«Нима қилдик Ватан учун?»
Истиқболига бефарқ бўлмаган, келажак тақдирини эл равнақига камарбаста билган инсонгина ушбу саволни ўз-ўзига бера олади. Ҳаммадан ҳам кўпроқ бу савол ёшлар онгидан ўрин олса, унга муносиб жавоб саъй-ҳаракатларида акс этса, беҳад суюнамиз.
Нега? Чунки жамият тараққиётини, юрт келажагини белгиловчи асосий куч — улар. Шу маънода мустақил фикрга эга, турли маънавий хуружларга қарши собит тура оладиган, иродали, фидойи, ватанпарвар ёшларни тар¬бия¬лаш ҳар жиҳатдан муҳимдир.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан “ Нима қилдик Ватан учун?” ёхуд “Биз ёшлар гиёҳвандлик ва терроризмга қаршимиз!” шиори остида ташкил этилган ёшлар фестивали бу борадаги ишларнинг амалий ифодаси бўлди, десак янглишмаймиз.
* * *
Нукус шаҳрида ташкил этилган тадбирлардан ҳам кўринадики, мазкур фестиваль ёшларни соғлом муҳитда тарбиялаш, улар онгида эзгу ғоя ва фикрларни қарор топтиришни назарда тутади. Ушбу мақсад ижодий чиқишларда — ўзбек ва қорақалпоқ санъаткорлари, шоир ва ёзувчилар, иқтидорли ёшлар иштирокида ўз аксини топди.
— Юртимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни кўз олдимга келтирар эканман, — дейди “Ниҳол” мукофоти совриндори Широз Турсунбоев, — уларда озгина бўлса-да менинг ҳам ҳиссам борми, деган саволга изоҳ излайман ва жавобни ўз касбимдан топгандек бўламан. Санъаткор кайфият улашувчидир. Кўтаринки кайфият эзгу ишларга йўл очади, соғлом ғоялар туғилишига замин яратади. Менинг мақсадим — қўшиқ орқали инсонларни яхшиликка ундаш, улар қалбида Ватанга муҳаббат, садоқатни кучайтиришдир.
Дарҳақиқат, қўшиқ — кўнгил маҳсули. Қўшиқсиз кунимиз ўтмайди, қўшиқсиз тўйлар бўлмайди. Мустақил Ватанимиз, осойишта турмушимизга эса байрамлар, тўйлар ярашади. Шу маънода фестиваль чинакам санъат байрамига айланди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак, Кегейли туманларидаги маданият ва аҳоли дам олиш масканларида, Чимбой туманидаги мурувват уйи ҳамда Хўжайли туманидаги 1-меҳрибонлик уйида ҳам концерт дастурлари, иқтидорли ёшлар билан давра суҳбатлари ташкил этилди.
* * *
“Нима қилдик Ватан учун?” ёхуд “Биз ёшлар гиёҳвандлик ва терроризмга қаршимиз!” шиори остида ташкил этилган ёшлар фестивали Жиззах вилоятида ҳам тантанавор шукуҳда ўтди.
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Ёшлар маданият маркази давлат унитар корхонаси ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги қошидаги “Ёшлар клуби” томонидан ўтказилган мазкур фестиваль доирасида вилоятнинг маданият ва аҳоли дам олиш марказларида машғулотлар, концертлар ташкил этилди. Мусиқа ва санъат мактабларида маҳорат сабоқлари ўтказилди. Меҳрибонлик ва мурувват уйлари, имконияти чекланган болаларга мўлжалланган муассасаларда учрашувлар уюштирилди.
“Сўғдиёна” спорт мажмуасида бўлиб ўтган гала концертга юзлаб жиззахлик ёшлар ташриф буюрди. Таниқли санъаткорлар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, кино ва театр актёрлари иштироки тадбирга кўтаринки кайфият бахш этди. Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳадаги тараққиёти ўзига хос саҳна кўринишларида ўз аксини топди. Эркин Худойқулов, Исроил Саидумаров, Азиз Ражабий, Масрур Усмонов, Ёдгор Мирзажонов каби хонандаларнинг чиқишлари ёшларга олам-олам завқ бағишлади.
