Пластмасса идишларнинг хавфи
Пластмасса идишларда овқат сақлаш, ташиш оммалашди. Яқинда ижтимоий тармоқда бундай буюмда овқат сақлаш соғлиққа зарар эканлиги ҳақида ўқиб қолдим. Шу тўғрими?
Дилдора ОРТИҚОВА Хоразм вилояти
Ўзбекистон Республикасининг "Озиқ-овқат сифати ва хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунининг "Озиқ-овқат маҳсулотларини ҳамда уни тайёрлашга мўлжалланган ва фойдаланганда озиқ-овқатга тегиб турадиган ускуналарни давлат рўйхатидан ўтказиш" тўғрисидаги 6-моддасига биноан озиқ-овқат маҳсулоти ҳамда уни тайёрлашга мўлжалланган ва фойдаланганда озиқ-овқатга тегиб турадиган ускуналар озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигига доир нормалар ва қоидалар талабларига мослиги баҳоланганидан ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин ишлаб чиқарилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши, реализация қилиниши ва ишлатилиши мумкин. Яъни, маҳсулотларни жойлаш, сақлаш ва ташиш учун мўлжалланган барча пластик материаллардан тайёрланган идишлар хавфсизлик кўрсаткичлари лаборатор текширувлардан ўтгандан кейин рухсат берилади ва уларнинг инсон ҳаёти ва саломатлиги учун хавфсизлиги гаровланган бўлади.
Аммо бундай идишлардан фойдаланиш қоидалари бузилганда, масалан, юқори ҳарорат, идишлардан қайта фойдаланишда зарарли моддалар ажралиши ва саломатликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Пластик идишлар, одатда, поливинилхлорид (ПВХ), полипропилен, полиэтилен, полистирол ва поликарбонатдан тайёрланади. Бу полимер материаллар вақт ўтиши билан, ишлатиш муддати тугагандан сўнг организм учун зарарли бўлган моддалар ҳосил қилади. Шу сабаб, бир марта фойдаланишга мўлжалланган идишлардан (стакан, қошиқ, тарелкалардан) қайта фойдаланиш мумкин эмас.
Меламин моддасидан ишланган пластик идишларни умуман овқат ёки сув учун ишлатиб бўлмайди, сабаби, у ўта зарарли бўлган формальдегид моддасини ҳосил қилади.
Саволга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот хизмати кўмагида жавоблар тайёрланди.