди. Бунинг устига, мен “Хамса”мни форсийда эмас, туркийда битдим!”
Навоий Астрободда
Буюкларга ҳеч қачон осон бўлмаган. Навоийнинг халқ орасидаги обрў-эътибори ҳам, шоҳ олдидаги мавқеи ҳам айрим кимсаларни хурсанд қилмас эди. Шоирнинг ашаддий душманларидан бири Маждиддин Муҳаммад бўлиб, Ҳусайн Бойқаро тахтни эгаллаганидан кейин уни парвоначи лавозимига тайинлади. Мудом адолатга зид ишларни амалга оширганини, халқ¬дан зўрлик билан тўпланган маблағни айш-ишратларга сарфлаганини улуғ мутафаккир Ҳусайн Бойқарога тушунтириб, Маждиддинни лавозимидан четлаттирган эди. Бу улар ўртасидаги келишмовчиликни янада кучайтирди.
Ҳусайн Бойқаро хазинасида молиявий танглик юзага келган маҳалда Маждиддин яна йўлини қилиб, шоҳнинг пинжига кириб олди. У Султон Ҳусайнга: “Ҳуқуқ беринг, мен оз фурсатда халқдан йиғиб келай ўша маблағни”, деди. Шундай қилди ҳам. Шу баҳона у шоҳнинг ишончини қозониб, яна вазирлик лавозимини эгаллаш ҳаракатига тушди. Бу мақсадига етиши учун эса, қандай қилиб бўлмасин, Навоийни Ҳиротдан узоқлаштириши зарур эди. Бунинг ҳам йўли топилди. Султон Ҳусайн мирзо Навоийни Хуросон давлатининг ғарбий чегараларида жойлашган узоқ Астрободга ҳоким қилиб тайинлади.
1487 йилнинг аввали эди. Навоий қирқ олтига тўлиб, қирқ еттига чиққан. Хондамирнинг ёзишича, бу пайтда шоирнинг кўнгли “тариқат (яъни тасаввуф) сулукига муҳаббати ортиқлигидан” шоҳнинг Астрободга ҳоким бўлиш ҳақидаги таклифига дастлаб розилик бермади. Лекин хоқон ундан ўтиниб сўраганидан кейин ноилож кўнди. Ўзига маъқул мулозимларини олиб, Астрободга кетди. Бу ер бағоят кўкаламзор, жуда обод, ипакчилик кучли ривожланган, савдо-сотиқ учун қулай бир ўлка эди. Стратегик жиҳатдан Астрободнинг хавфсизлиги мамлакат осойишталиги учун муҳим эди.
Халқ шоирни иззат-икром билан кутиб олди. Вилоятда адолатсизликларга барҳам беришга киришилди, зулмкор амалдорлар ишдан четлатилди, ободончилик ишлари йўлга қўйилди. Навоий бу ерда ўз асарларидаги юксак ғояларига содиқ қолиб, бошқа ҳукмдорларга ўрнак бўларли даражада оқилона иш юритди.
Аммо пойтахтдан – она шаҳридан узоқда яшаш, бунинг устига, ҳокимликдек масъулиятли вазифани уддалаш шоирнинг ижодий режаларига мос келмас эди. Шунинг учун Навоий 1488 йили ўз ўрнига Амир Бурҳониддинни қолдириб, ҳокимликни топшириш нияти билан Ҳиротга келди. Бироқ Султон Ҳусайн унинг бу илтимосини рад этиб, яна ўзини қайтариб юборди.
Орадан бир неча ой ўтиб, шоир жияни Ҳайдар Сабуҳийни Ҳиротга жўнатди. Зиёфатлардан бирида у Султон Ҳусайнга Астрободда шоҳнинг яқин кишилари ошпазга Навоийга заҳар ичириш ҳақида буйруқ берганини, бундан хабар топган шоир қаттиқ ранжигани, ҳатто исён кўтариш ниятида эканини шипшитди. Шоҳ зудлик билан дўстига мактуб ёзиб, бу борада ундан гумон қилмасликни, бу суиқасд¬дан хабари йуқлигини билдирди. Навоий эса ўз навбатида жияни Ҳайдар Сабуҳийнинг гапларидан мутлақо хабарсиз эканини маълум қилди.
