«Конституция – бахтимиз пойдевори»
Юртимизда ёш авлоднинг билим ва қобилиятини намоён этиши учун кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти. Имкониятлардан унумли фойдаланаётган ўқувчилар эса юртимиз ва жаҳон ареналарида Ўзбекистон ёшларининг нимага қодир эканини намойиш қилиб, ота-онаси, маҳалласи, таълим муассасаси ва юрти номини улуғламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мазмун-моҳиятини ўқувчилар онгига сингдириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини янада ошириш, фаол ўғил-қизлар эришаётган натижаларни тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили анъанавий равишда «Конституция — бахтимиз пайдевори» кўрик-танлови ўтказиб келинади. 15 ноябрь — 15 декабрь — «Конституциямиз — ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати» шиори остидаги ҳуқуқий, маънавий-маърифий тадбирлар ойлиги доирасида мазкур кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтмоқда.
* * *
«Конституция — бахтимиз пайдевори» кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти босқичи Қарши шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Беллашувда 28 нафар ўқувчи орасидан республика босқичида иштирок этадиган энг муносиблари аниқланди.
— Она табиатга меҳрим бўлакча, — дейди кўрик-танлов ғолиби, Қарши шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Одина Орзиева. — Шу боис расмларимда бурч ва эркинликларимизни табиат билан боғлашга ҳаракат қилдим. Бу муваффақият келгусида мени янада фаолликка чорлайди.
Кўрик-танловда Касби туманидаги 26-умумтаълим мактаби ўқувчиси Азиза Эсонованинг ёзма ижодий иши алоҳида эътироф этилиб, республика босқичига тавсия қилинди.
* * *
Самарқанд вилояти «Баркамол авлод» болалар марказида ўтказилган кўрик-танлов қизғин баҳсларга бой бўлди.
Вилоят халқ таълими, адлия бошқармалари, «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси, «Камолот» ЁИҲ, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туман (шаҳар) босқичларида ғолибликни кўлга киритган ўқувчилар иштирок этди.
— Танловда тасвирий санъат йўналишида иштирок этдим, — дейди Самарқанд шаҳридаги 64-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Меҳрангиз Одилова. — Расмларимда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини тасвирладим. Ижодий ишим ҳакамлар ҳайъати томонидан эътироф этилди.
Кўрик-танлов натижаларига кўра, Каттақўрғон туманидаги 17-умумтаълим мактаби ўқувчиси Дилдора Ёрқулова ҳамда Иштихон туманидаги 1-ИДУМ ўқувчиси Дилдора Абдусаломова 1-ўринни эгаллаб, республика босқичига йўлланма олди.
* * *
Жиззах шаҳридаги 10-умумтаълим мактабида ўтказилган кўрик-танловнинг вилоят босқичида 54 нафар ўғил-қиз ҳал қилувчи баҳсга йўлланма олиш учун астойдил ҳаракат қилди.
Танлов қатнашчилари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, Конституция моддаларига шарҳлар томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Пахтакор туманидаги 6-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ноила Бердибекованинг тасвирий санъат намуналари ҳамда Жиззах туманидаги 16-умумтаълим мактаби ўқувчиси Моҳира Маматқулова ёзган иншо энг юқори балга лойиқ топилди.
— Кўрик-танлов орқали Конституциямизда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлар, бурчлар ҳақида кенг тушунчага эга бўлдик, — дейди Моҳира Маматқулова. — Тенгдошларимнинг Бош қомусимизнинг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти ва ҳаётимиздаги тутган ўрни борасидаги фикр-мулоҳазалари билан танишдим.
* * *
Ҳуқуқий, маънавий-маърифий тадбирлар ойлиги доирасида ўтказилаётган «Конституция – бахтимиз пойдевори» кўрик-танловининг Наманган вилояти босқичида 48 нафар ўғил-қиз иштирок этди.
Танлов якунига кўра, иншолар йўналишида ғолиблик Наманган туманидаги 22-умумтаълим мактаби ўқувчиси Зарифа Ўринбоевага насиб этган бўлса, баён ёзиш бўйича Чортоқ туманидаги 5-ИДУМ ўқувчиси Моҳидил Абдужабборова энг юқори баҳога лойиқ топилди. Диктант йўналишида Учқўрғон туманидаги 13-умумтаълим мактаби ўқувчиси Моҳидил Аъзамжонова, тасвирий санъат бўйича эса Наманган туманидаги 32-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ойдина Нуриддинова ғолибликни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳасан МЎМИНОВ тайёрлади.