Соатбай асосида ҳақ тўлашда қайси жиҳатлар ҳисобга олинади?
Бугунги кун педагоглари таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотларни теран англаган, ҳуқуқий саводхонлиги кун сайин ўсаётган илғор зиёли қатлам сифатида намоён бўлаяпти. Бу уларнинг ўз иш фаолиятида учраётган айрим масалаларга ҳуқуқий ечим излаб йўллаётган саволларида ҳам яққол кўринмоқда. Қуйида эътиборингизга педагоглардан келган шундай саволларга Халқ таълими вазирлиги мутахассисларининг жавоблари ҳавола этилмоқда.
* * *
Савол : 2014-2015 ўқув йилида асосий иш жойимдан ташқари қўшни мактабда ҳам дарс бердим. 2014 йилнинг сентябрь — декабрь ойларида тўлиқ иш ҳақи олдим. 2015 йилдан соатбай асосида ҳақ тўланиб, ўтган тўрт ой давомидаги маошимдан ҳам шунга мувофиқ равишда ушлаб қолинди. Меҳнат таътили учун ҳам ҳақ тўланмади. Шу тўғрими?
Ўқитувчи меҳнатига соатбай асосида ҳақ тўлашда малака тоифаси ва дафтар текшириш ҳисобга олинадими?
Садат ЖОБИЕВ, Чироқчи тумани
Жавоб: — Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сонли қарори билан тасдиқланган “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида”ги низомнинг 12-бандида бошқа муассасалардан жалб этиладиган ўқитувчилар ва бошқа мутахассисларнинг, шу жумладан, ўриндошлик асосида бошқа мактаблардан жалб этиладиган ўқитувчилар ва мутахассисларнинг педагогик иши учун меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш белгиланган.
Бундан ташқари, Адлия вазирлигида 2015 йил 15 октябрда 2719-сон билан рўйхатга олинган “Ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари”га биноан соатбай ҳақ тўлаш миқдори таркибига меҳнат таътили ҳақи киритилган ҳамда ўқитувчиларнинг меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш миқдори уларнинг малака тоифасига қараб табақалаштирилган.
Умумтаълим муассасалари ўқитувчиларига, шу жумладан, соатбай асосида фаолият юритаётган ўқитувчиларга математика, тил ва адабиёт фанларидан дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик учун қўшимча тўловлар амалга оширилади.
* * *
Савол: Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 275-сонли қарори 4-иловасининг 21-бандида “Умумтаълим муассасалари ходимларига моддий ёрдам уларнинг мурожаатига кўра ёки умумтаълим муассасаси касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси бўйича фавқулодда ҳолларда кўрсатилади (яқин қариндоши вафот этганда, оғир касалликка чалинганда, табиий офатдан зарар кўрилганда ва ҳоказо)” дейилган. “Яқин қариндошлар” деганда кимлар назарда тутилади?
А.ҲОДИЕВ, Шофиркон тумани
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сонли қарори билан тасдиқланган “Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси тўғрисида”ги низомнинг 21-бандида умумтаълим муассасалари ходимларига моддий ёрдам уларнинг мурожаатига кўра ёки умумтаълим муассасаси касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси билан фавқулодда ҳолларда (яқин қариндоши вафот этганда, оғир жароҳат олганда, оғир касалликка чалинганда, табиий офатдан зарар кўрганда) кўрсатилиши белгиланган. Ходимнинг яқин қариндошларига унинг оила аъзолари киради.
* * *
Савол: Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабнинг
8-синфини тугатган ўқувчи ўқишни бошқа мактабдаги таълим рус тилида олиб бориладиган синфда давом эттирса бўладими?
У.ДАВЛАТОВ, Пастдарғом тумани
Жавоб: — Республикамиздаги умумий ўрта таълим мактабларида таълим 7 тилда бир хил давлат таълим стандартлари асосида олиб борилади. Агар фарзандингиз рус тилини билса, ўқишни таълим рус тилида олиб бориладиган синфда давом эттирса бўлади. Бироқ ўзбек тилида таълим олган ўқувчи рус тилидаги баъзи илмий ибораларни, фанлардаги назарий қоидаларни тушунишда қийналиши ва бу унинг билимига таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис фарзандингизнинг рус тилини билиш даражасидан келиб чиқиб мазкур ишни амалга оширишингиз лозим