Замонавий таълим муассасалари
2015 йилги Инвестиция дастурининг ижроси юртимиз бўйлаб кенг миқёсли бунёдкорликларнинг қулоч ёйишига хизмат қилиб, ҳар йили минглаб ўғил-қизларнинг замонавий иншоотларда таълим олишига ҳам имкон яратаётир.
Жумладан жорий йилда Хонқа туманидаги 9-мактабда ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, педагогик жамоа ҳамда ўқувчилар 2015-2016 ўқув йилини муҳташам таълим масканида давом эттирмоқда.
180 ўринга мўлжалланган икки қаватли бинодаги ёруғ ва шинам синфхоналар, биология, кимё, физика ва чет тили кабинетлари янги ўқув жиҳозлари билан тўлиқ таъминлангани қалбида чуқур билим эгаллашга иштиёқ жўш урган ўғил-қизларни беҳад бахтиёр этди. Айниқса, информатика хонасига 16та янги компьютер ва ўқув анжомлари келтирилгани дарсларнинг замон талаблари асосида олиб борилишида асқотаяпти. Янги бино ва тўкис шароитдан руҳланган ўқитувчиларнинг жўшқин фаолияти самараси эса таълим сифати ошаётганида кўзга ташланаётир. Ўқувчилар кайфияти ҳам шунга мос.
— Илгари лойдан кўтарилган эски бинода ўқувчиларга таълим-тарбия берар эдик. Мана, орзуларимиз рўёбга чиқиб, мутлақо янгича шароит ва имкониятлар яратилди, — дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Муборак Қутлимуродова. — Ўқувчиларимизнинг янги парталарга келиб ўтиришини кўриб, беихтиёр “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган фахр, ғурур миямда чарх урди. Дунёнинг қайсидир нуқталарида нотинчлик ҳукм суриб, болалар саводсиз қолаётгани, қийин шароитларда таълим олаётганини кўриб-эшитиб турибмиз. Шундай бир даврда давлатимиз томонидан бизга юксак ишонч билдирилиб, замонавий мактаб барпо этиб берилгани катта воқеадир.
Капитал реконструкция ишларини “Хонқа стандарт пардоз қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари белгиланган муддатда сифатли қилиб амалга оширди. Бу мақсадлар учун 592 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
Таълим муассасаси биносининг меъморий лойиҳаси замон талабларига мос тарзда ишлаб чиқилган. Йилнинг барча фаслларида хона ва йўлаклар ёруғ бўлиши, билим олиш учун қулайлиги, қиш ойларида хоналарни иситиш ортиқча энергия талаб этмаслиги шундан далолат беради. Бинонинг иситиш тизими табиий газ билан ишлашга мослаштирилган. Синфхоналарга тўртта қозондан иссиқлик етказилади. Биноларнинг индивидуал қозонларда иситилиши табиий газдан унумли ва ўринли фойдаланиш имконини беради.
Дарвоқе, мактаб жамоаси яна бир туҳфадан чексиз мамнун: Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағи ҳисобидан мактаб спорт зали ҳам барпо этилди. Яқин кунларда спортсевар ўқувчиларни бағрига оладиган иншоот келгусида жисмоний тарбия машғулотларининг самарали олиб борилишида муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
Гурлан туманидаги 23-мактаб ҳам 2015 йилги Инвестиция дастури асосида янгича қиёфа касб этган масканлардан. Мактаб 719 миллион сўм эвазига капитал таъмирдан чиқарилиб, янги ўқув йилидан ўқувчиларни ўз бағрига олди.
— Мактабимизда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилганидан сўнг ўқувчиларга замонавий шарт-шароитлар асосида янада сифатли таълим-тарбия бериш имкониятимиз кенгайди. Эскини ўнглагунча эсинг оғади деганларидек, ҳар йили мактаб жамоаси ва ота-оналар ҳомийлиги асосида биноларни жорий таъмирдан чиқарар эдик. Захлаган деворларнинг сувоғи ва бўёғи бир йилдаёқ кўчиб тушиб, дарров яроқсиз ҳолга келарди, — дейди мактаб директори Комилжон Саидов. — Бу йилги бунёдкорликдан сўнг шу ташвишдан қутулдик. Айниқса, ўқув биноларининг иситиш тизими янгилангани совуқ кунларда ҳам ўқувчиларимизнинг мириқиб билим олишига хизмат қилаяпти. Аввал якка иситиш қозонидан бинодаги қувурларга иссиқ сувни ҳайдаш учун катта миқдорда табиий газ сарфланарди. Эндиликда тўққизта қозонхонадаги ўн учта индивидуал қозон ўқув биноларидаги ҳамма хоналарни бир хил ҳароратда иситишда қўл келмоқда.
Капитал таъмир давомида ошхона, устахона ва спорт залининг томига янги шифер ёпилди. Мактаб биносининг яроқсиз ҳолга келган шиферлари янгиланди. Ички ва ташқи деворлар пардозланиб, эскирган эшик ва дераза ромлари замонавийларига алмаштирилди. Синфхона ва йўлак поллари ҳам таъмирланди. Ўқув-лаборатория хоналари замонавий ускуна ва анжомлар билан қайта жиҳозланди. Бошланғич синфларга берилган янги парталар, кўргазмали ўқув қуроллари ўқувчиларга билим олишга кучли иштиёқ бахш этмоқда.
Таъмирдан кейин жамоа ташаббус кўрсатиб, муассаса ҳовлисини ободонлаштириш ишларини олиб борди. Натижада мактаб янги қурилган бинодан қолишмайдиган кўринишга эга бўлди.
Бошланғич синф ўқитувчиси Роҳатой Қозоқова ўқув йили арафасида мактабда ҳукм сурган кайфиятни шундай таърифлайди:
— Мактабимизнинг таъмирланишини аҳоли кўтаринки кайфият ва зўр қизиқиш билан қарши олди. Улар кунда-кунора мактабга келиб, қурувчиларнинг маҳоратига тан бериб, билагига куч-қувват сўради. Айниқса, ўқувчиларимизнинг қувончини айтмайсизми?! Жонажон мактабининг янги жамолини кўриш иштиёқида август ойиданоқ кела бошлашди. Албатта, амалга оширилаётган бундай қурилиш-таъмирлаш ишлари юртимиз тинч-осудалиги, фаровонлиги нишонасидир.
Ўқув йили бошида жонажон мактаби замонавий қиёфа касб этганидан шодланган ўқувчилар ташаббус билан чиқдилар: ўзаро бирикиб, 100дан зиёд тувакларда гуллар олиб келишди. Бу эзгу ташаббус туфайли бугун йўлак ва синфхоналарда баҳорий тароват кезиб юргандек. Янгиланиш жараёни ижобий муносабатни шакллантиради. Ўқувчиларнинг юриш-туриши, кийиниш маданияти юксалиб, синфхонани озода сақлаш, жиҳозларни асраб-авайлаш муносабатида ижобий ўзгаришлар кузатилди.
Бир сўз билан айтганда, Инвестиция дастурининг Хоразм вилоятидаги ижроси одамларга кўтаринки кайфият, замон билан ҳамнафас бўлиш ҳиссини бағишлаб, илм-маърифатга чанқоқ ўқувчиларнинг замон талаблари асосида пухта билим олишига имкон яратаётир.
Маҳмуд РАЖАБОВ,
“Ma’rifat” мухбири