Лицей психологи қайси фандан дарс берса бўлади?
Таҳририятимизга Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қошидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейидан бир неча савол келиб тушди. Қуйида мазкур саволларни мутахассис жавоблари билан эътиборингизга ҳавола этяпмиз.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қошидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейининг тасдиқланган штатлар жадвалида кўрсатилган чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси лавозимида 1 штат бирлигида ишловчи ходимнинг миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фанидан ҳафтасига 6 соат дарс юкламасини ўзининг асосий штат бирлигига қўшиб олиб боришига рухсат бериладими?
— Мазкур академик лицейнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик хонаси раҳбари лавозимидаги мутахассиснинг ихтисослиги тўғри келмаганлиги сабабли миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фанидан машғулотларни олиб боришига рухсат этилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қошидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейида бўлинма раҳбари лавозимида 1 штат бирлигида ишловчи ходимнинг ўз мутахассислиги бўйича математика фанидан ҳафтасига 10 соат дарс юкламасини асосий штат бирлигига қўшиб олиб боришига рухсат этиладими?
— Бўлинма раҳбари лавозимидаги ходим ўз мутахассислиги бўйича математика фанидан дарс ўтиши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 1 августдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 165-сонли қарорига асосан, раҳбар ходимларнинг ички ўриндошлик асосида бир ўқув йилида 360 соатгача ҳажмдаги ўқув машғулотларини ўтишига рухсат этилади.
Мутахассислиги бўйича психолог (руҳшунос) лавозимида 1 штат бирлигида ишловчи ходим оила психологияси фанидан ҳафтасига 2 соат дарс юкламасини асосий штат бирлигига қўшиб олиб боришга қонунан ҳақлими?
— Психолог (руҳшунос) лавозимида ишловчи мутахассис оила психологияси фанидан дарс ўтиши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 1 августдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 165-сонли қарорига асосан раҳбар ходимларнинг ички ўриндошлик асосида бир ўқув йилида 360 соатгача ҳажмдаги ўқув машғулотларини ўтишига рухсат берилади.
Мутахассислиги бўйича мусиқа асбобларини таъмирловчи-созловчи уста лавозимида 1 штат бирлигида ишловчи олий маълумотли ходимнинг ўз мутахассислиги бўйича мусиқа фанидан ҳафталик 10 соат дарс юкламасини асосий штат бирлигига қўшиб олиб борилишига йўл қўйиладими?
— Олий маълумотли раҳбар ходимнинг мутахассислиги бўйича ички ўриндошлик асосида бир ўқув йилида 360 соатгача ҳажмдаги ўқув машғулотларини ўтишига рухсат этилади.
Саволларга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг бош бошқарма бошлиғи Саидмурод НИЯЗБЕКОВ жавоб берди.