Шу воқеадан кейин Султон Ҳусайн Навоийнинг Ҳиротга қайтишига кўнди. Шоир ҳукмдордан бундан буён давлат ишларидан батамом фориғ этишини илтимос қилди. Бироқ расмий амал бермаган бўлса ҳам, шоҳ уни “муқарраби ҳазрати султоний”, яъни “ҳазрати султоннинг энг яқини” деган унвон билан сийлади. Бу саройда Навоийга алоҳида ҳурмат билан муносабатда бўлишни таъминлар, шоирнинг душманларини янада ғазаблантирар эди. Чунки бу унвоннинг имтиёзи шу даражада эдики, унинг соҳиби бир масала юзасидан шоҳга етти маротабагача қайта-қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эди.
Ҳаётининг сўнгги йиллари
Навоий ҳаётининг сўнгги 15 йили ниҳоятда қизғин ижод даври бўлди. Меросининг каттагина қисмини айнан шу — 45 ёшдан кейин яратди. Биринчидан, шоир давлат ва жамият ишларидан бир қадар фориғ бўлди. Иккинчидан, унинг асарлари яратилиши кетма-кетлигига назар ташлайдиган бўлсак, муаллиф шошилиб, улгуриб қолишга интилиб ишлагани маълум бўлади. “Хамса”дан кейин шоир “Зубдат ут-таворих” асарини ёзди.
1488-1489 йиллари Навоийнинг устози Саййид Ҳасан Ардашер вафот этди. Бу пайтда ҳам шоир Ҳиротдан йироқда эди. Орадан икки йил ўтганидан кейин, яъни 1490 йили у “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” асарини битиб, бу ажойиб инсоннинг фазилатларини бағоят меҳр билан баён этди.
Шу йили “Рисолайи муфрадот дар фанни муаммо” (“Муаммо соҳасининг айрим жиҳатлари ҳақида рисола”) ёзилди. Мумтоз шеъриятимизнинг муҳим жанрларидан бири бўлмиш муаммо тўғрисидаги бу қўлланмадан кейинги асрларда кўп фойдаланилди.
Навоий умри бўйи ўзидан олдинги даврлар ва замонаси шоирлари ижодини изчил ўрганди. Ўз даври китобхонлари ва келажак авлод учун у ўзи билган шоирлар ҳақида бир тазкира тартиб беришни орзу қилар эди. 1491 йили ана шу орзуси амалга ошди. “Мажолис ун-нафоис” (“Нафис мажлислар”) тазкираси битилди. “Мажолис ун-нафоис”дан кейин, яъни 1492 йили Навоий адабиёт назариясига оид яна бир асари – “Мезон ул-авзон” (“Вазнлар ўлчови”) рисоласини яратди. Унда туркий аруз қонун-қоидалари ифодаланади.
1492 йили Навоийнинг бошига яна бир оғир мусибат тушди. Пири ва устози Абдураҳмон Жомий вафот этди. Навоий пири ва устози учун соҳиби аза бўлди. Жомийнинг йил ошида замонасининг машҳур воизи Ҳусайн Воиз Кошифий Навоийнинг пири ва устозига бағишлаб битган машҳур марсиясини Султон Ҳусайн ҳузурида қироат билан ўқиб турди. Устози вафотидан икки йил ўтиб, яъни 1494 йили Навоий пири ҳақида “Хамсат ул-мутаҳаййирин” (“Ҳайратланарли бешлик”) асарини битди.
1493 йили шоир яна бир суянган тоғи, мураббийи, дўсти, замонасининг улуғ фозилларидан Паҳлавон Муҳаммаддан айрилди. “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асари ана шу улуғ зот хотирасини абадийлаштириш мақсадида қоғозга туширилди.
Шоир ўзи битган ҳар бир сатрнинг қадрига етадиган ижодкор эди. Ўша даврда расм бўлганидек, Навоий ҳам ўзининг Ҳусайн Бойқарога, шаҳзодаларга, устозлари, биродарлари, қадрдонларига йўллаган мактубларини жамлаб, “Муншаот” (“Мактублар”) тўпламини тузди.
1495-1496 йиллари Навоий Жомийнинг “Нафоҳат ул-унс ва мин ҳазарот ул-қудс” тазкирасини туркийга таржима қилди. Таржимага айрим қисқартириш ва тўлдиришлар киритилди. Шоир бу асарга “Насойим ул-муҳаббат ва мин шамойим ул-футувват” (“Улуғлик хушбўйликларини таратувчи муҳаббат шаббодалари”) деб ном берди. Сўфийлар ҳақидаги бу тазкира ХV аср иккинчи ярмигача ўтган кўплаб шайх ва авлиёлар ҳақида маълумот берувчи бой манба ҳисобланади.
