Ихтисослаштирилган мактабга қабул қандай ташкил этилади?
Ҳар бир ота-она фарзандининг етук шахс бўлиб ул¬ғайишини хоҳлайди. Уни болалигиданоқ санъатга, спортга, касб-ҳунарга йўналтиради. Ота-оналарнинг бу каби орзу-интилишини рўёбга чиқариш — фарзандларимизнинг маълум бир фан бўйича чуқур билим эгаллаши учун юртимизда ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари ташкил қилинган. Айни кунда таҳририятимизга кўплаб ота-оналардан ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти, қабул тартиби бўйича саволлар келмоқда. Қуйида бу саволларга Халқ таълими вазирлигининг ихтисослаштирилган таълим муассасалари мониторинги шўъба мудири Эркин Муродовнинг жавоблари эътиборингизга ҳавола этиляпти.
— Мамлакатимизда муайян фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар нечта? Уларнинг афзалликлари нимада?
— Президентимизнинг топшириғига кўра, Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти ва унинг жамоаси тизимдаги барча муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш, ўқитувчиларнинг обрў-эътиборини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу билан бирга, иқтидорли ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ихтисослаштирилган мактабларнинг бугунги аҳволини танқидий ўрганган ҳолда, уларни ривожлантириш борасида таклифлар тайёрланмоқда.
Республикамизда 350 та ихтисослаштирилган мактаб фаолият олиб бормоқда. Шундан 219 таси ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби (ИДУМ), 131 таси ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати (ИДУМИ). Шунингдек, мактабларда 500 дан ортиқ ихтисослаштирилган синф ҳам ташкил этилган.
Президентимиз ташаббуси билан ўтган ўқув йили Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Нукусда Ибройим Юсупов, Қаршида Абдулла Орипов, Андижонда Муҳаммад Юсуф, Фарғонада Эркин Воҳидов, Тўрақўрғонда Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаблари ташкил этилди. Бу мактаблардаги таълим жараёни, ўқув дастурларини такомиллаштириш ишлари Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда олиб борилади.
Ўтган йили Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлиги тасарруфида аниқ фанлар йўналишида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди. Янги ўқув йилидан Фанлар академиясининг Астрономия институти қошида математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати фаолият бошлайди.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, юртимиздаги 10 мингга яқин мактабнинг атиги 3,6 фоизи ихтисослаштирилгани ойдинлашади. Ҳатто баъзи туманларда бирорта ҳам ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилмаган. Ваҳоланки, ўша ҳудудларда ҳам энг камида беш минг нафар бола ўқийди. Улар орасида ҳам иқтидорлилар кўп. Шуни ҳисобга олиб, ўтган ўқув йилида 24 та туман ва шаҳарда ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилган эди.
Бундан ташқари, Президентимизнинг шу йили Самарқанд, Навоий, Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларига ташрифи давомида ҳам берилган топшириқларига асосан, ҳудудларда 25 дан ортиқ ихтисослаштирилган таълим муассасалари ташкил этилди.
Ихтисослаштирилган мактаблар тармоғининг кенгайиши натижасида ўқувчилар қамрови олдинги йилдагига нисбатан 1,3 бараварга, яъни қарийб 50 минг нафарга ошди. Кўпроқ аниқ фанлар — математика, физика, информатикага эътибор қаратилди. Бундай мактабларнинг 176 таси аниқ фанларга ихтисослаштирилгани ҳам шундан далолат беради.
Ихтисослаштирилган мактабларнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Биринчидан, уларда умумтаълим мактабларига нисбатан дарс соатлари 2 соат кўп. Синфда 35 нафар ўқувчи бўлса, математика дарси ҳам икки гуруҳга бўлиб ўқитилади. Бундан ташқари, дарсдан кейин тўгарак машғулотида ҳам билимлар мустаҳкамланади.
Иккинчидан, ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқув дастурлари нисбатан мураккаброқ тузилган.
Учинчидан, бундай муассасалар ўқитувчилари ва мактаб маъмуриятига 20 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаш белгиланган. Шунингдек, мактабнинг моддий-техник базаси анча яхши.
— Ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш тартиби қандай?
— Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ва синфлар ота-оналар ва ўқувчилар ўртасида сўровнома ўтказиб, эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади. Яъни ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш бўйича таклиф умумий таълим мактаби директори томонидан туман(шаҳар) халқ таълими бўлимига киритилади. Туман(шаҳар) халқ таълими бўлими туман ҳокими билан келишган ҳолда уни ташкил этиш тўғрисида вилоят халқ таълими бошқармасига таклиф киритади. Вилоят халқ таълими бошқармаси таълим муассасасининг ўқув ва моддий-техника базасини, педагог кадрлар фаолиятини ва бошқа кўрсаткичларни жойига бориб комплекс ўрганади. Комплекс ўрганиш ҳамда тегишли фанлар бўйича ўтказилган оғзаки ва ёзма синовлар натижалари юқори бўлган тақдирда халқ таълими бош¬қармаси томонидан вилоят ҳокимлиги билан келишилган ҳолда Халқ таълими вазирлигига таклиф киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан таклифлар ўрганиб чиқилиб, хулосалари вилоят ҳокимлигига юборилади. Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасасини ташкил этиш тўғрисида қарор вилоят ҳокимлиги томонидан қабул қилинади.
Уларнинг фаолияти халқаро ва миллий моделлар асосида шакллантирилади.
— ИДУМ ва ИДУМИларга ўқувчиларни қабул қилиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз.
— Ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 августдаги “Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 173-сонли қарори асосида тартибга солинади. Қабул шу қарор ва унинг асосида тасдиқланган низом бўйича амалга оширилади.
Ихтисослаштирилган синф ва ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига тегишли синфни муваффақиятли якунлаган, чуқурлаштириб ўқитиш белгиланган ўқув фанларидан қобилиятли ўқувчилар танлов асосида қабул қилинади. Ҳужжатларни расмийлаштириш ва тегишли фанлардан оғзаки ҳамда ёзма синовлар ўтказиш, ота-оналарнинг мурожаатини кўриб чиқиш ишларини махсус комиссия бажаради. Комиссия таркиби муассаса директори, халқ таълими бўлими вакили ҳамда ўқитувчилардан иборат бўлади.
Ихтисослаштирилган синф ва мактабга ўқувчилар 2-синфдан, ихтисослаштирилган мактаб-интернатга эса 5-синфдан қабул қилинади.
Танловни сифатли ва адолатли ўтказиш мақсадида қабул жараёни бошланиши 2 ой олдин эълон қилинади. Ота-оналар танланган ихтисослаштирилган фан йўналиши бўйича тегишли ҳужжатларни ҳамда психологик-педагогик диагностика дафтари асосида ўқувчининг қизиқиши, ўқув фанларини ўзлаштириши ҳақидаги тавсифномани, таълим йўналиши бўйича ўқувчининг ижодий ишидан намуналарни (нашр этилган ёки қўлёзма шаклида) топширади.
Ўқувчиларни ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг 5-синфига қабул қилиш ниҳоясига етди (1–20 июль кунлари). Аммо айни пайтда 2-синф учун ҳужжатлар қабул қилиш давом этмоқда (1–31 июль кунлари). Танлов 5–20 август кунлари ўтказилади.
— Болалар ихтисослаштирилган мактабларга қандай синовлар асосида саралаб олинади?
— Қабул комиссияси томонидан 2 босқичли танлов эълон қилинади. 1-босқичда ўқувчининг билими махсус фан йўналиши бўйича оғзаки ва ёзма тарзда, мактаб-интернатларда тест орқали синалади. 2-босқичда ўқувчининг иқтидорини аниқлаш мақсадида психологик-педагогик диагностика тестлари ўтказилади. Ҳар икки йўналишда юқори балл тўплаган ўқувчилар саралаб олинади. Синовлар муассасада таълим олиб бориладиган тилда амалга оширилади. 2-синфда ёзма синовлар 45 дақиқа, оғзаки синовлар ҳар бир ўқувчи учун 5 дақиқа ҳамда психологик-педагогик диагностика синовлари 45 дақиқа давом этади.
2-синфга қабул учун таълим соҳалари бўйича қуйидаги фанлардан оғзаки ва ёзма синов ўтказилади:
Филология — таълим олиб бориладиган тилда диктант (25 та сўз), ёддан шеър ёки 25 та сўздан иборат матнни ифодали ўқиш;
Математика — ёзма иш (3 та мисол, 2 та масала), масала матнини ўқиб, ечимини оғзаки айтиш.
Мактаб-интернатнинг 5-синфи учун тест синови 60 дақиқа, психологик-педагогик диагностика синовлари ҳам 60 дақиқа давом этади. Таълим соҳалари бўйича қуйидаги фанлардан тест синови ўтказилади:
Филология — муассасадаги таълим тили ва адабиётдан 20 та, математикадан 10 та — жами 30 та тест саволи орқали синалади. Ижтимоий билимлар, маънавият, санъат йўналишида ҳам имтиҳон худди шу тартибда бўлади.
Математика — математикадан 20 та, муассасадаги таълим тили ва адабиётдан 10 та — жами 30 та тест саволи берилади. Табиий билимлар ва технологиядан ҳам худди шу тарзда тестлар тақдим этилади.
Ҳар иккала синфда ҳам 70 балл тўплаган ўқувчилар ўқишга қабул қилинади. Имтиҳонга кела олмаганлар учун қўшимча танлов ўтказилмайди. Ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга тўплаган балининг 10 фоизи миқдорида имтиёз берилиши низомда кўрсатилган. Агар ўқувчиларнинг кўрсаткичи тенг чиқса, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган ва кам таъминланган оила фарзандлари қабул қилинади.
Танловнинг якуний натижаси 5 кун ичида эълон қилинади. Натижадан қониқмаган ўқувчи ва ота-оналар комиссия аъзоларига мурожаат қилиши мумкин. Етарли балл тўплаганлар 25 августга қадар ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаси директори буйруғи асосида ўқувчилар сафига киритилади.
Халқ таълими тизимини тубдан ислоҳ этиш жараёнида ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини ривожлантириш борасида ҳам қатор вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқув дастурлари, ўқув режаларини қайтадан кўриб чиқиш ва уларни такомиллаштириш, ихтисослаштирилган фанлардан дарсликлар яратиш ҳамда математика, физика, кимё, биология каби фанлардан дунёда тан олинган дарсликлардан таълим жараёнида фойдаланиш методикасини яратиш, қабул тартибини қайта кўриб чиқиш, жараённи шаффоф, адолатли ўтказиш учун ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш, иқтидорли ўқувчиларнинг юртимизда ва халқаро миқёсда ўтказилаётган танловлар, фан олимпиадаларида муносиб иштирокини таъминлаш, ўқитувчиларнинг малака ва тажрибасини ошириш, халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда ихтисослаштирилган мактабларда таълим сифатини, ўқиш жараёнларини янада яхшилаш кўзда тутилган.
Нигинабону ШУКУРОВА ёзиб олди.