“Китобдан миннатдорман!”
Мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларида 21 октябрь – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган кун кенг нишонланади. Сана муносабати билан очиқ дарслар, учрашув, викторина ва танловлар ташкил этилади. Сана муносабати билан китобхонлик тадбирларини ҳам ўтказиш байрам тадбирлари мундарижасини бойитиб, ўқувчиларда она тилимизга меҳр-муҳаббат ҳиссини кучайтиради, сўзлардан тўғри фойдаланишга ўргатади. Қуйида эътиборингизга “Ўзимдаги барча яхши хислатлар учун китобдан миннатдорман!” мавзусидаги тадбир сценарийси ҳавола этилаётир.
Тадбир ўтказиладиган жой байрамона безатилади. Оҳиста куй таралади. Ўқувчиларнинг ижодий ишлари ва китоблар кўргазмаси ташкил этилган. Саҳнага икки бошловчи чиқиб келади.
1-бошловчи:
— Ассалом, даврамизнинг қувноқ ўғил-қизлари, азиз устозлар, билимлар дунёсининг энг чаққон юлдузлари. Бугунги кечамизга хуш келибсиз!
2-бошловчи:
— Қабул айланг, дўстларим, бу бизнинг ширин калом,
Қўлимиз кўксимизда деймиз сизга ассалом!
1-бошловчи: — Инсон гўзаллиги, маънавияти барқарорлигининг асоси — тилдир. Шу сабаб онадек азиз тилимизни асраб-авайлаш учун маънавий бой бўлишимиз лозим.
2-бошловчи: — Дарҳақиқат, инсон ўз она тили билан улғаяди, камол топади. Зеро, нутқнинг гўзаллиги, тилнинг бурролиги, ифоданинг аниқлиги китоб туфайлидир. Она тили ва китобни бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди.
1-бошловчи: — Тўғри айтасиз, зеро, илм калити бу китобдир. Тафаккури, фикр доираси кенг, маърифатли кишилар жамиятнинг чинакам бойлиги. Ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинг аччиқ мевасидир.
2-бошловчи: — Халқ томонидан китоб ҳақида нақл-ривоятлар, кўплаб мақоллар, афоризмлар, топишмоқлар, ҳикматлар яратилган.
Ўқувчилар китоб ҳақида мақол ва афоризмлардан намуналар айтади.
1-бошловчи: — Келинг, ҳозир кичик викторина ўтказсак.
Стол устига саволлар ёзилган қоғозчалар ёйиб қўйилган. Даврада ўтирган ўқувчилардан иккита гуруҳ ташкил этилади. Гуруҳлар олти кишидан иборат бўлиши лозим. Гуруҳдан бир киши саволларни тортади. Мазмунли жавоб берган гуруҳ тақдирланади.
Саволлар қуйидагича бўлиши мумкин:
• Қандай китобларни ўқишни яхши кўрасиз?
• Жаҳон адабиётига мансуб китобларни сананг.
• Ўқиган китобларингиз ҳақида дўстларингизга гапириб берганмисиз?
• Китоб мутолаасида нималарга эътибор бериш керак?
• Китоб сўзига таъриф беринг.
Икки гуруҳдан берилган сўзлар иштирокида китобга таъриф бериш сўралади. Намуна: қобилият, истеъдод, матонат, меҳнатсеварлик, маданият, бойлик, тарих, ҳаёт.
2-бошловчи: — Она тилимизни ва китобни мадҳ этувчи рус ва инглиз тилидаги шеърларни ўқувчиларимиз ижросида тингланг.
(Шеър ёдлаш учун ўқувчиларга навбат берилади).
1-бошловчи: — Ҳар бир миллатдошимиз ўз она тилида тўғри, равон ва тушунарли сўзлай олиши, ўз тилини ҳурмат қилиши ва асраб-авайлаши лозим. Бунинг учун кўп китоб ўқиш керак. Аммо орамизда умуман китоб ўқимайдиган, китобни асраб-авайламайдиган ўқувчилар ҳам бор. Китобга бундай муносабат кишини ранжитади. Ҳозирги саҳна кўриниши орқали ўзингиз бунга гувоҳ бўласиз ва хулоса чиқарасиз.
(Саҳнада ўқувчилар иштирокида китобни севмайдиган, оқибатда турли нуқсонлар билан гапирадиган ёшлар қиёфаси яратилади).
2-бошловчи: — Ўқувчилар алломаларнинг тил ҳақидаги афоризмларидан намуналар тайёрлаб келишган.
(Ўқувчиларга навбат берилади).
1-бошловчи: — Ҳурматли меҳмонлар, қадрли тадбир қатнашчилари! Миллатимиз, маънавиятимизнинг кўзгуси бўлмиш она тилимизни дои¬мо асраб-авайлайлик, ўқиб-ўрганайлик. Китоблар оламига кириб борайлик.
Фотима ТОЛИПОВА, Республика таълим маркази филология фанлари бўлими методисти