Ижодкор ёшлар фестивали
Ёшлар ижод саройида «Камалак юлдузлари» болалар ижодиёти фестивалининг Тошкент шаҳар босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
«Камолот» ЁИҲ, Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамда Бадиий академия ҳамкорлигида ўтказилган фестивалнинг Тошкент шаҳар босқичида 963 нафар бола ўзаро беллашиб, олтита йўналиш бўйича ўз ижод намуналарини намойиш этдилар. Улар орасидан ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, муносиб тақдирланди.
Яккасарой туманидаги 18-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Робия Тоирова ижро этган «Тановар» куйи томошабинлар қалбини ларзага солгандек бўлди.
— Фестивалда учинчи бор иштирок этаяпман, — дейди 7-синф ўқувчиси Робия Тоирова. — Ўтган йили шаҳар босқичида 1-ўринни эгаллаган бўлсам, бу гал республика миқёсида эътироф этилдим. Бу муваффақиятларимда ота-онам ва устозим Нилуфар Дўстмуҳаммедованинг ҳиссаси катта. Устозларимдан миллий чолғу асбоблари ва куйларини ўрганаяпман. Ниятим — малакали мусиқа фани ўқитувчиси бўлиш. Бунинг учун эса доимо ўқиб-ўрганишим керак.
«Адабиёт яшаса, миллат яшайди» мавзусида иншо ёзган ўқувчилар орасида Учтепа туманидаги 283-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Хиёла Йўлдошеванинг ижодий иши юқори баҳоланди.
— Болалигимдан адабиётга меҳрим баланд, — дейди у. — Шу йил «Тонг ҳикмати» деб номлаган илк китобим чоп этилди. Устозларим Зуҳра Зиёева ва Муҳиба Ражабова кўмагида кичик-кичик ҳикоялар ёзишни ўргандим, кўникмаларим фестивалда қўл келди. Ҳаётий воқеликлар асосида ёзган ижодий ишим ҳакамлар ҳайъати аъзоларига манзур бўлди.
Тадбирда фортепиано, дамли, зарбли чолғу асбоблари, вокал-миллий ва академик ижро, эстрада, фольклор, хор, тасвирий ва амалий санъат, наққошлик, кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги каби йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
«Ма’rifat» мухбири
Б.РИЗОҚУЛОВ олган суратлар.