Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолият юритяптими?
2018 йил 5 июль куни Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси — БСРЖ негизида Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Мазкур жамғарманинг БСРЖдан қандай фарқи бор?
Азиза РАЖАБОВА, ЎзДЖТУ катта ўқитувчиси
Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг асосий вазифаларидан бири 6 ёшдан 17 ёшгача бўлган болаларнинг спорт билан шуғулланишлари учун шарт-шароит яратишдан иборат эди. Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси эса мактабгача таълим ёшидан то кекса ёшдаги аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича тадбирлар ташкил қилиш, шунингдек, спорт-соғломлаштириш марказлари ҳамда спорт иншоотларини қуриш, қайта қуриш ва капитал таъмирлаш каби вазифаларни ўз зиммасига олади. Буларнинг барчаси тижорат банклари томонидан бериладиган кредитларнинг қопланишини кафолатлаш йўли билан молиялаштирилади.
Янги ташкилот ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик субъектлари, нодавлат-нотижорат ва бошқа ташкилотлар, инвесторлар, ҳомий ва донорлар, жумладан, чет эллик ҳомий ва донорлар маблағларини жалб қилиш; жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, спортчи кадрларни тайёрлашнинг ўқув-машғулот жараёнини такомиллаштириш масалаларида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида мутахассисларнинг (мураббийлар, олимлар, ўқитувчилар, шифокорлар, физиологлар, диетологлар ва спорт соҳасидаги бошқа мутахассислар) хорижий давлатларга ташрифларини ташкил этишга кўмаклашиш каби вазифалари билан Болалар спортини ривожлантириш жамғармасидан фарқ қилади.
И.МИРЗАЕВ, Жамғарманинг ижро этувчи директори вазифасини бажарувчи