“Mfond” – келажак мактабларига йўл
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган 2018—2021 йилларга мўлжалланган Халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбири дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида шу йил 29 сентябрь куни Ўзбекистонда илк бор “Краудфандинг” (халқ томонидан молиялаш) биринчи платформаси Mfond.uz ишга туширилди.
Шу муносабат билан Ёшлар пресс-клубида ташкил этилган тадбирда турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Ушбу платформа орқали жамланган маблағлар мамлакатимиздаги таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оила фарзандларини қўллаб-қувватлаш ва иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Платформа мактаб раҳбарлари учун ўқув муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун ҳомийлик маблағларини жалб қилишга қаратилган бўлиб йиғилган маблағларни ишлатишда очиқлик ва ҳисоботлиликни таъминлаб беради.
Халқ таълими вазирлиги ташкил этган хайрия жамғармаси мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун қўшимча пул тўплаш ҳамда ногирон ва кам таъминланган оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш учун сарфланади.
“Mfond” платформаси орқали ҳомийлар, ота-оналар, чет элда яшовчи ватандошларимиз, шу жумладан, собиқ ўқувчилар мактабларга кўмаклашиши мумкин. Маблағларни Payme, Upay, Click маҳаллий ва Visa, MasterCard ва бошқа халқаро тўлов тизимлари орқали ўтказиш қулайликлари яратилган.
Таъкидлаш керакки, ҳомийлар маблағларни маълум бир мактаб ёки умумий жамғарма ҳисобига ўтказиб беришлари мумкин.
Жамғарма маблағлари лаборатория, ақлли синф ва бошқа лойиҳалар яратиш, жиҳозлаш, мактаб инфратузилмаси, қолаверса, ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уни ривожлантириш учун йўналтирилади.
Лойиҳа раҳбари Рустам Каримжоновнинг айтишича, Ўзбекистонда бугунги кунда 10 мингга яқин мактаб фаолият юритмоқда, уларнинг 60 фоизининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиши керак. 37 фоизи компьютер синфига эга бўлиб, 7 фоизи интернет тармоғига уланган. Давлатимиз томонидан мактабларнинг инфратузилмасини яхшилаш учун маблағ ажратилмоқда. Аммо қисқа вақт ичида белгиланган мақсадга эришиш учун ҳомийларни жалб қилиш лозим бўлади.
— “Краудфандинг” тизимидан фойдаланган ҳолда, мактаблардаги шарт-шароитни яхшилаш, фарзандларимизнинг таълим олиши ва ҳар томонлама ривожланиши учун қулай шароит яратиш асосий мақсадимиздир, — дейди Р.Каримжонов. — Мазкур платформа ёрдамида улар маблағларни жалб қилиш ва сарфлашда шаффофлик ва ҳисоботлиликни таъминлайди. Фонд ишининг тўлиқ очиқлигини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда олинган маблағлар ва улардан қандай фойдаланилгани ҳақида маълумот бериб борилади. Барча юртдошларимизни фарзандларимизнинг сифатли таълим олиши ва улар учун ёрқин келажак яратишга ўз ҳиссаларини қўшишда бефарқ бўлмасликка чақирамиз.
Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати