Педагоглар маоши янада кўпаяди
Бугун давр билан ҳамнафас равишда ҳар бир соҳа шиддат билан янгиланиб, ривожланмоқда. Ҳукуматимизниниг оқилона сиёсати туфайли давлат идоралари халқимиз ва фуқароларнинг манфаатлари учун хизмат қилмоқда. 2019 йилда Ўзбекистон солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даврига айланади. Сабаби, Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармонига асосан, 2019 йил 1 январдан бошлаб солиқ сиёсатида мутлақо янги тизим жорий этилади.
Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиблари давлат бюджети ва маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишга, солиқ қонунчилигини соддалаштириш, тўловчилар ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.
2019 йил 1 январдан жисмоний шахслар даромадини солиққа тортишни такомиллаштириш мақсадида барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида жорий этилади.
— Илгари аҳоли даромадлари тўрт поғонали шкала билан солиққа тортилар эди. Бу тадбир “конверт” асосида иш ҳақи тўлашдан воз кечиш орқали, тадбиркорлик субъектларининг ходимлар сони ва иш ҳақи фондининг қонунийлаштирилишини рағбатлантирса, иккинчи томондан иқтисодиётда жамғариш улушини кўпайтиради, — дейди Давлат солиқ қўмитасининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими катта инспектори Акмал Назаров. — Меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси томонидан солиқ юкини камайтириш борасидаги чора-тадбирлардан яна бири, бу – ягона ижтимоий тўлов ставкаларининг 25 фоиздан 12 фоизгача камайтирилишидир (Бу имтиёз бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар учун татбиқ қилинмайди). Натижада солиқ тўловчилар ихтиёрида қоладиган маблағлар 2,9 триллион сўмни ташкил қилади.
Фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан яна бири бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ажратиладиган суғурта бадаллари (ставкаси 8 фоиз) бекор қилинмоқда.
Мисол учун, мактабгача таълим муассасаси тарбиячисига 1 миллион 908 минг сўм иш ҳақи ҳисобланса, солиқлар ва тўловлар ушлаб қолинганидан сўнг у 1 миллион 520 минг сўм қўлига олган. Кейинги йилдан эса 1 миллион 680 минг сўм реал ойлик маоши тарбиячи қўлига тегади.
Ёки бу ўзгаришни олий тоифали бошланғич синф ўқитувчиси маоши мисолида кўрадиган бўлсак, ўқитувчи 1 миллион 908,8 минг сўм маош олса, ундан шу пайтгача 235,7 минг сўм даромад солиғи ушлаб қолинмоқда. 2019 йил 1 январдан бошлаб педагогдан 235,7 минг сўм эмас, 229,1 минг сўм даромад солиғи ушлаб қолинади ва айни пайтда, 152,7 минг сўм суғурта бадали 100 фоиз бекор қилинади. Натижада давлатга тўланадиган солиқ ставкасининг пасайтирилгани ҳисобига ўқитувчи 159,3 минг сўм пулини ўз чўнтагида сақлаб қолади.
Солиқ имтиёзи туфайли ойлик маошлар миқдори ортиши олий таълим муассасаларида ҳам сезилади. Давлат солиқ қўмитаси томонидан тақдим этилган қуйидаги диаграмма орқали бу ҳақда янада батафсил маълумотга эга бўлишингиз мумкин.
Зебо НАМОЗОВА