Таълим ва ғоявий тарбия омиллари
Тошкент иқтисодиёт ва бизнес коллежида “Таълим ва ғоявий тарбиянинг уйғунлиги” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази мутахассислари, Ички ишлар академияси Олий академик курслари тингловчилари, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессор-ўқитувчилари, тарих факультетининг 4-курс амалиётчи талабалари, коллеж ўқитувчилари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда “Ўзбекистонда ёшлар сиёсати: таълим ва ғоявий тарбия”, “Глобал хавфсизликка таҳдид солаётган экстремистик оқимлар”, “Диний экстремизм ва терроризмнинг ижтимоий хавфи, инсониятга бугунги таҳдиди”, “Таълим жараёнида ёшларда ғоявий иммунитетни шакллантириш” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Энг муҳими, мамлакатимизда навқирон авлоднинг жисмонан соғлом, маънан баркамол вояга етиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилгани ўқувчиларга содда ва ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва бу борадаги ишларни изчил давом эттириш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, ёшларни, айниқса, вояга етмаганларни турли экстремистик, террористик, миссионерлик оқимлар, “оммавий маданият” ва бошқа ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларда ана шу иллатларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ўқувчилар ўз истеъдод ва маҳоратларини намоён этиши учун шарт-шароитлар яратиш кераклиги атрофлича таҳлил этилди. Шунингдек, ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича амалий таклифлар билдирилди.
Аброр УМАРҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири
Б. РИЗОҚУЛОВ олган сурат .