Достонбек — Осиёда тенгсиз
Осиё қитъасида жорий йилги футбол мавсуми якунланди. Нью-Дели шаҳрида мазкур воқелик муносабати билан қитъамизнинг «энг яхши»ларини аниқлаш ва тақдирлаш маросими ўтказилди.
Қувонарлиси, ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳамда Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби аъзоси Достонбек Ҳамдамовга ҳам махсус соврин берилди. У йилнинг «Энг яхши ёш ўйинчиси» номинацияси ғолиби бўлди. Эътиборлиси, мазкур номинация учун курашган сўнгги уч нафар номзодларнинг барчаси ўзбекистонлик, қолаверса, Достонбекнинг клубдошлари эди: Элдор Шомуродов ҳамда Забиҳилло Ўринбоев.
Бу мамлакатимизда бир-биридан қолишмайдиган салоҳиятли ёш футболчилар етишиб чиқаётганидан дарак беради. Улар келажакда бирлашиб, терма жамоамизнинг мундиалларда мунтазам иштирок этишини таъминласа, ажаб эмас.
Зоҳиджон ХОЛОВ