Фармон нима? Қарор-чи?
Фармон, қарор ва фармойишнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида бир-биридан фарқли жиҳатлари, даражаси ҳақида маълумот берсангиз.
Феруза ХУДОЁРОВА, Чироқчи туманидаги 119-ИДУМ ўқитувчиси
— Ўзбекистон Республикаси Президенти Конституция ва барча қонунлар асосида уларнинг ижросини таъминлаш учун фармон, қарор ва фармойиш тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади. Президент девони регламентининг 30-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган ҳужжатлари норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади ҳамда фармон ва қарор шаклида қабул қилинади. Жамият ҳаётининг алоҳида соҳаларини ислоҳ қилиш ёки давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, давлат органларини ташкил этиш ёки тугатишга қаратилган муҳим ҳужжатлари фармон, бошқа ҳужжатлари қарор шаклида қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тезкор ва бошқа жорий масалалар бўйича ҳужжатлари фармойиш шаклида қабул қилинади. Норматив-ҳуқуқий бўлмаган ҳужжатлар (кадр, фуқаролик, афв этиш, сиёсий бошпана бериш, давлат мукофотлари билан тақдирлаш ҳамда ҳарбий ва махсус унвонларни бериш, индивидуал характердаги масалалар ва ҳоказо) ҳам Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишлари шаклида қабул қилиниши мумкин. Фармойишда бевосита ижрочиларга кўрсатма берилади. Фармойишда операциялар амалга оширилгани ҳақидаги факт кўрсатилмайди ва ҳисоб-китоб ёзувлари учун асос бўлмайди.
Саволга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал ЖУМАБОЕВ жавоб берди.