Азиз, ягона, жонажон
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори халқимизнинг қалбига ажиб бир маънавий ҳарорат бахш этди. “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган ғоянинг унга сингдирилиши ўзбек халқининг азиз, ягона, жонажон Онаси — ўз Ватанига муҳаббат ва садоқати изҳори бўлди. “Азиз” сўзини бобомиз Алишер Навоий “топилмас”, “ноёб”, “улуғ”, “қадр-қимматли”, “муҳтарам”, “мўътабар”, “тенги йўқ”, “улуғвор” маъноларида талқин этгани кўнглимиздан ўтади.
Миллатнинг улуғ куни
“Ягонамсан” сўзи эса Ўзбекистоннинг биз учун битта ва танҳолигидан далолат. “Жонажон” эса бу тириклик, вужуднинг ҳаётини таъминловчи руҳ, олий неъматлигидан. Жисм жонга муҳтож бўлганидек, одамнинг ватанга эҳтиёжи чексизлигини айтиб турибди.
Ўзбек тилидаги энг олий мақомли бу уч сўз Ватанга нисбатан айтилмоқда. Шунинг учун ҳам “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори Президент қарори матнида олмосдек порлаб турибди ва у барчамизнинг нигоҳларимизни бирлаштиради. Унинг номи — ЎЗБЕКИСТОН! Ҳаёт жўшқин, шиддатли. Уйдан ишга, ишдан уйга шошамиз. Лекин биз бу сўзларни самимий, фарзандлик садоқати билан идрок қилмоғимиз керак.
Мустақиллик байрами — миллат тўйи. Юз йилдан кўпроқ вақт ўтгач ҳам озод бўлган, ўз тақдирини ўз қўлига олган халқ нишонлайдиган тўй бу. Машаққатли, лекин шонли йигирма етти йилнинг ҳар тонгини Ватан деб бошлаган миллат тантанаси бу. Буюк келажакка энг қийин довонлардан шараф билан ўтаётган миллатнинг улуғ куни бу.
Ватанини муқаддас деб билган фарзандлар спорт, санъат, илм-фан мусобақаларида байроғимизни юксак кўтариб, ўз она диёрини шарафга буркамоқда. Уларнинг кўплигидан Ўзбекистоннинг довруғи оламга кетаётир. Президент қарори бизга ана шу азиз, ягона, жонажон Ўзбекистонимизнинг мустақиллиги қанчалар қадрли эканлигини уқтирмоқда: “...Ўтган давр биз учун ғоят муҳим бир ҳақиқатни такрор ва такрор тасдиқлаб бермоқда. Эркин ва фаровон ҳаётимизни, буюк келажагимизни фақат мустақиллик асосида қуришимиз, одамларимиз, эл-юртимизни фақат мустақил сиёсат асосида рози қилишимиз мумкин”.
2018 йил миллатимиз учун шиддат ва ғайрат, инновациялар йили бўлди. Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга ошаётган давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш, инсон манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлигига эришиш ва суд-ҳуқуқ соҳасини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат, туризм ва спортни ривожлантириш, тинчлик-осойишталик ва хавф¬сизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатда барча узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни жадал ривожлантиришдек кенг кўламли ишларга барчамиз гувоҳмиз. Буларда “Ўзбекистон қандай ривожланмоқда?”, “Қўлга киритаётган натижаларимизни нима учун бутун дунё тан олаётир?”, “Ўзбекистоннинг халқаро майдонда обрў-эътибори ортиб, муносиб ўрин эгаллаётганининг боиси нима?” каби саволларга жавоб бор. Бу эса мустақиллик байрами тадбирларида юқоридаги саволларга ҳаётий жавобларни — эришилган натижаларни илмий-маърифий асосда, ҳаётий мисоллар орқали очиб беришни талаб қилади. Чунки қарорда айтилганидек, “мамлакатимиз истиқлолини, у билан боғлиқ тарихий сана ва воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур англаш ва қадрлаш, ҳар томонлама муносиб нишонлаш ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётимизда алоҳида муҳим ўрин тутади”.
Ўзбек ўғлонларининг шижоати
Эртакларда ўқиганмиз: “Бир кўз юмиб-очиб қараса, қаршисида бир қаср пайдо бўлиб қолибди”. Бугун туман-шаҳарларимиз қиёфаси кўз юмиб-очгунча ўзгармоқда. “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурларига биноан бутун Ўзбекистоннинг чиройи янада очилаётир. Эртакдаги сеҳргар эмас, ўз юртини азиз билган, мўътабар санаган бунёдкор ўзбек халқи яратмоқда буни. “Ватаним мендан нималарни кутяпти?” деб ўйлайдиган ўзбек ўғлонларининг шижоати бу!
Ватанга садоқат ҳисси нафақат бунёдкорлик, балки спорт, адабиёт, санъат, интеллектуал кураш майдонларида ҳам намоён бўлмоқда. ¡збекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси Ҳакимбой Эгамбергановнинг эришган натижасини кўринг: 2014, 2015, 2016 йиллари қаторасига математика бўйича халқаро фан олимпиадаларида олтин медални Ўзбекистонга олиб келди. Бу эса уни Президентимизнинг “Бундай ёшлар тимсолида биз Хоразмий бобомизнинг ҳақиқий набираларини кўрамиз. Шундай билимли, баркамол, Ватанга садоқатли фарзандларимиз қанча кўпайса, Ўзбекистоннинг келажаги шунчалик буюк бўлиши муқаррар”, деган эътирофига муяссар қилди.
