Ўқувчи бир нечта тўгаракка аъзо бўлса, тўловда имтиёз бўладими?
Фарзандим "Баркамол авлод" болалар марказининг карвинг тўгарагига қатнайди. Агар у бир вақтнинг ўзида марказдаги бир нечта тўгаракка аъзо бўлса, тўловда имтиёз бўладими?
Орзигул РАҲИМОВА Наманган шаҳри
Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлигининг "2017 йил 13 июндаги "Баркамол авлод" болалар марказларида болалар ўқиганлиги учун ота-оналар тўловини ундириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги қарорида белгилаб қўйилганидек, мазкур марказларда ўқиганлик учун тўловлар қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ундирилади.
Кам таъминланган оила фарзандлари, имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчилари ва ички ишлар органларининг профилактик ҳисобига олинган ўқувчилар, шунингдек, Меҳрибонлик уйлари, болалар шаҳарчалари, "SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари" уюшмаси тарбия муассасалари тарбияланувчилари тўловдан озод қилинади". Икки ёки учта тўгаракка қатнаса, тўловда имтиёзлар белгиланиши назарда тутилмаган.
Баҳром АМИНОВ, Халқ таълими вазирлигининг мактабдан ташқари таълим, спорт ва туризмни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари