МТМга кимлар имтиёзли қабул қилинади?
2018 йил 1 апрелдан давлат мактабгача таълим муассасаларига болалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали қабул қилинмоқда. МТМга йўлланма, энг аввало, имтиёзли рўйхатга киритилганларга берилади. Бу рўйхатга ногирон шахслар, уч нафар ёки ундан кўп болали оилалар, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, талаба ва педагоглар фарзандлари, шунингдек, етим ёки ота-онасининг қаровисиз қолган, бошқа муассасалардан ўтказилган, ака ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар киритилган.
— Йил бошида муассасамизга фарзандини беришни истовчи оилалар сони ошиб кетди, — дейди Фарғона шаҳридаги 48-МТМ мудираси Гулчирой Эргашева. — Йўлланма билан келганлар бўш ўринларга жойлаштирилди. Имтиёзли оила фарзандлари эса қарорга мувофиқ, навбатсиз қабул қилинди. Навбатда турганлар сони ортиб кетгач, вилоят мактабгача таълим бошқармаси билан келишган ҳолда муассасамиз қамровини кенгайтирдик. 220 ўринли МТМга яна 70 та қўшимча ўрин ажратилди ва МТМга қамраб олинмаган 237 нафар боланинг 70 нафари муассасамизга қабул қилинди. Айни пайтда ҳам фарзандини масканимизга бермоқчи бўлиб навбатда турганлар кўп.
48-МТМга навбатда турганлар қаторида Фарғона нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Муҳаммаддиёр Одилов фарзандига имтиёзли йўлланма олишга муваффақ бўлди.
— Ўғлим Азизбек Аминжонов 2014 йил 1 февралда туғилган, — дейди М.Одилов. — Уни МТМга жойлаштириш учун жорий йил 6 апрель куни Давлат хизматлари марказига мурожаат этдим. Навбат кутолмаслигим сабаб бўш ўрин бор МТМга йўлланма беришларини сўрадим. Электрон рақамли имзо олиш учун 17 224 сўм тўладим. 30 дақиқадан кейин аризам қабул қилинганини тасдиқловчи ҳужжат беришди. Бир кундан сўнг қўнғироқ қилиб, 48-МТМга боришим мумкинлигини айтишди.
Шайхонтоҳур туманида фаолият юритаётган жами 41 та МТМга болаларни жойлаштириш “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” бўйича йўлга қўйилди. Бу ҳақда туман Давлат хизматлари марказининг мактабгача таълим муассасаларини рўйхатга олиш бўлими бошлиғи Ғуломмасъуд Қобилжонов шундай дейди:
— Фуқаролар фарзандлари МТМга қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига асосан боғчага жойланмоқда. Регламентга кўра, мактабгача таълим муассасалари ҳар ойнинг биринчи санасигача бўш ўрин ҳақида туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимига маълумот беради. МТБ бўш ўринлар ҳисобини юритиб, болаларни муассасага қабул қилиш бўйича электрон навбатни шакллантиради. Навбати келганларга йўлланма берилади. Давлат хизматлари маркази, Мактабгача таълим бўлими ҳамда МТМлар ахборот алмашуви фақат идоралараро ҳамкорлик электрон рақамли имзони (ЭРИ) қўллаган ҳолда амалга оширилади. ЭРИнинг нархи энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи (17 224 сўм) қилиб белгиланган. МТМга йўлланма олган ота-она 15 кун ичида фарзандини боғчага жойлаши мумкин.
Дарҳақиқат, Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали МТМга навбатга туриш ота-оналарга қулайлик яратмоқда. Асосийси, шаффофлик таъминланиб, муаммо ва эътирозларга барҳам берилди.
Гулюз ОРИФЖОНОВА