— Бундай учрашувлар бизларни янада аъло ўқишга, келгусида мамлакатимизнинг муносиб ворислари бўлишга чорлайди, — дейди Жиззах шаҳридаги Сайилжой академик лицейи ўқувчиси Моҳларойим Эргашева. — Фестиваль биз ёшларни бир мақсад йўлида бирлашишга, келажагимизга дахлдорлик туйғусини ошириш, огоҳлик ва ҳушёрликка даъват этади.
Фестиваль таассуротлари ёшларни истиқлол берган улуғ неъмат — тинчлик ва хотиржамликни кўз қорачиғидек асрашга бор куч ва маҳоратларини сарфлашга чорлагани, шубҳасиз.
* * *
Самарқанд вилоятида фестиваль доирасида “Ижодим сен учун бахшида, Ватан!”, “Ҳурмат ва иззат ила” каби мавзуларда ўтказилган маънавий-маърифий, ижодий учрашувларда фаол ва ташаббускор, истеъдодли талаба-ёшлар иштирок этишди.
Жума шаҳридаги “Ёшлар” истироҳат боғида ёш ҳунарманд ва рассомларнинг ижод намуналаридан иборат кўргазмалар ташкил этилди.
— Бу каби ташаббуслар бизни янада масъулиятли бўлишга ундайди, — дейди вилоят ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати директори Гулфинисо Қўчқорова. — Мактаб-интернатимизда иқтидорли ёшлар кўп. Улар яратаётган ижод намуналарини кўриб, ўз келажагига теран кўз билан назар ташлаётган, касбини ардоқловчи, турли жабҳада кечаётган бунёдкорликларга муносиб ҳисса қўшишга қодир иқтидор эгалари борлигидан хурсанд бўламан.
— Кўргазмада “Гиёҳвандлик — соғлом турмуш тарзи кушандаси” номли асарим билан қатнашдим, — дейди мактаб-интернат ўқувчиси Акобир Қурбонов. — Унда зарарли иллатларнинг инсон ҳаётига нақадар хавф солиши, тўғри йўлдан оғдириши акс этган. Ўйлайманки, биз ёшлар бу каби иллатлардан ўз вақтида огоҳ бўлишимиз, тенгдошларимизни ҳам сергакликка чорлашимиз зарур.
Фестиваль якунида Самарқанд педагогика коллежи амфитеатрида таниқли санъаткорлар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари ҳамда “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танлови ғолиблари иштирокида гала концерт намойиш этилди.
* * *
Гиёҳвандлик ва терроризм дунё аҳолисига энг кўп хавф солаётган таҳдидлардан ҳисобланади. Мамлакатимизда ана шу иллатларга қарши кураш тизимли равишда олиб борилмоқда. “Нима қилдик Ватан учун?” ёхуд “Биз ёшлар гиёҳвандлик ва терроризмга қаршимиз!” шиори остида бўлиб ўтган ёшлар фестивали ана шундай ишларнинг амалий кўринишларидан биридир.
Акция олдидан Гулистон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси”да ўқувчилар, педагог ва ота-оналар иштирокида соғлом турмуш тарзига амал қилиб келаётган бахтли ва ибратли оила вакиллари, эл суйган инсонлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари, ижодий кўргазмалар ташкил этилди. Гиёҳвандлик ва терроризм каби глобал муаммолар ҳақида мустақил фикрлар ўз ифодасини топган иншолар ёзилди.
Вилоятдаги спорт, мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари иштирокидаги чиқишлар фестивалга чинакам байрам шукуҳини бахш этди. Вилоят драма театрининг етакчи актёрлари иштирокида намойиш этилган “Гиёҳвандлик — иллат” саҳна кўриниши фестивалга йиғилганларни ҳаяжонга солди.
Фестиваль пойтахтдан ташриф буюрган Дилшод Раҳмонов, Дилфуза Раҳимова каби таниқли эстрада хонандалари, “Сирдарё наволари” академик ашула ва рақс ансамбли жамоаси иштирокидаги гала концерт билан якунланди.
