Тўлов-контракт тўлаш ташвиши: ечим борми?
Савол: Ўғлим Жаҳонгир Маҳмудов ЎзМУга тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинди. Тест холис ва шаффоф ўтгани, фарзандимнинг меҳнати юзага чиққанидан хурсанд бўлдим. Шу билан бирга тўлов-контракт пулини тўлаш ташвиши тушди. Таълим кредити олиш учун банкка мурожаат қилдик. 14 фоизлик таълим кредити олиш бўйича жавоб олдик. Бироқ 14 фоиз юқори эмасми? Ҳозир вақтинча ишсизман. Соғлиғимда муаммолар бор. 1 сотих жойда 4 та оила яшаймиз. Ижтимоий аҳволимизни инобатга олган ҳолда таълим кредити олишда фоиз ставкасини тушириш имкони борми?
Фурқат ҲАТАМОВ, Олтинсой тумани
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, кам таъминланган оилалардан бўлган талабаларга ажратилган кредит фоизларининг тенг ярмини туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан “Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси” маблағлари ҳисобидан тўлаш белгиланган. Бу имтиёздан фойдаланишингиз мумкин.
Саволга Давлат тест маркази матбуот хизмати раҳбари Орзиқул БОБОЕВ жавоб берди.