2 ихтисосликка 2та тоифа
Олий маълумотимни тасдиқловчи дипломимда немис ва инглиз тили фани ўқитувчиси квалификацияси берилган ва айни пайтда ҳар икки тилдан дарс бераман. Немис тилидан II даражали малака тоифасига эгаман. Шу боис инглиз тилидан аттестациядан ўтмасам ҳам, 2-тоифа бўйича маош тўланадими ёки инглиз тилидан ҳам аттестациядан ўтишим керакми?
Шавкат ДАВЛАТОВ, Қўшкўпир туманидаги 27-мактаб ўқитувчиси
— Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 апрелдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 107-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 18-бандида: “Педагог кадрлар ўрта махсус, касб-ҳунар, олий маълумотли, илмий даража олганлиги ёки қайта тайёрлаш курсларидан ўтганлиги ҳақидаги дипломда кўрсатилган тайёрлов, таълим йўналишлари, мутахассислик ёки ихтисосликларига мос келадиган фанлар бўйича аттестациядан ўтади.
Педагог кадрларнинг дипломида биттадан ортиқ тайёрлов ёки таълим йўналиши, мутахассислик ёки ихтисослик кўрсатилган бўлса, улар дарс бераётган ҳар бир ўқув фани бўйича алоҳида аттестациядан ўтади” деб кўрсатилган.
Ойбек УСМОНОВ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бош мутахассиси