Соғлом ва баркамол авлод — келажагимиз
Мактабгача таълим ходимларининг анъанавий август кенгашлари ялпи ва шўъба йиғилишларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш юзасидан методик тавсия
Мактабгача таълим тизими ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим босқичидир. Бугунги кунда ушбу тизимни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017–2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури асосида чуқур ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, мактабгача таълим тизимини тартибга солувчи қатор низомлар тасдиқланди. Жорий йилда таъмирдан чиқарилаётган 301 та боғча 9 номдаги мантиқий ривожлантирувчи дидактик ўйинчоқлар билан таъминланди. Муассасаларда болаларнинг бадиий адабиётга қизиқишини барвақт уйғотиш, педагогларни зарур бадиий, илмий-услубий адабиётлар билан таъминлаш мақсадида кичик кутубхоналар ташкил этилди. Тизим педагог кадрларини тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув режалари ва дастурлари такомиллаштирилди. Бу ўзгаришлар мактабгача таълим тизими ходимлари олдига қатор вазифаларни қўяди. “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон” шиори остида ўтказиладиган август кенгашларида шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Шўъба йиғилишларини ўтказиш учун педагоглар орасидан маҳоратли, педагогик компетенция ва жамоа билан ишлаш тажрибасига эга тренерлар танлаб олинади. Шўъба йиғилишлари ақлий ҳужум, кичик гуруҳларда ишлаш, кластер, давра суҳбати, блиц-ўйин, венн диаграммаси ва сўровномалар, дебатлар, семинар-тренинг каби интерфаол методларда олиб борилиши мумкин.
Шўъба йиғилишларини қуйидаги йўналишларда ўтказиш тавсия этилади:
1. Мактабгача таълим муассасаларининг мудира ва методистлари шўъбаси:
- Президентимизнинг “2017–2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси асосида болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлашда МТМнинг ўрни;
- машғулотларда замонавий педагогик технологияларни қўллаш;
- куннинг иккинчи ярмида болаларга индивидуал ёндашувни ташкил этиш;
- МТМ раҳбарининг касбий компетенциялари, педагогик маҳорати ва маданиятини оширишда бошқарув санъати;
- такомиллаштирилган “Болажон” таянч дастури асосида таълим-тарбия жараёнини режалаштириш;
- мактабгача таълимга қўйиладиган Давлат талабларини амалиётга жорий этиш самарадорлигини ошириш мақсадида вариатив дастурларни ишлаб чиқиш;
- МТМ раҳбарлари ва педагогларининг коммуникатив компетенциясини такомиллаштириш йўллари;
- МТМ раҳбарининг молиявий ва ҳуқуқий саводхонлиги;
- болаларга чет тилини ўргатиш тўгаракларини ташкил этиш;
- МТМда соғлом овқатлантиришни ташкил этиш;
- МТМга болалар қамровини оширишда қисқа муддатли гуруҳларнинг аҳамияти ҳамда 6–7 ёшли болалар ривожланишидаги ижобий ўзгаришларни кузатиш ва баҳолаш;
- МТМда инклюзив таълимни ташкил этиш;
- МТМда илғор иш тажрибаларини аниқлаш, умумлаштириш, оммалаштириш ишларини тизимли олиб бориш;
- болаларни мутолаага қизиқтиришда кичик кутубхоналарнинг таъсирини кучайтириш;
- жамоадаги низоли вазиятлар, стрессни бошқаришнинг психологик асослари ва ҳоказо.
2. Мактабгача таълим муассасалари психологлари шўъбаси:
- соҳага доир ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни ўрганиш ва фаолиятга татбиқ этиш;
- болалар қобилиятини психодиагностика қилиш ва иқтидорлилар билан ишлаш;
- 6 ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлашдаги психологик муаммолар;
- МТМда психологик хизмат кўрсатиш — баркамол шахс тарбиясида муҳим омил;
- гуруҳларда ривожлантирувчи муҳитни ташкил этишга психологик ёндашув;
- МТМда психологик ишларни расмийлаштириш, ҳужжатлар билан ишлаш;
- малака ошириш курсидан кейинги фаолият юзасидан психологнинг 3 йилга мўлжалланган истиқбол режаси ва уни бажариш.
3. Дефектологлар шўъбаси:
“Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълимга қўйилган Давлат талаблари”ни амалиётга татбиқ этиш;
дефектолог, психолог, тарбиячи ва ота-оналар ҳамкорлиги;
ривожланишида камчилиги бор болалар билан ўтказиладиган кундалик якка ва фронтал машғулотлар олиб бориш;
ривожланишида камчилиги бўлган болалар билан олиб бориладиган коррекцион-педагогик ишларга ота-оналарни жалб қилиш;
ўйинларнинг болалар ривожланишидаги аҳамияти;
малака ошириш курсидан кейинги фаолият юзасидан дефектологнинг 3 йилга мўлжалланган истиқбол режаси ва уни бажариш йўллари.
4. Жисмоний тарбия йўриқчилари шўъбаси:
- “Болажон” таянч дастури асосида жисмоний тарбия машғулотларини режалаштириш;
- мактабгача таълимга қўйилган Давлат талабларини амалиётга татбиқ этиш;
- илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш;
- болаларни жисмоний ривожлантиришда миллий ҳаракатли ўйинларнинг аҳамияти;
- жисмоний машқлар билан бирга амалга ошириладиган чиниқтириш тадбирлари;
- болалар соғлиғини муҳофаза қилиш ва уларни жисмонан ривожлантириш;
- МТМда жисмоний тарбия йўриқчиси иш ҳужжатларининг юритилиши;
- болаларни чиниқтириш — саломатликни сақлаш омили сифатида;
- эрталабки бадантарбия ва жисмоний тарбия машғулотларини ноанъанавий усулларда ташкил этиш;
- болаларни спорт тўгаракларига жалб қилиш;
- малака ошириш курсидан кейинги фаолият юзасидан жисмоний тарбия йўриқчисининг 5 йилга мўлжалланган истиқбол режаси ва уни бажариш.
