Ёш тадбиркор — юртга мададкор
Ёшларни тадбиркорлик ва ишбилармонликка йўналтириш, ўз бизнесини ташкил этиш борасида яратилган шарт-шароитлар, имкониятлардан унумли фойдаланиб, юртимиз иқтисодиётини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган касб-ҳунар коллежи битирувчилари бугун юртимизда кўплаб топилади.
Умиджон Асадов ҳам ана шундай ёшлардан. Унинг Қарши агробизнес ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежида таҳсил олиб юрган кезлари кўнглига тугиб, хомчўтлаб қўйган режаларидан бири амалга ошди. Ёш тадбиркор банкдан 11 миллион 200 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, ўзи истиқомат қилаётган Қарши шаҳридаги Арабхона маҳалласида “Аслбек паррандачилик” оилавий корхонасига асос солди. Умиджоннинг мақсади аниқ. Оилавий корхона ишларини ривожлантириб, эл дастурхонини парҳезбоп гўшт билан таъминлашга ўзининг камтарона ҳиссасини қўшишдир.
— Яратилган ишбилармонлик муҳитидан унумли фойдаланиб, воҳамиз аҳолисининг парҳезбоп товуқ гўштига бўлган эҳтиёжини қондиришга ҳаракат қилмоқдамиз, — дейди ёш тадбиркор. — Паррандачиликни ривожлантириб, етарлича даромадга эга бўлгач, кўптармоқли кичик корхона ташкил этмоқчиман. Унда чорвачилик, жумладан бўрдоқичилик, боғдорчилик кенг йўлга қўйилиб, тайёр маҳсулотларни қайта ишлашга эътибор қаратилади. Шунингдек, савдо-сотиқ, маиший хизмат каби соҳалар ҳам ривожлантирилади ва янги иш ўринлари ташкил этилади.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашда уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этишнинг аҳамияти катта эканини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Шу маънода Қашқадарё вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳафтанинг ҳар сешанба кунини “Хотин-қизларни тадбиркорликка йўналтириш куни” деб белгилагани ҳам бежиз эмас. Бу борада вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Тадбиркор аёл” уюшмаси вилоят бўлими, Марказий банк вилоят бошқармаси, тадбиркорларни рўйхатга олиш бўлимлари билан ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилган. Коллеж битирувчи қизларини иш билан таъминлаш юзасидан “Ўзбегим дурдоналари”, “Касбим — фахрим”, “Қўли гулдир ўзбек аёлин” каби мавзуларда ўқув-семинарлар ташкил этиб борилади. Ўтказилган тадбирлар натижасида 3000 нафардан ортиқ битирувчи қиз турли касб эгалари билан юзма-юз мулоқотда бўлди. Устоз-шогирд йўналишида қўшимча ҳунар ўрганди.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Қарши давлат университети ҳамкорлигида тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган битирувчи қизлар учун ўқув-семинарлар ташкил этилиши ишбилармонлик муҳитини яратишда муҳим омил бўлмоқда. Худди шунингдек, “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши қошидаги “Ёш тадбиркор” консультатив маркази томонидан ишлаб чиқилган “Тадбиркорлик — фаровон ҳаёт сари” мавзусидаги лойиҳада 500 нафар ёшлар иштирок этди. Улар орасидан 20 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчисига имтиёзли кредит олиш учун махсус сертификатлар топширилди.
— Туман марказидаги озиқ-овқат дўконларида бўлиб, биз ишлаб чиқараётган қандолат маҳсулотлари борлигидан жуда ҳам қувондим, — дейди қамашилик ёш тадбиркор қиз Муҳайё Ражабова. — Қарши банк коллежини битирганман. Бизнес лойиҳамга кўра 5 миллион 900 минг сўм имтиёзли кредит олиб, туманимиз марказида қандолатчилик кичик цехини ташкил этдим ва иш бошладим. Ҳозирча уч киши фаолият олиб бормоқдамиз. Тайёрлайдиган ширинликларимиз харидорлар дидига мос тушаётганидан мамнунмиз. Келажакдаги режаларимиз маҳсулот турларини кўпайтириб, иш ўринларини кенгайтиришдир. Шу нарсага амин бўлдимки, тадбиркор кучли молиячи бўлмоғи керак экан. Коллежнинг молия йўналишида таълим олиб, пухта билимга эга бўлганлигим боис бу борадаги қийинчиликларга осон ечим топдим.
Коллежнинг банк иши йўналиши битирувчиси Мафтуна Одилованинг ҳам қувончлари чексиз. У коллежни тамомлаш арафасида банкдан 25 миллион сўм миқдорида кредит олиб, Қарши шаҳрида тикувчилик цехи ташкил этган ёш тадбиркорлардан биридир. Эркаклар костюм-шими, аёлларнинг чиройли бежирим либослари тайёрланадиган цехнинг эшигини қоқиб келувчилар сони кун сайин ортиб бормоқда.
— Цехимизга ташриф буюраётган мижозларни кўриб, яйраб кетаман, — дейди Мафтуна Одилова. — Уларнинг дидини обдон ўрганиб чиқиб, ўзларига ёққан фасонда кийим-кечаклар тайёрлаб беришга ҳаракат қилмоқдамиз. Имкониятларимиз тобора кенгайиб бормоқда. Келажакда болалар кийим-кечаклари, келинлар либослари тайёрлашни ҳам йўлга қўймоқчиман. Ёш тадбиркор сифатида шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, ҳукуматимиз томонидан бизларга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан оқилона фойдаланиб, халқимиз ишончини оқлашимиз керак. Шундагина киши ҳеч қачон кам бўлмайди.
— Коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш, уларга ўз бизнесини ташкил қилиш учун кенг имкониятлар яратиш ҳамда бошланғич сармоя сифатида микрокредитлар беришнинг соддалаштирилган механизмлари жорий этилмоқда, — дейди Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси масъул ходими Шерзод Жовлиев. — Бунга кўра, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган битирувчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат органлари ва тижорат банклари томонидан яқиндан амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида шаҳар ва туманларда “Бир дарча” сайёр нуқталари ташкил этилган. Улар орқали эса 4479 нафар битирувчилар 26 миллиард 304 миллион сўм миқдорида кредит олиш учун вилоятдаги тижорат банкларига аризалар топширишган.
“Кексаларни эъзозлаш йили”да тижорат банклари томонидан битирувчиларнинг истиқболли бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 586 нафар битирувчига 10 миллиард 580,4 миллион сўм миқдорида микрокредит ажратилди ва шу ҳисобдан 667та иш ўрни яратилди. Жорий йилда 46 543 нафар битирувчидан 33434 нафарининг (71,8 фоизи) бандлиги таъминланди. Шундан 32774 нафари 18459та корхона ва ташкилотлар билан тузилган уч томонлама шартнома асосида ишга жойлаштирилган бўлса, 660 нафари олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди. Уларнинг 25246 нафари бириктирилган корхоналарга, 7528 нафари бошқа корхоналарга ишга кирди. Битирувчиларнинг 20915 нафари ёки 64 фоизи ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминланди.
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
“Ma’rifat” мухбири