«Рамазон» айтиш савобми?
Яқинда бир киши айтиб қолди: «Бекатда такси кутиб тургандим, олдимга етти-саккиз яшар бола келиб, баланд овозда «Рамазон» айтди. Унга қулоқ тутдим. Дилга ёқувчи сўзлар. Кўнглим бўшаб кетди, пул узатдим. Бола хурсанд бўлди. Кўздан узоқлашгунича кузатиб турдим. У ўзини англолмайдиган даражада маст кишининг ёнига бориб ҳам, «Рамазон» айтди. Ҳалиги киши уни калака қилиб, «Баландроқ айтсанг, кўп пул бераман», дея бир сиқим пул кўрсатди. Бола эса пул олиш илинжида қўшиқни яна ҳам баланд овозда айтарди... Ишқилиб болапақир ўша кишидан анчагина пул олди-да».
Бу каби ҳолатларга кўп дуч келамиз. Қизиқ, аслида «Рамазон»ни ким, қачон, қаерда айтиши керак?
— Мусулмонларда бировнинг эшигини тақиллатиб, пул учун «Рамазон» қўшиғини айтиш уят ҳисобланган, — дейди Навоий вилояти бош имом-хатиби Тоҳир Рўзиев. — Кенг кўчада одамлар йиғилишиб, ёш болаларга «Рамазон» қўшиғини айттиришган. Уларга ширинлик улашилган. Ҳозирги болаларнинг таъма билан «Рамазон» айтиши динимизга тўғри келмайдиган ҳодисадир. Миллатимизга ярашадиган ишларни қилайлик. «Рамазон» оддий қўшиқ эмас...
Дилобар АСЛИДДИН қизи