Чемпионларга имтиёз борми?
Спортда юксак натижа қайд этган мактаб, академик лицей ёки коллеж битирувчиси юртимиздаги исталган олий таълим муассасасига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиниши мумкинми?
Абдувоҳид ТУРДИЕВ, Олтинсой туманидаги 14-мактаб директори
— Республикамиздаги олий таълим муассасаларига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилиш имтиёзи Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорининг 5-иловаси билан тасдиқланган “Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисида”ги низом асосида амалга оширилади.
Ушбу Низомда республика (1-ўрин) ва халқаро (1—5-ўринлар) танловлар ҳамда мусобақаларнинг индивидуал турларида ғолиб чиққан академик лицей, касб-ҳунар коллежи ва умумтаълим мактабларининг битирувчилари олий таълим муассасасига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилиниши белгиланган.
Мазкур Низомнинг 11-бандига мувофиқ, халқаро бадиий-ижодий танловлар, Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларининг ғолиблари ўзлари танлаган таълим муассасасига кириш бўйича имтиёзли ҳуқуқларидан уч йил мобайнида, республика олимпиадалари, танловлари ва мусобақалари ғолиблари эса — улар ўтказилган кундан бошлаб бир йил мобайнида фойдаланишлари мумкин.
Саволга Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Мирзаҳаким ТЎХТАМИРЗАЕВ жавоб берди.