Мактабимизга қачон компьютер келади?
Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни жонлантириб юборди. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури асосида жойларда Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилгани фуқароларнинг ўзини қийнаётган муаммоларга ечим излаб давлат идораларига мурожаат қилиш имкониятини кенгайтириб, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Таҳририятимизга ҳам халқ таълими тизими ходимлари, ўқитувчи-педагоглардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Қуйида ушбу саволларга Халқ таълими вазирлиги мутахассислари томонидан берилган жавобларни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
Савол:
1. Қишлоқ жойларда синф ўқувчилари сони неча нафар бўлганда рус тили дарслари 2 гуруҳга бўлиниб ўқитилади?
2. Рус тили ўқитувчилари учун тўланадиган 15 фоизлик қўшимча ҳақ ҳозирги вақтда ҳам амалдами? Агар тўланмаётган бўлса, қандай асосга кўра бекор қилинган?
Т.ҲАМРОЕВ,
Булоқбоши туманидаги 21-мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси
Жавоб:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 140-сонли қарорига мувофиқ малакали ўқитувчилар етарли бўлган ҳолда ўқувчилар сони 25 нафар ва ундан зиёд бўлган умумий ўрта таълим муассасаларининг II—IX синфларида рус тили машғулотларини икки гуруҳга бўлиб ўтишга рухсат этилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сонли “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорининг 36-иловасига асосан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб қишлоқ жойларда ва шаҳар типидаги посёлкаларда жойлашган мактабларнинг таълим рус тилида олиб борилмайдиган синфларида дарс ўтган рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига ҳамда жойлашувидан қатъи назар таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган синфларда ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига тўлаб келинган 15 фоизлик устама бекор қилинган.
* * *
Савол:
1. Мен 1984 йили Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли педагогика билим юртини бошланғич таълим ўқитувчиси, бошланғич синфда рус тили ўқитувчиси мутахассислиги бўйича битирдим. Шундан буён она тили, ўқиш, математика, меҳнат, табиат, физика, мусиқа, рус тили, тасвирий санъат, одобнома, жисмоний тарбия фанларидан машғулот ўтиб келдим. Эндиликда фақат она тили, ўқиш, математика, меҳнат таълими фанларидан ҳафтасига 13 соат дарс ўтишимга рухсат берилди. Шу тўғрими?
2. Олий маълумотли бошланғич синф ўқитувчилари ҳафтасига 18—20 соатдан 25—27 соатгача дарс бериши мумкинми?
3. Шу пайтгача 1-тоифам бор эди. 2012 йилдан бошлаб тоифамни олиб ташлашди, ҳақ тўлашмайди. 2014 йилдан бошлаб устама ҳақлари ҳам берилмаяпти. Шу тўғрими?
4. Мактабимиз 2009 йили март-август ойларида таъмирланган эди. Аммо ҳалигача компьютер жиҳозлари келтирилмади. Мактабимиз зарур АКТ анжомлари билан қачон жиҳозланади?
Жарылқасин ЕРЕКЕЕВ,
Қонликўл туманидаги 6-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси
Жавоб:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 19 июндаги 164-сонли қарори билан тасдиқланган “Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг янгиланган классификатори”да бошланғич синф ўқитувчисига камида ўрта махсус педагогик маълумот – малака талаби белгиланган.
Қайси ўқитувчига, қайси синфларда, неча соат дарс ажратилишини мактабда шу фанлар бўйича фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг маълумоти, стажи, иш тажрибасини ўрганган ҳолда тегишли фан методик бирлашмаси ва педагогика кенгаши тавсия ва хулосалари асосида мактаб маъмурияти ҳал қилиши лозим.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 275-сонли қарори билан тасдиқланган Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида низом(3-илова)нинг 15-бандига асосан — ўқитувчиларнинг йиллик иш режаси чораклар ва ойлар бўйича тақсимланган бир йилдаги 1548 соат миқдоридаги иш вақтининг жамланган ҳисобидан келиб чиқади.
Ушбу низомнинг 18-бандига асосан, алоҳида ҳолларда халқ таълими муассасаларида ходимнинг розилиги билан касблар (лавозимлар)ни бирга қўшиб олиб боришга, шунингдек, ўзининг асосий иши билан ишда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажаришга йўл қўйилади. Бунда лавозимларни бирга қўшиб олиб бориш бўйича иш вақтининг жами давом этиши низомнинг 15-бандида назарда тутилган жами иш вақтининг 50 фоизидан, яъни йил мобайнида 774 соатдан ортиқ бўлмаслиги керак.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 апрелдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 107-сонли қарори билан тасдиқланган “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”нинг 5-бандига асосан аттестация мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари педагог кадрлари учун ҳар беш йилда, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари педагог кадрлари учун ҳар уч йилда бир марта ўтказилади.
