Болам касал, ишга боролмадим...
— Фарзандимнинг тоби қочиб, бир неча кун уйда қолишимга тўғри келди. Бунинг учун даволовчи шифокордан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси талаб қилишим мумкинми?
Муқаддас ЙЎЛДОШЕВА, Риштон туманидаги 7-мактаб ўқитувчиси
— Мумкин. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.), хусусан:
31-бандига мувофиқ, амбулатория шароитида парваришга муҳтож бўлган ўн тўрт ёшдан катта беморни парваришлаш учун етти календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
Ушбу ҳолатда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бемор билан бирга яшаш ёки яшамаслиги ҳамда меҳнат таътилида эканлигидан қатъи назар, беморнинг оила аъзолари ёки қариндошларидан бирига берилади.
32-бандига мувофиқ, амбулатория шароитида парваришга муҳтож бўлган ўн тўрт ёшга етмаган бемор болани парваришлаш учун унинг онасига ўн тўрт календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
Она бўлмаган ёки бетоб бўлганда меҳнатга лаё¬қатсизлик варақаси бемор билан бирга яшаш ёки яшамаслигидан қатъи назар, бошқа оила аъзоларига берилади.
37-бандига мувофиқ, мактабгача таълим муассасасида ёки олти ёшга тўлмаган болага ўрнатилган карантин даврида болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан карантин белгиланган, лекин ўн тўрт календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
38-бандига мувофиқ, стационар шароитда уч ёшга тўлмаган болани парваришлаш учун қаровни таъминлайдиган шахсга даволашнинг барча даврига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
Стационарда даволаниш вақтида боланинг касаллиги оғир кечган ҳолларда даволовчи шифокор ҳамда бўлим мудирининг бемор бола қўшимча парваришга муҳтожлиги тўғрисидаги хулосасига асосан, ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига қаровни таъминлаш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
ОИВ инфекциясини юқтирган боланинг ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига бола шифохонада ётган барча давр учун бир йўла меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
Саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари ижтимоий суғурта бўлими мудири Нигора ИШАНХАНОВА жавоб берди.