Умумтехника фанлари мутахассиси физикадан дарс берса бўладими?
Бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар иш фаолиятида учраётган муайян муаммоларга ечим топиш мақсадида таҳририятимизга саволлар билан мурожаат этган. Қуйида мазкур саволларга Халқ таълими вазирлиги мутахассислари тақдим этган жавоблар эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Савол: Иккинчи тоифали француз тили фани ўқитувчисиман. Мактабимиз директорининг айтишича, ота-оналарнинг инглиз тилига талаби юқори бўлаётгани учун француз тилидан дарс соатлари қисқариб, бошқа ўқув муассасаларидан инглиз тили ўқитувчилари соатбай асосида ишга жалб этилаяпти. Аҳвол шу тарзда давом этса, янаги ўқув йилида мактабдаги 3 нафар олий маълумотли француз тили ўқитувчиси дарс соатларисиз қолади. Мактабда француз тилидан дарс берадиган кадрлар бўла туриб бу тилни ўқитишни қисқартириш, мутахассис етишмаслигига қарамай инглиз тили ўқитишни йўлга қўйиш тўғрими?
Д.ЭШОНҚУЛОВА,
Шаҳрисабз туманидаги 27-мактаб ўқитувчиси
Жавоб : — Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги амалдаги меъёрий ҳужжатларига мувофиқ ота-оналар умумтаълим мактабларида фарзандларининг муайян хорижий тилни ўрганиши борасида танлаш ҳуқуқига эга. Мактаб раҳбарияти ота-оналар ва ўқувчиларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда мактаб педагогик кенгаши қарори асосида муайян чет тили учун дарс соатлари ҳажмини амалдаги қонунчилик доирасида ошириши ва қўшимча мутахассисларни жалб этиши мумкин.
Савол: Бухоро давлат педагогика институтининг умумтехника ва меҳнат факультетини тамомлаганман. Айни пайтда ўқитувчи бўлиб ишлаяпман. 2014 йилнинг 1 декабридан 24 декабригача Қашқадарё вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида малака оширдим. Менга тасвирий санъат ва меҳнат фани бўйича малака оширганим тўғрисида сертификат берилди.
Энди тасвирий санъат фанидан дарс беришим мумкинми?
Холбўта БОБОМИРЗАЕВ
Чироқчи тумани
Савол: 1992 йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини педагогика ва тарбиявий иш методикаси ихтисослиги бўйича тамомлаганман. Ўтган йиллар мобайнида турли вазифаларда ишлаб, бошланғич таълим, миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фанидан дарс бердим. Айни пайтда мактаб маъмурияти ва туман ХТМФМТТЭ бўлими мутасаддилари мутахассислигим тўғри келмаслигини рўкач қилиб, дарс соати беришдан бош тортишаяпти. Шу тўғрими?
Маннон ҲАЛИМОВ
Китоб тумани
Савол: 1998 йили Термиз давлат университетини умумтехника фанлари ва меҳнат таълими мутахассислиги бўйича тугатганман. Шу диплом билан умумтаълим мактабларида физика фанидан дарс берсам бўладими?
Абдукарим ҚОБИЛОВ
Қумқўрғон тумани
Савол: 1998 йили Фарғона давлат университетини педагогика ва маданият мутахассислиги бўйича битирганман. Шундан буён Фарғона туманидаги 52-мактабда мусиқа маданияти фани ўқитувчиси бўлиб ишлаб келдим. 2008 йилдан 2012 йилгача ушбу мактабда директор вазифасида фаолият олиб бордим. 2014-2015 ўқув йили бошланиши арафасида дипломим тарификациядан ўтмади. Сабаби, дипломим билан мусиқа маданияти фани ўқитувчиси бўлиб ишлашим мумкин эмас экан. Мактаб маъмуриятининг шу қарори тўғрими?
Абдувоҳид ТЕШАБОЕВ
Фарғона тумани
Жавоб : — Юқоридаги тўртта ҳолатда ҳам сиз бирор фандан дарс бериш ҳуқуқига эга бўлишингиз учун Халқ таълими вазирлигининг 2007 йил 3 апрелдаги 90-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Халқ таълими муассасаларида фаолият кўрсатаётган номутахассис кадрларни тегишли педагогик мутахассисликка қайта тайёрлаш ҳақида низом”га мувофиқ шу фан бўйича ўрнатилган тартибда қайта тайёрлов курсидан ўтишингиз лозим.
Халқ таълими вазирлиги мутахассислари Шерзод ПАРДАЕВ ва Бухорбой АКРАМОВ тайёрлади.
Ишлаб турган пенсионер унга пенсия қай тартибда тўланади?
Савол: Мактабда кутубхона мудираси бўлиб ишлайман. 2015 йил май ойидан нафақага чиқдим. Мактабда ишимни ҳам давом эттираяпман. Лекин шу йилнинг сентябрь ойидан ишим 0,5 ставка бўлиб қолди. Айни пайтда пенсиянинг ҳам ярмини оламан. Ойлик маошим пенсиям миқдоридан оз. Ойлик маошим пенсия миқдоридан оз бўлса, пенсияни тўлиқлигича олишим мумкинми?
М.РАҲМОНОВА,
Булоқбоши туманидаги 25-мактабнинг кутубхона мудираси
Бу саволга Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигидан қуйидагича жавоб олинди:
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 159-бандида:
ишлаб турган пенсионерга пенсия тўлаш, иш вақтининг қанча давом этишидан, ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, шунингдек, шартнома(битим)нинг хусусияти(тури)дан қатъи назар, қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда иш жойи бўйича тўланиши;
2014 йил 1 январдан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган ёшга доир пенсияларнинг минимал миқдоридан паст даромад (гонорар, тақдирлаш пули ва бошқалар) оладиган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланиши;
ишлаб турган пенсионерларга пенсиялар тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланиши кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 26 августдаги ПФ-4751-сон фармонининг 2-бандига биноан, шу йилнинг 1 сентябридан ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори республика ҳудудида 254730 сўм этиб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги ПҚ-1675-сон қарорининг 4-бандига ҳамда Меҳнат кодексининг 155-моддасига биноан барча ташкилотлардаги муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини бажарган бир ставка ишлайдиган ходимларнинг иш ҳақи миқдори Ягона тариф сеткасининг (ЯТС) биринчи разряди ставкаси миқдоридан кам бўлмаслиги кераклиги белгиланган. ЯТС биринчи разряди ставкаси миқдори ҳозирги кунда 322474 сўмни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан белгиланган шартларга биноан ходим асосий ишдан бўш вақтида пул тўланадиган бошқа ишларни ҳам бажариши мумкин деб ҳисоблаймиз.
Мазкур масалада янада тўлиқроқ маълумот олиш учун тегишлилигига кўра Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мурожаат этиш тавсия этилади.