Конституциямиз – ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати
Умумтаълим муассасаларида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунни нишонлаш юзасидан тавсия
Юксак ҳуқуқий маданият — демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий тизимнинг етуклик белгисидир. Бу инсон баркамоллигининг муҳим жиҳатларидан саналади. Ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда таълим муассасаларида ташкил этиладиган машғулот, очиқ дарс ва тадбирлар муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбарининг 2001 йил 4 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида»ги фармойиши ҳамда қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ҳар йили умумтаълим мактабларида ҳуқуқий, маънавий-маърифий тадбирлар ойлиги ташкил этилади. Жорий йил ҳам 15 ноябрдан — 15 декабргача «Конституциямиз — ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати» шиори остида ҳуқуқий, маънавий-маърифий тадбирлар ойлиги ўтказилаяпти. Умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасидаги мазкур ойлик Халқ таълими вазирлигининг шу йил 11 ноябрдаги «Таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма уч йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги буйруғи асосида ташкил этилмоқда.
Ҳуқуқий, маънавий-маърифий тадбирлар ойлиги доирасида ўқувчиларга Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, узлуксиз ҳуқуқий таълим, Конституциямиз мазмун-моҳияти ҳақида зарур маълумотлар берилади.
Ойлик давомида ҳар бир ўқувчининг фаоллиги талаб қилинади. Бу ишларга мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари масъул ҳисобланади.
Тадбирлар режасини шакллантиришда қуйидаги фикр ва ғоялар эътиборга олиниши мақсадга мувофиқ:
— мустақиллик йилларида барча соҳада бўлгани каби таълим-тарбия тизимидаги улкан ислоҳотлар, янги ўқув муассасаларини қуриш, уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш бўйича амалга оширилган ва олиб борилаётган ишлар мазмун-моҳиятини ёритиш ҳамда эришилган ютуқларни тараннум этиш;
— тадбирларга олим, ёзувчи, ёш ижодкорларни таклиф қилиш;
— мактаб ўқувчилари ўртасида «Бахтли болалик», «Мустақиллик менинг тақдиримда», «Мустақиллик — ҳуқуқ демакдир» каби мавзуларда кўрик-танлов ва интеллектуал беллашувлар ўтказиш;
— ота-она, бобо ва бувилар учун махсус табрикномалар ясаш;
— ҳудудий малака ошириш ҳамда педагогика институтлари профессор-ўқитувчиларидан иборат тарғибот гуруҳлари тузиб, Конституциямизнинг ҳаётимизда тутган ўрни ва ҳуқуқий саводхонликни оширишга йўналтирилган тарғибот-ташвиқот учрашувлари ташкил этиш;
— «Баркамол авлод» болалар марказларида «Конституция менинг тақдиримда», «Конституция болалар нигоҳида» мавзусида расмлар кўргазмаси ташкил қилиш;
— тадбирларда «Ким эдигу, ким бўлдик?» деган иборанинг мазмун-моҳиятини аниқ мисоллар билан очиб бериш;
— ўқувчиларга Президентимизнинг «Она юртимиз бахти, иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир» асарининг мазмун-моҳиятини тушунтириш;
— «ZiyoNET» тармоғида ўқувчи-ёшлар ўртасида «Бош қонунимиз — бахтимиз қомуси» мавзусида онлайн танлов ўтказиш.
Таълим муассасаларида асосий қонунимиз қабул қилинган кун байрам тантанасини ташкил этишда қуйидагилар тавсия этилади:
Ойлик давомида ўқувчиларнинг ёш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда олим, ёзувчи, ҳуқуқшунослар жалб қилиниб, маънавий-маърифий тадбирлар, очиқ мулоқотлар ташкил этилади. Жумладан, “Бахтли болалигим” (бошланғич синф ўқувчилари ўртасида), “Инсон ҳуқуқлари — энг олий қадрият” (7–9-синфларда), “Мен обод юрт фарзандиман” (5–6-синфларда) мавзусида суҳбатлар, “Менинг ҳуқуқларим кафолатган”, “Мен Ўзбекистон фуқаросиман!”, “Сиз қонунни биласизми?”, “Мустақиллик менинг тақдиримда”, “Мустақиллик — ҳуқуқ демакдир” (8—9-синф ўқувчилари ўртасида) викторина ва иншолар танлови, “Соғ танда соғлом ақл” (бошланғич синфларда), “Соғлом бола юрт бойлиги” мавзусида (волейбол, футбол, баскетбол) спорт мусобақалари ўтказилади.