Мазкур низомнинг 54-бандига асосан сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган педагог кадрларга мутахассис ўқитувчи лавозими бўйича ҳақ тўланади. Устама ҳақларининг тўланиши ўқитувчининг тоифасига боғлиқ эмас.
4. Қонликўл туманидаги 6-мактабнинг ўқув-компьютер синфи жорий йил давомида Жанубий Кореянинг Эксимбанки кредит маблағлари ҳисобидан компьютер техникалари билан жиҳозланишини маълум қиламиз.
* * *
Савол:
1.2016 йил март ойида давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтиб, 2-тоифадан 1-тоифага кўтарилдим. Аммо 1-тоифага ўтганим ҳақидаги сертификатни 2016 йил декабрь ойига келиб беришди. Шу боис 2017 йил январь ойидан менга 1-тоифа бўйича иш ҳақи тўланмоқда. Бироқ 2016 йилнинг сентябрь, октябрь, ноябрь, декабрь ойларидаги 1-ва 2-тоифалар орасидаги фарқ суммаси тўланмади. Шу тўғрими?
Карим ИСМОИЛОВ,
Сариосиё туманидаги 32-мактаб ўқитувчиси
Жавоб:
Малака тоифаси аттестация комиссияси қарор қабул қилган кундан ҳисобланади. Педагог кадрларга аттестация хулосалари натижаларига кўра ўрнатилган тартибда малака тоифасини бериш тўғрисида белгиланган шаклдаги сертификат топширилади. Сизга сертификатнинг ўз муддатида топширилишига халқ таълими бошқаруви органи, яъни, Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси масъул.
* * *
Савол:
1. Косон тумани ХТМФМТТЭБга қарашли умумтаълим муассасаларида 200 нафардан зиёд қайта тайёрловдан ўтган ўқитувчилар дарс бериб келмоқда. Халқ таълими вазирлигининг 2007 йил 3 апрелдаги 90-сонли буйруғи ва унга асосланган низомнинг 4-бандида “Педагогик кадрларни қайта тайёрлаш натижасида олинган диплом иккинчи олий маълумот ҳақидаги ҳужжат мақомига эга эмас, у фақат муайян фанлар ва курслар бўйича ўқув-машғулотлари олиб бориш ҳуқуқини беради”
дейилган. Шундай қайта тайёрловдан ўтган ўқитувчи мактабда неча соатгача дарс ўтиши мумкин?
2. Қайта тайёрловдан ўтиб фаолият юритаётган ўқитувчи малака тоифаси олиш учун аттестацияга кирса ёки устама олиш учун мактаб раҳбариятига мурожаат этса бўладими?
3. Қарши давлат университетининг педагогика-психология йўналишини тамомлаб, бошланғич синф ўқитувчиси сифатида қайта тайёрловдан ўтгач, олий маълумотли бошланғич синф ўқитувчиси каби ўқувчиларга дарс берса бўладими?
М.ХОЛИЁРОВА
Косон тумани Оброн қишлоғи
Жавоб:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 августдаги “Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 234-сонли қарорига мувофиқ қайта тайёрлаш натижасида берилган ҳужжат (диплом) фақат муайян фан бўйича ўқув машғулотларини олиб бориш ҳуқуқини беради ҳамда унга ажратилган дарс соатлари амалдаги дарс соатлари тақсимотлари тартиби асосида берилади.
2. Умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган олий маълумотли, лекин тегишли педагогик ёки касбий маълумотга эга бўлмаган ходимларга малака тоифаларини белгилаш (ўзгартириш)да уларнинг қайта тайёрлаш курсларидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг мавжудлиги инобатга олинади, ўқитувчиларга устамалар белгилашда ҳам мазкур тартиб бўйича иш юритилади.
3. Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлашнинг мақсади — меҳнат бозори, шахс, давлат ва жамиятнинг ўзгарувчан эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда халқ таълими муассасаларида (мактабгача, умумий ўрта, мактабдан ташқари таълим ва бошқа муассасаларда) фаолият олиб бораётган олий маълумотли, лекин тегишли педагогик ёки касбий маълумотга эга бўлмаган ходимларнинг қўшимча ихтисослик бўйича касбий билим ва кўникмаларини мавжуд давлат таълим стандартлари ёки талаблари асосида шакллантиришдан иборат бўлиб, қайта тайёрлаш курсларидан ўтган кадр дипломда кўрсатилган муайян фан бўйича ўқитувчи сифатида фаолият кўрсатиши мумкин.