5. Мусиқа раҳбарлари шўъбаси:
- машғулотда замонавий педагогик технологияларни қўллаш;
- болаларни чолғу асбоблари билан таништириш;
- болаларнинг мустақил фаолиятида мусиқали-дидактик ўйинлардан фойдаланиш;
- МТМ мусиқа раҳбари ва тарбиячининг ҳамкорликдаги фаолияти;
- МТМда иқтидорли болалар билан ишлаш;
- мусиқа машғулотларини ташкил этишда ахборот технологияларидан фойдаланиш;
- малака ошириш курсидан кейинги фаолият юзасидан мусиқа раҳбарининг 5 йилга мўлжалланган истиқбол режаси ва уни бажариш.
6. Мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари шўъбаси:
- “Болажон” таянч дастури асосида таълим-тарбия жараёнини режалаштириш;
- мактабгача таълимга қўйилган Давлат талаблари ва “Болажон” таянч дастури асосида қизиқарли машғулот ишланмаларини тайёрлаш ва оммалаштириш;
- куннинг иккинчи ярмида болаларга индивидуал ёндашув;
- илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш;
- 5–6 ёшдаги фарзандлари мактабгача таълимга қамраб олинмаган оилалар учун тарқатилган 5 номдаги китоблардан фойдаланиш;
- 3–6 ёшли фарзандлари мактабгача таълимга қамраб олинмаган оилаларга тарқатилган 7 номдаги китоблардан самарали фойдаланишда амалий-методик ёрдам кўрсатиш;
- “Болажон” таянч дастури ва мактабгача таълимга қўйилган Давлат талабларида берилган индикаторларнинг болалар томонидан ўзлаштирилишини таҳлил қилиш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш йўллари;
- ота-оналар билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш усуллари;
- машғулотларни АКТ ва интерфаол усуллар асосида ташкил этиш;
- бола шахсини шакллантиришда ривожлантирувчи муҳитнинг аҳамияти;
- “Тежамкорлик сабоқлари” дас¬тури асосида интеграцион машғулотларни ташкил этиш;
- “Зумрадойлар давраси” тўгарагида машғулотлар ўтказиш бўйича методик қўлланма, буклетлар ишлаб чиқиш ва оммалаштириш;
- малака ошириш курсидан кейинги фаолият юзасидан тарбиячининг 5 йилга мўлжалланган истиқбол режаси ва уни бажариш йўллари;
- болаларни мактаб таълимига тайёрлашда илк математик тасаввурларни шакллантиришнинг инновацион усулларини қўллаш;
- МТМда ота-оналар йиғилишларини ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш;
- 5–7 ёшли болалар учун “Шахмат” тўгарагини ташкил этиш;
- қисқа муддатли гуруҳлар ҳамда оилаларда болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш.
7. Мактабгача таълим муассасаларининг ҳамширалари шўъбаси:
- МТМда ёзги соғломлаштириш мавсумида профилактика ишларини ташкил этиш;
- МТМда болаларни соғлом ов¬қатлантириш ва меъёрий ҳужжатларни юритиш;
- тез тиббий ёрдамни ташкил этишда ҳамширанинг вазифалари;
- қишки захирага озиқ-овқат маҳсулотлари олишни режалаштириш;
- таомнома тақсимотини шакллантириш (кунлик таомномани тузиш) ва 10 кунлик намунавий таомнома тузиш;
- ошхона жиҳозлари, анжом ҳамда технологик жиҳозларга қўйиладиган санитария-гигиена талаблари.
2017-2018 ўқув йилининг асосий вазифалари:
1. “Мактабгача таълимга қўйиладиган Давлат талаблари” асосида жаҳон амалиётидан кенг фойдаланган ҳолда замонавий технологияларни таълим-тарбия жараёнига татбиқ этиш:
— дастурларнинг вариатив шаклларини яратиш;
— машғулот жараёнида замонавий технологиялардан фойдаланиш;
— куннинг иккинчи ярмида болаларга индивидуал ёндашувни ташкил этиш;
— илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш.
2. Мактабгача таълимга болалар қамровини ошириш, “Давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида”ги низом асосида мактаб таълимига сифатли тайёрлашнинг янги шаклларини жорий этиш:
— бўш гуруҳларни аниқлаш ва улардан унумли фойдаланиш;
— 5–7 ёшли болалар учун “Келажакдаги ўқувчи гуруҳи” ва бошқа турдаги гуруҳларни ташкил этиш.
3. Болаларни бадиий адабиётга қизиқтириш, оилада китобхонлик маданиятини шакллантириш мақсадида МТМ, оила, мактаб, маҳалла ҳамкорлигини ривожлантириш:
— кичик кутубхоналар фаолиятини такомиллаштириш;
— 5–6 ёшдаги фарзандлари мактабгача таълимга қамраб олинмаган оилалар учун тарқатилган 5 номдаги китоблардан фойдаланган ҳолда уларни мактабга тайёрлаш;
— 3–6 ёшли фарзандлари мактабгача таълимга қамраб олинмаган оилаларга тарқатилган 7 номдаги китоблардан самарали фойдаланишда амалий-методик ёрдам кўрсатиш.
Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Республика ўқув-методика маркази