* * *
Осойишта элда яшашнинг ўзи бахт. Эл корига ярамоқ эса чинакам саодатдир. Бугун мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган чексиз эътибор ва ғамхўрликни ягона фикр билан изоҳлаб бўлмайди. Айтиш мумкинки, истиқлол нафасини туйиб улғаяётган ёшлар ўз салоҳияти, иқтидор ва истеъдодини туғилиб ўсган диёрга муносиб бўлиш учун сафарбар этишган. Бу ҳаракат уларнинг “Нима қилдик Ватан учун?” деган хитобга амалий жавоб бериш йўлидаги изланиш ва интилишларида ўз аксини топмоқда.
“Нима қилдик Ватан учун?” ёхуд “Биз ёшлар гиёҳвандлик ва терроризмга қаршимиз!” фестивали Тошкент шаҳри бўйлаб жорий йилнинг 8-9 сентябрь кунлари бўлиб ўтди. Мирзо Улуғбек тумани маданият ва аҳоли дам олиш марказида “Ижодим сен учун бахшида, Ватан!” маданий-маърифий тадбири, Олмазор туманидаги 1-мурувват уйи ҳамда Юнусобод туманидаги 23-меҳрибонлик уйида “Ҳурмат ва иззат ила” номли маданий дастур ташкил этилди.
Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида “Ёш иқтидорлар кўргазмаси” ўтказилиб, унда ёш ҳунарманд ва рассомларнинг миллий анъаналаримизни ўзида акс эттирган ижод намуналари иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.
Бир сўз билан айтганда, фестиваль ёшларни Ватанга муҳаббат, мустақиллик ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва фидоийлик руҳида тарбиялаш, уларда мавжуд шароит ва имкониятларга шукроналик ҳиссини ошириш, шунинг баробарида турли иллатларга қарши курашувчан руҳда камол топтириш каби мақсадларни ўзида қамраб олди.
Ёшлар фестивалининг якуний гала концерти “Туркистон” санъат саройида ўтказилди.
* * *
“Нима қилдик Ватан учун?” ёхуд “Биз ёшлар гиёҳвандлик ва терроризмга қаршимиз!” шиори остида ташкил этилган ёшлар фестивалининг мамлакат босқичи Термиз шаҳрида бўлиб ўтди . Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш ҳамда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмалари ҳамкорлигида ўтказилган фестивалда маданият ва санъат соҳаси мутахассислари, ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, педагоглар, фаол ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Маданият ва санъат коллежлари, мусиқа ва санъат мактабларида маҳорат сабоқлари, жойлардаги маданият ва аҳоли дам олиш марказларида қизиқарли машғулот ва концертлар ташкил этилди. Ёш рассомлар ва ҳунармандларнинг ижодий ишлари кўргазмалари намойиш қилинди.
— Мамлакатимизда биз, ёшларнинг пухта билим олишимиз, истеъдод ва салоҳиятимизни кенг намоён этишимиз учун барча шароит яратилган, — дейди Термиз давлат университети талабаси Азиз Машрапов. — Шу йил бўлиб ўтган “Юксак маънавиятли авлод” ва “Юрт келажаги” кўрик-танловларининг якуний босқичида биринчи ўринга муносиб топилганимдан мамнунман. Ёшларга билдирилаётган бундай ғамхўрлик ва ишонч бизни кўпроқ изланиш, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ундамоқда.
Фестивалнинг республика босқичи Термиз шаҳридаги муҳташам амфитеатрда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Зиёда Қобулова, Абдурашид Йўлдошев, “Ниҳол” мукофоти совриндори Умида Хўжаева, хонанда Ботир Қодиров ва санъат усталари, ижодкор ёшлар, болалар ансамблининг Ватан, истиқлол ва тинчликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари, халқаро мусобақа ғолибларининг кўргазмали чиқишлари билан якунланди.
Несибели МАМБЕТИРЗАЕВА,
Абдусаттор СОДИҚОВ,
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
Бойжигит АБДУЛЛАЕВ,
Акмал ЖУМАМУРОДОВ,
“Ma’rifat” мухбирлари
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган суратлар.