Ташкилий масалалар:
— барча таълим муассасаларини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳиятини акс эттирувчи тасвирий воситалар билан безатиш;
— ўқувчилар томонидан тайёрланган деворий газета, қўл ишлар, тўгаракларда бажарилган ишлар, ўқувчиларнинг эришган ютуқлари акс эттирилган кўргазмаларни ташкил этиш;
— синф раҳбарлари томонидан ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида Конституциямизнинг ҳаётимизда тутган ўрни ва ҳуқуқий саводхонликни оширишга йўналтирилган тарғибот-ташвиқот ишларини ўтказиш;
— болалар мусиқа ва санъат мактабларида ташкил этилган ансамбллар томонидан ҳудуддаги маҳалла аҳли ва яқин атрофдаги мактаб ўқувчилари учун Конституция кунига бағишлаб ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлардан иборат концерт дастурларини тайёрлаш;
— ахборот-ресурс марказлари ва таълим муассасалари кутубхоналарида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишлаб юридик адабиётлар кўргазмасини ташкил қилиш;
— Конституцияга бағишланган тадбирларни оммавий ахборот воситалари ва таълим муассасаси веб-сайтларида кенг ёритиш:
— Халқ таълими вазирлигининг www.uzedu.uz ҳамда Республика Таълим марказининг rtm.uz электрон сайтида эълон қилинган материаллардан кенг фойдаланиш.
Тантанали қисм:
1. Таълим муассасасида ташкил этиладиган тадбирни муассаса раҳбари очиб беради. Унинг маърузасидан қуйидаги маълумотлар ўрин олса мақсадга мувофиқ бўлади
— Конституциянинг ҳаётимизда тутган ўрнини ҳамда “Кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик?” деган иборанинг мазмун-моҳиятини аниқ мисоллар билан очиб бериш;
— мамлакатимиз аҳолисининг ижтимоий турмуш даражаси ривожида Конституциянинг ўрни ва аҳамияти;
— шахс-жамият-давлат ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда Конституция асосий мезон сифатида;
— таълим олиш ҳукуқининг кафолатланиши ва уни амалга ошириш йўлида берилаётган имкониятлар, эришилаётган ютуқлар;
— Ўзбекистон — халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти.
2. Таълим муассасаси раҳбари тадбирни очиқ деб эълон қилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ижро этилади.
3. Намунали оммавий тадбирларда фаол иштирок этган ўқувчилар ва ўқитувчилар рағбатлантирилади.
4. Таклиф қилинган меҳмонлар табригига навбат берилади.
Бадиий қисм:
— бошланғич синф ўқувчилари тайёрлаган саҳна кўриниши;
— таълим муассасасида ташкил этилган бадиий ҳаваскорлик тўгараги аъзоларининг мусиқали дастури;
— спорт тўгараги аъзоларининг кўргазмали чиқишлари.
Асосий қонунимиз муқаддимасига эътибор қилар эканмиз, «... халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда...» деган жумлаларни ўқишимиз мумкин. Демак, Конституциямиз халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг моддаларида ҳам «Ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга... Таълим инсон шахсини тўла баркамол қилишга ва инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига нисбатан ҳурматни кучайтиришга қаратилмоғи лозим...» деб таъкидланади.
Бош Қомусимизнинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратилиши эътироф этилади. Бугунги кунда республикамизда таълим 7 тил(ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, туркман, тожик, қирғиз тиллари)да олиб борилмоқда.
Байрам тадбирлари мазмунига она заминни ва атроф-муҳитни эъзозловчи, табиий бойликларни авайлаб-асровчи, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этадиган, энг муҳими, Конституциямизнинг юртдошларимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этиши ҳақидаги эзгу ғоялар сингдирилади.
Байрам тадбирининг бир кўринишини ифода этдик, холос. Аслида бу санани ўз эҳтиёж ва имкониятларимиз, ўқитувчилар ва ўқувчилар маҳоратидан келиб чиққан ҳолда янада юқори савияда нишонлашимиз зарур. Байрамларнинг кўтаринки руҳда ўтиши эса сизу бизнинг изланишимиз ва ҳаракатимизга боғлиқ.
Республика Таълим маркази