Болаларни мактабларга қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш хизмати жорий этиладиган давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг рўйхати тасдиқланиши мумкин.
Белгиланишича, 2019 йил 1 мартдан бошлаб, болаларни тасдиқланган рўйхат асосида умумтаълим муассасаларига жойлаштириш бўйича давлат хизматларини олиш учун жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали мурожаат қиладилар;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан келишилган ҳолда давлат хизматлари амалга ошириладиган мактаблар рўйхатига белгиланган тартибда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 2019 йил 1 февралга қадар:
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда блокчейн технологиясидан фойдаланган ҳолда “халқ таълими” комплекс ахборот тизимини жорий этиш, расмий веб-сайтни такомиллаштириш, Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали болаларни қабул қилиш жорий этилган умумтаълим муассасалари ҳақида маълумотлар, уларга бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) рўйхати, 1-синфга қабул режалари ҳамда Давлат хизматлари марказлари манзиллари ҳақидаги ва бошқа зарур бўлган маълумотларни жойлаштиришни;
болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали қабул қилувчи умумтаълим муассасаларининг қабул режаларини тасдиқлаб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари орқали Давлат хизматлари марказларига тақдим этишни;
болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали қабул қилувчи умумтаълим муассасаларида мазкур хизматни амалга ошириш учун зарур бўлган шароитларни яратиш, замонавий компьютер ва бошқа ускуналар билан таъминлашни;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда Давлат хизматлари марказлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, давлат умумтаълим муассасалари ходимлари иштирокида, ушбу қарор билан тасдиқланган Маъмурий регламентни амалда қўлланиш самарадорлиги ва натижадорлиги даражасини оширишга йўналтирилган ўқув семинарлари ўтказишни;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан келишган ҳолда, давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган намунавий шаклларни, ҳужжатлар бланкаларини ҳамда бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни;
ҳудудий халқ таълими бошқармалари ҳузурида болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳлари тузишни таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2019 йил 1 мартга қадар:
болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали қабул қилувчи умумтаълим муассасаларининг белгиланган тартибда камида 10 Мб/с тезлигида бўлган Интернет тармоғининг миллий сегмент маълумотларини узатиш тармоғига уланишини;
Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда:
туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, умумтаълим муассасалари ҳамда давлат хизматлари кўрсатишда иштирок этувчи бошқа тузилмаларнинг ЯИДХПга уланишини таъминлайди;
ЯИДХПда болаларни умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг ҳар бир босқичида жисмоний шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиботини жорий этади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 2019 йил 1 мартгача бўлган муддатда фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари тўғрисидаги ахборот базасини халқ таълими ахборот тизимига интеграция қилиш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги:
туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, умумтаълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг улар томонидан болаларни умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг белгиланган тартибини амалга оширишга доир фаолияти юзасидан, шу жумладан ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатади;
ушбу қарор билан тасдиқланган Маъмурий регламент талаблари бузилганлиги учун умумтаълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо чораларини белгиланган тартибда қўллайди.
Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига кўра, болаларни умумтаълим муассасасига қабул қилиш жараёнини амалга оширишда:
а) туман (шаҳар) ҳокимликлари:
заруриятга кўра, тегишли йилнинг 1 январига қадар умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудларни тасдиқлайди;
Давлат хизматлари марказлари ва умумтаълим муассасаларига кам таъминланган оилалар ҳақида маълумотларни мунтазам равишда тақдим этади;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар Ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Манзил-маълумот бюролари ариза берувчиларнинг микроҳудудда доимий пропискада турганлиги, турган жойи бўйича вақтинчалик ҳисобга олинганлиги, шунингдек маълумот мавжуд эмаслиги ҳақида маълумот беради;
в) туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ўзларининг расмий веб-сайтида ўз тасарруфидаги умумтаълим муассасалари тўғрисидаги маълумотларнинг жойлаштирилишини ва уларнинг мунтазам янгилаб борилишини таъминлайди.
Унда:
ўз тасарруфидаги умумтаълим муассасаларидаги ўқувчилар сони ва бўш ўринларнинг мавжудлиги;
болаларни умумтаълим муассасасига қабул қилиш бўйича сўровномалар рўйхати, унда ЯИДХПда рўйхатга олиш рақами кўрсатилади;
г) умумтаълим муассасалари болаларга йўлланмалар беради;
д) ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (фарзандликка олувчилар, васийлар ва ҳомийлар) умумтаълим муассасасига йўлланма билан мурожаат қилади.