Янги авлод дарсликлари
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида «Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи—2015» республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш «Истеъдод» жамғармаси масъул ходимлари, дарслик ва ўқув адабиёти муаллифлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир доирасида ўтган йиллар давомида умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим тизими учун яратилган янги авлод ўқув адабиётлари ҳамда олий таълим муассасаларининг ёш олимлари ва иқтидорли талаба-ёшларининг ижодий ишлари намуналаридан иборат кўргазма ҳам ташкил этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 21 майдаги «Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талаблари асосида олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассислари классификаторидаги билим соҳалари иқтисодиётнинг устувор тармоқлари талабидан келиб чиққан ҳолда 8тадан 6тага келтирилди. Таълим йўналишлари ва мутахассисликларнинг давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва фан дастурлари бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда модернизация қилиниб, унга мувофиқ равишда янги ўқув адабиётлари ва ўқув-услубий қўлланмалар изчиллик билан яратилмоқда.
Жараённи янада юксалтириш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш «Истеъдод» жамғармаси ҳамкорлигида ҳар йили анъанавий тарзда «Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи» республика танлови ўтказиб келинмоқда. Айтиш жоизки, жорий йилги танлов ташкилотчиларнинг 2015 йил 5 майдаги қўшма қарори билан тасдиқланган янги таҳрирдаги низом талаблари асосида ўтказилиб, танловга қабул қилинган дарслик ва ўқув адабиётлари таълим турлари ва ўқув адабиётининг мазмуни бўйича етук ва тажрибали мутахассислардан шакллантирилган саралаш гуруҳлари томонидан 10та номинация бўйича экспертизадан ўтказилди. Танловга жами 171 номдаги ўқув адабиёти (135таси олий таълим йўналиши ва мутахассисликлари бўйича, 28таси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва 8таси умумий ўрта таълим тизими учун) тақдим этилди. «Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи — 2015» республика танлови натижаларига кўра, 54та дарслик ва ўқув қўлланма муаллифлари ғолиб деб топилди. Шулардан 17таси 1-ўрин, 19таси 2-ўрин ва 18таси 3-ўрин, шунингдек, 19та дарслик ва ўқув қўлланмалари муаллифлари рағбатлантирувчи ўринни эгаллади.
Муаллифлар томонидан танловга тақдим этилган дарслик ва ўқув қўлланмалар илғор хорижий тажрибалар, илм-фан ютуқларининг татбиқ этилгани, янги педагогик технологияларга асослангани билан алоҳида аҳамият касб этди.
— Ўғил-қизларнинг зукко ва билимдон бўлиб улғайишлари кўп жиҳатдан дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг савиясига боғлиқ, — дейди рағбатлантирувчи ўринни эгаллаган муаллифлардан бири, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессори, педагогика фанлари доктори Барно Абдуллаева.— Ҳамкасбларимиз билан бирга бошланғич синфлар учун математика фани бўйича илғор педагогик, ахборот-коммуникация технологиялари асосида мультимедиа иловали қўлланма яратдик. Афзал томони шундаки, ўқувчилар мультимедиа иловалари(юздан ортиқ анимация, мультфильм, видеофильм ва илғор педагогик, ахборот-коммуникация воситалари)дан ҳам дарсда, ҳам уйида фойдаланишлари мумкин.
— Бугун мустақил мамлакат равнақини юксалтириш масъулияти, жаҳон тараққиёти талаблари таълим тизими ходимлари, хусусан, олимлар, мутахассислар, дарслик муаллифлари олдига ҳар қачонгидан ҳам залворлироқ вазифаларни қўймоқда, — дейди Тошкент тиббиёт академияси «Асаб касалликлари» кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Зарифбой Ибодуллаев. — Бу жиҳатни чуқур ҳис қилган ҳолда ривожланган мамлакатлардаги тажрибалар, хусусан, неврология ихтисослиги бўйича ёзилган китобларни ўрганиб чиқдик. Асаб касаллигининг патогенези, келиб чиқиш сабаблари, ривожланиш механизми, даволаш усулларини олти-етти йил давомида тадқиқ қилган ҳолда дарсликка киритишга ҳаракат қилдик. Йигирмага яқин неврологик, психологик шкалаларни ўзбек тилига таржима қилдик. Лотин ва кирилл алифболарида чоп этилган «Асаб касалликлари» дарслигимиз танловда биринчи ўринга муносиб деб топилганидан хурсандмиз.
Тадбир якунида санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг она Ватанни, устоз-мураббийлар меҳнатини тараннум этувчи концерт дастури намойиш этилди.
Қурбонбой МАТҚУРБОНОВ,
«Ma’rifat» мухбири
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган сурат.