Кишининг болалигида кечган фикр-ўйлари, тасаввур ва орзу-интилишлари, замонлар ўтиб, қайтадан авжланиши, инсон яна ўша кўп йиллар илгариги ниятларини амалга ошириш тараддудига тушиб қолиши мумкин. Навоийнинг умри сўнгида – 58-59 ёшларида, яъни 1498-1499 йиллари “Лисон ут-тайр” (“Қуш тили”) достонини битиши ҳам худди шундай туйғулар оқимининг самараси эди. Чунки Алишер Навоий болалигида улуғ шоир Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” дос¬тонини тўлиқ ёд олган эди. Умр адоғида эса унинг таъсиридаги “Лисон ут-тайр” дунёга келди.
Навоий ўзбек лирикасини тамоман янги поғонага олиб чиқди. У форсийда битилган шеър¬ларини “Девони Фоний”га, туркийда ёзилган шеърларини эса “Хазойин ул-маоний” (“Маънолар хазинаси”) деган тўрт мустақил девондан иборат мажмуага жамлади. “Хазойин ул-маоний”га тартиб бериш 1491-1492 йиллари бошланган эди. Бу кенг кўламли жиддий иш 1498-1499 йилларгача давом этди.
Улуғ зотнинг мухлислари унинг асарларини бир китобга жамлаб, “Куллиёт” ҳам тузишди. Навоий ана шу “Куллиёт” учун кириш тарзида “Муножотнома” насрий асарини ёзди.
Навоий буюк асарлари билан туркий тил ҳам жаҳондаги буюк адабиёт яратишга лойиқ бир лисон эканини исботлади. Бу фикрнинг назарий исботи сифатида 1499 йили “Муҳокамат ул-луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”) рисоласи дунёга келди.
1499-1500 йиллари “Сирож ул-муслимин” (“Мусулмонлар чироғи”) асари битилди.
Навоий умрининг сўнгида ахлоқий-панднома руҳидаги “Маҳбуб ул-қулуб” (“Кўнгилларнинг севгани”) асарини ёзди. 1500 йили битилган бу китоб Навоийнинг энг йирик асари ҳисобланади. Унда мутафаккирнинг узоқ йиллик ҳаётий хулосалари ўта таъсирчан баён этилган.
1500 йилнинг ёзида Астрободда Ҳусайн Бойқаронинг Хадичабегимдан туғилган ўғли – Муҳаммад Ҳусайн отасига қарши бош кўтаради. Шоҳ ўғлига қарши қўшин тортади. Йилнинг декабрига бориб ота-ўғил ўртасида сулҳ тузилади. Султон Ҳусайн мирзонинг Ҳиротга қайтаётгани ҳақида хабар келади. Замона удумига кўра, 1501 йилнинг 1 январь куни Навоий ҳам бир гуруҳ давлат арбоблари ва пойтахтнинг кўзга кўринган кишилари сафида шоҳни кутиб олгани чиқади. Подшоҳ пешвоз чиққанларга яқинлашган маҳалда шоирнинг аҳволи оғирлашди. Унинг бошини Султон Ҳусайннинг қучоғига қўйишди. Навоий шу тариқа ҳушини йўқотди. Табибларнинг бир қисми унда сакта касали хуруж қилганини, тезроқ қон олиш кераклигини айтди. Бошқалар уни Ҳиротга олиб бориб, табиблар маслаҳатидан сўнггина ундан қон олиш лозим деган фикрга келди. Шоирни шаҳарга қайтардилар, томирларидан қон чиқмади. Табиблар кеч қолган эди.
Шу тариқа Навоий 1501 йил 3 январь куни Ҳиротда вафот этди.
Навоий яратган ўлмас асарлар туганмас маънавий мулк сифатида абадий қолди. Ўзбек хал¬қи бу бой мерос билан ҳақли равишда дунёдаги буюк адабиёт яратган миллатлар қаторидан жой олди. Туркий оламда ундан олдин ҳам, кейин ҳам бундай буюк соҳиби қалам чиққани йўқ.
Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари номзоди,
халқ таълими аълочиси