Ўриндошга устама берилмайди
1—9-синфларга жисмоний тарбия фанидан дарс бераман. Ўрта махсус маълумотли бўлганим учун 2015 йилда тоифам бекор қилинган. Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармасининг 75-к ва вилоят молия бошқармасининг 13-сонли буйруғига асосан, ўриндош сифатида ишлаяпман. Директор жамғармасидан бериладиган устама ҳақи ҳам тўланмаяпти. Шу тўғрими?
Н.ҚУДРАТОВ, Қўшработ туманидаги 29-мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси
— Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 275-сонли қарори билан тасдиқланган “Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси тўғрисида Низом”нинг 18-бандида умумтаълим муассасаларининг раҳбар ходимларига ва ўз фаолиятини соатбай ҳақ тўлаш асосида амалга оширадиган ўқитувчиларга ҳар ойлик устамалар белгиланмаслиги кўрсатилган.
Саволга Халқ таълими вазирлигининг молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси бош иқтисодчиси Илҳом СИРОЖЕВ жавоб берди.