Фарзандим 3 ёшга тўлгани йўқ, лекин ишлаш ниятидаман
— Фарзандим ҳали 3 ёшга тўлгани йўқ, лекин ишлаш ниятидаман. Аммо белгиланган янги тартиб-қоидага кўра, мактабгача таълим муассасаси болани 3 ёшга тўлмасдан қабул қилмайди. Агар боламга қараб турувчи шахс бўлса, ишлашим мумкинми?
Ҳафиза АБДУЛЛАЕВА, уй бекаси
— Меҳнат қонунчилигида 3 ёшга тўлмаган фарзанди бор аёлни ишга олмасликка ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 528-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида низомга мувофиқ, давлат мактабгача таълим муассасасига 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади. Бу эса ота-онанинг меҳнат қилиш ҳуқуқини чекламайди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 224-моддасига асосан, бундай тоифадаги шахсларга ишга киришда кафолат берилган. Яъни, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт.
Саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлими мудири Ҳамидулла ПРЕМКУЛОВ жавоб берди.