«Ҳаёт қомусини ҳаётдан ўрганамиз»
“Маданият ва маърифат” телеканалида “Имтиҳон” деган кўрсатув бор. Унда ўқувчилар барча фанлардан ўз билимини синаб кўриш имкониятига эга. Навбатдаги кўрсатувлардан бири ҳуқуқ фанига бағишланди. Унда иштирок этган Ғайрат Юнусов финал босқичига чиқиб, ғолибликни қўлга киритди. Унинг ҳар бир саволга аниқ ва батафсил жавоб бераётганини кўриб, қойил қолдим. Ҳозир Тошкент банк коллежида ўқиётган Ғайратнинг мактабда ҳуқуқ фанидан пухта билим олгани шундоқ билиниб турарди. Унинг устози билан кўришиш ва таълим-тарбия жараёни билан танишиш мақсадида таълим муассасасига бордик.
Учтепа туманидаги 62-мактабда асосий дарслар тугаб, ўқувчилар тўгарак машғулотлари билан банд экан. Ўн беш йиллик иш тажрибасига эга тарих ва ҳуқуқ фани ўқитувчиси, Ғайратнинг мактабдаги устози Дилбар Умрзоқовани ҳам эшигига “Ёш ҳуқуқшунос” деб ёзиб қўйилган хонадан топдик. Ичкарига киргач, ўқувчиларнинг эгнидаги либоси ва саҳна декорациясини кўриб, аввалига театрга келиб қолгандек бўлдик. Тўгарак машғулотларини одатий дарслардан фарқли равишда ҳаётий воқеаларга асосланган саҳна кўриниши тарзида ташкил этишни афзал биладиган Дилбар опанинг ўқувчилари ҳам яхшигина актёрлик маҳоратига эга экан. Улар Конституциямизни ўзлари ёзган сценарий асосида тайёрлаган саҳна кўринишлари асосида ўрганмоқда.
Мактабда 1200га яқин ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Улар дарсдан бўш вақтини таълим муассасасида ташкил этилган фан, спорт ва касб-ҳунарга йўналтирилган 35та тўгаракда мазмунли ўтказади. Дилбар опа устозлик қилаётган “Ёш ҳуқуқшунос” тўгарагига 16 нафар ўқувчи аъзо. Ўтган йили тўгарак аъзоларидан иборат жамоа “Ҳуқуқ билимдонлари” республика кўрик-танловининг туман босқичида 2-ўринни эгаллади. Жамоа аъзолари ичида фаоллик кўрсатган ва актёрлик маҳоратини намойиш эта олган Ғайрат Юнусов эса туман терма жамоаси таркибида қатнашиб, шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритди. Республика босқичида фаол иштирок этган Учтепа тумани вакиллари “Энг аҳил жамоа” номинациясига ҳам сазовор бўлган.
Бундан ташқари, мактаб ўқувчилари ҳуқуқ йўналиши бўйича билимлар беллашуви ва фан олимпиадаларида ҳам фаол. Улар ҳар йили туман ва шаҳар миқёсида фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Бу ютуқлар замирида, албатта, тўгарак машғулотларининг ҳам аҳамияти катта.
— Тўгаракда бола ўзини эркин ҳис қилади, — дейди Дилбар Умрзоқова. — Ўқувчиларнинг қизиқиши кучлилигидан бир соатга мўлжалланган машғулотимиз икки, баъзан уч соатгача чўзилиб кетади. Вақт қандай ўтганини сезмай қоламиз. Болага томдан тараша тушгандек, мана бу моддани ёд олишинг керак ёки бу қонунни ўрганиб кел, дейиш нотўғри. Шунинг учун 5—6-синфданоқ уларга қисқа ва осон моддаларга мослаб тарбиявий соат ҳамда тўгаракда саҳна кўринишлари тайёрлатаман. Бундан ташқари, кундалик ҳаётимизда, ён-атрофимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни бирор моддага боғлаб айтиб берсам, ўқувчиларимнинг кўзлари ёниб кетади. Кейинги гал шу қайси модда эканини сўрасам, энг пассив ўқувчим ҳам бемалол айта олади.
Тўгарак машғулотларини фақат мактабда эмас, пойтахтимиз бўйлаб саёҳат тарзида ҳам ташкил қилаётган Дилбар Умрзоқова бу усул ўқувчиларига ҳам маъқул келаётганини алоҳида таъкидлади. Яқинда улар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати биноларини томоша қилгани боришибди.
Математика, физика ёки адабиёт фанини яхши ўзлаштирган ўқувчи ўз ҳуқуқини билмаса, кўзлаган маррасини забт этишда турли тўсиқларга дуч келиши бор гап. Бутун Конституция моддаларини ёд олиш осон эмас. Аммо Дилбар опа ҳеч бўлмаганда 1-бобдаги 6 моддани ҳар бир ўқувчи ёддан билиши шарт деб ҳисоблайди. Ҳар дарсда истаган ўқувчисидан шу моддаларни сўраб қолиши мумкин. “Ҳатто ухлаб ётганингизда уйғотиб сўрасам ҳам, шу олтита моддани адашмасдан айтиб беришингиз керак”, дейди у болаларга доимо.
Дилбар Умрзоқова шогирди Анора Ҳайдарова билан кўрик-танлов ва фан олимпиадаларига қатнашадиган ўқувчилар учун индивидуал машғулотлар ташкил этади.
— Устоз Конституция моддаларидан бирининг мазмунини айтса, биз қайси модда эканини тезда топамиз ёки, аксинча, у киши модда рақамини айтганда биз нима ҳақида эканини гапириб берамиз, — дейди 9-синф ўқувчиси Абдулазиз Абдусаматов. — Бу усул ёрдамида тез фикрлашни, ҳар бир моддани ёдда сақлашни ва диққатни жамлашни ўрганамиз. Устоз кутилмаганда дарсда, тўгаракда, мактаб йўлаги ва ҳатто ҳовлида кўриб қолиб, “Қани, Абдулазиз, 47-модда нима ҳақида эди?” деб сўраса, мен дарҳол “Барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажарадилар”, деб жавоб беришим керак.
Хулоса шуки, дарсда олинган билим ва кўникма тўгаракда янада мустаҳкамланади. Фақат, машғулотлар ҳар сафар турли кўринишда ўтиши керак. Асосий Қомусимизни ҳаётий воқеаларга боғлаб ўргатаётган Дилбар Умрзоқованинг “Ёш ҳуқуқшунос” тўгараги фаолиятидан ўрнак олса арзийди.
Райҳона ХЎЖАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири