Чиниқиш ва саломатлик гарови
Жиззах туманидаги 14-мактаб ҳам ўтган ҳафта мобайнида ўқувчилар билан ҳар қачонгидан гавжум бўлди. «Умид ниҳоллари» спорт мусобақаларининг туман босқичини ташкил этиш учун айнан мазкур таълим маскани танлангани бежиз эмас. Чунки 24х42 метр ҳажмдаги ёпиқ спорт зали ўғил-қизларнинг қишин-ёзин мунтазам спорт машғулотлари ўтказишига имкон беради.
Тумандаги мактаб ўқувчилари ўз ҳудудларида ғолибликни қўлга киритиб, туман босқичига йўлланма олди. Бунда 1—4-синфлар ўртасида спортнинг мини футбол, шахмат, шашка, енгил атлетика турлари бўйича беллашувлар ўтказилди.
— Ҳудудий босқичда яхши натижага эришганлигим туфайли мусобақаларнинг якуний босқичига йўлланма олдим, — деди 14-мактабнинг 4-синф ўқувчиси, ёш шахматчи Азиза Равшанова. — Бу мусобақада 1 нафардан ўғил ва қиз болалар финал учрашувида қатнашдик. Мактабдошим Фаррух Қаршибоев билан рақибларимиздан устун келган ҳолда туман биринчилигида 1-ўринни олишга муяссар бўлдик.
Енгил атлетика мусобақаларида иштирок этган 31-мактабнинг 4-синф ўқувчиси Муниса Холиқулованинг ҳам қувончи бир олам. У 60 метр масофага югуриш бўйича барча тенгдошларини ортда қолдириб, 1-ўринни эгаллади.
Айниқса, мини футбол мусобақалари ўта муросасизлиги билан ажралиб турди. Ғолиблик учун бор иштиёқини намойиш этган 4-мактабнинг ёш чарм тўп соҳиблари «Умид ниҳоллари»нинг галдаги босқичига йўлланма олди.
— «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларининг туман босқичида 140 нафар ўқувчи иштирок этди, — деди Жиззах туман ХТМФМТТЭ бўлимининг жисмоний тарбия фани бўйича методисти Маматқул Эшмонов. — Унда ўқувчилар енгил атлетиканинг узунликка сакраш, югуриш, эстафета мусобақалари бўйича ўзаро беллашди. Шунингдек, шахмат, шашка, мини футбол мусобақалари ҳам ғоятда қизиқарли ўтди. ўолиб жамоаларга эсдалик совғалари ва дипломлар топширилди.
Айни кунда барча умумтаълим мактаблари юқори синф ўқувчилари ўртасида мазкур йўналишдаги мусобақаларнинг мактаб босқичи давом этмоқда. Улар ҳудудий беллашувларга йўлланма олиб, кейинги босқич мусобақаларида иштирок этиш истагида машғулотларга зўр бермоқда.
Абдусаттор СОДИҚОВ,
«Ма’rifat» мухбири