Ўқишга киролмадим, энди қандай имкониятим бор?
Савол: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети хорижий тил ва адабиёт йўналишига ўқишга киролмадим. Ўтиш бали 146,6, мен эса 77,4 балл тўплаганман. Ўқишга киришга бу йил яна имкониятим борми? Бошқа йўналиш, иккинчи мутахассислик ёки сиртқи таълим шаклларида ўқиш учун билимимни синаб кўришим мумкинми? Балки бали пастроқ йўналишга ўқишни кўчириш имкони мавжуддир?
Дилхумор ШАМСИЕВА
Оҳангарон тумани
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга кўра, олий таълим муассасаларига қабул барча учун (ҳам грант, ҳам тўлов-контракт бўйича) тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, тест синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади. Қолган абитуриентлар тест баллари рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар.
Низомда ўқишга кира олмаган абитуриент бошқа йўналишга балини кўчириши, иккита олий таълим муассасасида имтиҳондан ўтиши белгиланмаган. Демак, бошқа йўналишларда тест топширишингиз ёки балингизни кўчиришингиз мумкин эмас. Кечки ва сиртқи бўлимларга ҳужжат топширишингиз имкони ҳам йўқ. Боиси, мазкур йўналишларга ҳужжат қабул қилиш муддати ниҳоясига етган. Махсус сиртқи бўлимда ўқиш учун муайян йўналишда камида 3 йиллик меҳнат стажи, тегишли корхона ва ташкилотлар томонидан берилган тавсиянома талаб этилади. Иккинчи мутахассисликка эса фақат олий маълумоти борлар топшира олади.
Фақат оширилган тўлов-контракт пулини тўлашга имкониятингиз бўлса олий таълим муассасаси ректори номига ариза беришингиз мумкин.
Саволга Давлат тест маркази матбуот хизмати раҳбари Орзиқул БОБОЕВ жавоб берди.