Ўқитувчиларнинг иш соати
Савол: Ўқитувчиларнинг иш соати 1 астрономик соат(60 дақиқа)ми ёки 1 академик соат(45 дақиқа)ми?
Нозима АБДУРАҲМОНОВА
Қамаши тумани
Жавоб: Ишчи-ходимларнинг иш вақтини белгилашда республика бўйича умумий тартибда астрономик соат(60 дақиқа) ҳисобланади. Академик соат(45 дақиқа) мактаб ўқувчиларининг психофизиологик ҳолатини инобатга олган ҳолда бир дарс соатининг давомийлигини инобатга олиб белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 133-сонли қарорининг 4-иловаси билан тасдиқланган “Алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги қисқартирилган иш куни белгиланадиган ходимлар рўйхати”га ўқитувчилар ҳам киритилган. Агар юқори синф ўқитувчисининг ҳафталик дарс юкламаси 20 соат қилиб белгиланган бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сонли қарорига мувофиқ, ўқитувчининг ҳафталик иш юкламаси ҳар бир ўқув соатини 0,8 коэффициентга кўпайтириш натижасида 16 соат қўшиш орқали 36 соат қилиб белгиланган. Шунга кўра, ўқитувчи дақиқа ҳисобида 900 ёки 15 (астрономик) соат ўқувчилар билан ишласа, қолган 21 соатни иш юкламасида белгиланган бошқа вазифалар ҳамда мактаб раҳбарияти берган топшириқларни бажаришга сарфлаши лозим.
Саволга Халқ таълими вазирлигининг давлат таълим стандартларини такомиллаштириш ва таълим сифати мониторинги бошқармаси етакчи назоратчиси Сафарали ҲАМРОЕВ жавоб берди.