Байрамга муносиб туҳфа
Ҳуқуқий давлат қуришда қонун устуворлигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш асосий омиллардан ҳисобланиб, унга эришишнинг кўплаб усуллари мавжуд. Шулар орасида Конституцияни ўрганиш, унинг туб моҳиятини англаш ва ҳаётга татбиқ этиш муҳим саналади.
2001 йилдан Президентимиз фармойиши асосида барча таълим муассасаларида Конституцияни ўрганиш ўқув дастурларига киритилди, кўплаб дарслик, ўқув қўлланма, кўргазмали материаллар тайёрланди. Яқинда «Шарқ» НМАКда нашрдан чиққан «Конституциявий ҳуқуқ атамалари» изоҳли луғати ҳам ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Юридик фанлар доктори Озод Ҳусанов томонидан тайёрланган ушбу изоҳли луғатдан таълим муассасаларида ўқув қўлланма, қўшимча адабиёт сифатида фойдаланиш мумкин. Луғатнинг кириш қисмида Конституция нима, уни нима учун билиш керак, ўрганиш жараёнида нималарга эътибор қаратиш лозим, каби саволларга қисқа ва тушунарли жавоб берилган. Луғатда Бош қомусимиз лойиҳасини тайёрлаш жараёни, босқичлари ҳақида ҳам маълумотлар берилган.
2001 йили ҳам шундай луғат нашр қилинган эди. Аммо мазкур нашр олдингисидан тубдан фарқ қилади. Аввалги луғат 206та атамадан иборат бўлган бўлса, бу нашрда 300та атамага изоҳ берилган.
2002 йилдан бошлаб Конституциямизга айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, 2002 йил 27 январдаги референдум натижасида олий қонунчилик органи тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Ислоҳотлар натижасида «Икки палатали парламент», «Олий Мажлис палаталари», «Қонунчилик палатаси», «Сенат», «Сенат раиси», «Сенат раиси ўринбосари», «Спикер», «Спикер ўринбосари» ва бошқа кўплаб янги атамалар пайдо бўлди.
2007 йили қабул қилинган «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги қонун янги «Конституциявий ҳуқуқ» атамаларини вужудга келтирди. «Қонунчилик палатасида кўпчилик», «Парламентдаги мухолифат», «Бош вазир лавозимига номзодларни бир неча марта тақдим этиш», «Бош вазир лавозимидан озод этиш тартиби» каби изоҳлар шулар жумласидан.
Мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда, ижтимоий ҳаётни демократлаштиришда 2010 йил 12 ноябрда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» муҳим роль ўйнайди. Шу асосда Конституция ва қонунларга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, янги қонунлар қабул қилинди. Бундай ўзгаришлар янги конституциявий ҳуқуқ атамаларини истеъмолга олиб кирди. Мисол тариқасида «Ишончсизлик вотуми», «Ҳукумат истеъфоси», «Бош вазир истеъфоси», «Жамоатчилик назорати» каби атамаларни кўрсатиш мумкин.
Айтиш жоизки, янги нашрнинг аввалгисидан фарқи ва афзаллиги, биринчидан, унинг янги атамалар билан бойитилгани, иккинчидан, аввалги нашрдаги тушунча ва изоҳлар Конституция ва қонунларга киритилган ўзгаришлар, янги қонунлар асосида янгича баён қилинганидадир.
Луғатда мамлакатимизда ҳуқуқий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар таъсири ва натижаси сезилиб туради. Атамалар ўқувчи, мутахассис, умуман, барча учун тушунарли тарзда баён қилинган.
Луғатдан таълим тизимининг барча босқичларида Конституцияни ўрганиш учун ўқув қўлланма, юридик таълим муассасаларида эса «Конституциявий ҳуқуқ» фанини ўрганишда ёрдамчи манба (адабиёт) сифатида фойдаланиш мумкин.
А.РАҲМАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, юридик фанлар номзоди,
О.ТУРҒУНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири, юридик фанлар номзоди