“Ер сайёраси”да ўқувчилар билими бойитилмоқда
География — қизиқ фан. Маълумотлар ўзгариб боради. Аммо ўқув дастурлари ёки хариталарнинг ўзгарганини деярли учратмаймиз. Бундай янгиликлар илова тарзида берилмаса, ўқувчи географик, иқтисодий-сиёсий ўзгаришлардан бехабар қолиб кетади.
Айрим ҳолларда маълум бир ҳудуддаги аҳоли сони дарслик яратилаётган пайтдан дарслик чоп этилгунга қадар бўлган давр оралиғида ўзгариши мумкин. Масалан, 2000—2005 йилларгача пахта толасини етиштириш бўйича мамлакатимиз Хитой ва АҚШдан кейинги ўринда турган. Аммо пахта майдонларининг қисқаргани боис бу кўрсаткич ҳам ўзгарган. "Ер сайёраси" тўгарак машғулотимизда ана шундай янгиликларни ўқувчиларга етказиб, келгуси дарсда ўзлари ҳам фанга доир куннинг муҳим хабарларини топиб келишини тайинлайман.
География дарси ва тўгарак машғулотида болаларни оғзаки, ёзма синовлардан ўтказиб, билимини бойитиб бораман. Жумладан, "Бумеранг" технологияси мисолида фаннинг муаммоли жиҳатларини чуқур ва яхлит ҳолатда тушунтириш мумкин. У турли мазмун ва характерга (муаммоли, мунозарали, турли мазмунли) эга мавзуларни таҳлил қилишга ёрдам беради. 9-синф ўқувчилари учун "Жаҳон иқтисодий ва ижтимоий географияси" мавзуси бўйича атлас билан ишлашда болалар таклиф-мулоҳазаларини оғзаки ва ёзма шаклда баён этади. Икки гуруҳнинг икки ўқувчиси ўқитувчи ролини ўйнайди. Улар навбатма-навбат рақиб гуруҳидаги ўқувчининг топшириқни қандай бажарганини текширишади.
"Бумеранг" технологияси танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиради. Ўйин якунида ўқувчиларга очиқ саволлар бериб, жавоб орқали муомала ва сўзлашувни давом эттиришга имкон берилади. Ёпиқ саволларга эса "ҳа" ёки "йўқ" тарзидаги жавоблар ҳам қабул қилинади.
Тўгаракда бундай усуллардан фойдаланиш ўғил-қизларни изланишга ундайди. Қолаверса, мавзуга оид тест саволи ўқувчи билимини мустаҳкамлайди.
Муҳаббат ҚАЮМОВА,
Жиззах давлат педагогика институти ўқитувчиси