Ўз юртимизда ғариб эдик
Буюк келажакни қуришга мустақиллик асосидагина эришамиз. Бунга Ўзбекистон халқининг куч-қудрати, салоҳияти етади. Тасаввур қилинг, 1991 йил 31 август куни мустақиллик қўлга киритилмаганида нима бўларди?
Ўз Ватанида кун кўрмаган киши ғарибдир. Ўз юртимиз — Ўзбекистонда ғариб эдик. Мустақиллик бўлмаса, ҳозир ҳам ғариб бўлиб юрмасмидик?
Бирор киши бизга “Имом Бухорий, Марғиноний, Замахшарий, Мотуридий сизнинг ватандошингиз экан-а?”, деса, елка қисардик. Ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази қаёқда эди?! Дунёда Вестминстер, Сингапур, Инҳа, Турин университетлари борлигини ҳам билмай яшайверардик. Тошкентда уларнинг филиали бўлмас, ўзбек боласи бу даргоҳларда ўқимас эди.
Миллий боғ, Мустақиллик майдони, Амир Темур, Шаҳидлар хотираси хиёбонлари, “Tashkent city” деган номлар бўлмас эди. Ўзбекистон БМТ, ШҲТ ва бошқа ўнлаб ташкилотлар аъзоси бўлармиди? БМТ Бош котиби Ўзбекистонга келмас эди. Чунки у дунёда Ўзбекистон деган давлат борлигини билмасди. Осмонимизда улкан “Boing” ҳаво лайнери эмас, эски русумдаги самолётлар ҳамон учган бўларди. Бир ҳовлида 7-8 оила яшайверардик. Намунавий уй-жойлар, ёшлар учун арзон уй-жой, кредит бўлмасди. Кўча, майдонларимиз Мустақиллик, Истиқлол, Амир Темур, Фитрат, Чўлпон, Қодирий номи билан аталмас эди. Давлат рўза тутишни тақиқлар эди. Ҳозиргидек Рамазон ҳайитига бағишлаб алоҳида фармон чиқарилмас, рўзадорларнинг ҳурмати жойига қўйилмас эди.
Ҳаж зиёрати тақиқланар, бу имконият 1-2 кишига ё насиб этарди ёки йўқ. Ҳозиргидек, ҳар йили 7 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ҳожи бўлмас эди. Қуръони карим, ҳадисларни ўқиган қамалар эди. Санайверсак, адоғи йўқ. Ҳеч ким — сиз, биз, ота-онамиз, ўғил-қизимиз, бобо-буви, невара-чевараларимиз ана шундай давлатда яшашни истамас эдик, шундай эмасми?
Ҳаёт шавқи
Байрамолди тадбирларини ўтказишда янги ижодий кучлар, истеъдодли ёшлар, кенг жамоатчиликка таянишимиз зарур. Шиорнинг мазмун-моҳияти барча юртдошларимизнинг қалби ва онгига етиб борсин! Кайфият кўтарадиган, янги марралар сари илҳомлантирадиган таъсирчан давралар бўлса, қандай соз!
Президентимиз қарори расмиятчилик, баландпарвозлик хатоларидан бизни огоҳ этади. Самимият сўзловчи ва тингловчиларни яхлит маънавий организмга айлантиради. Юрак бир ритмда ура бошлайди. Нотиқ билимдон, зукко, зийрак бўлса, ўша давра жонланади, ўртадаги тўсиқ кўтарилади. Агар у расмиятчиликка берилиб кетса, иштирокчилар энг муқаддас мавзуга ҳам бефарқ бўлиб қолиши мумкин. Тадбирга тайёргарлик кўриш учун ижтимоий тармоқларда Республика маънавият ва маърифат марказининг “Маънавият тарғиботчиси”, “Тарғибот учун материаллар” гуруҳлари орқали тарқатилаётган слайд, инфографика, оммавий ахборот воситалари, телерадиоканаллар маълумотларидан унумли фойдаланиш зарур. Тадбирдан аҳоли ёки аудитория бир ҳафта олдин хабардор қилинади. Токи у ўз мақсад-мазмуни билан иштирокчиларни қизиқтириб, ўзига чорласин. У шундай руҳда ўтиши керакки, ҳар бир юртдошимиз, ёши, касби, истиқомат жойидан қатъи назар, Ўзбекистон фуқароси эканлигидан мамнун бўлиб иштирок этсин, ҳаётдан завқлансин, келажакка ишончи янада ортсин!
Мустақиллик — буюк неъмат, оримиз, ғуруримиз! Уни кўролмаётган қора кучлар йўқ дейсизми? Манфур, ёт фикр ўрнашиб қолган кучлар бошқа давлатда эмас, ўз ичимизда бўлса-чи? Бундай кимсаларга зарба бериш ўз қўлимизда, бунга тажрибамиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етарли. Тарғибот назариясида “10 та тушунарсиз сўзни ишлатган нотиқ банкротга учрайди”, деган нақл бор. Демак, тарғиботчи кўпроқ кундалик ҳаётимизда, жонли мулоқотда ишлатиладиган жайдари, самимий сўзлардан фойдаланса, нутқининг таъсир доираси кенгаяди.
Мавзу қандай танланади? Ҳудудий ўзига хослик, қатнашчилар ёши, касби, маълумоти ва манфаатларини эътиборга олиш лозим. Тарғибот материаллари мазмуни, келтирилаётган далиллар, баён этиш услуби тингловчиларнинг ўртача даражасига мос бўлиши керак.
Таъсирчан, образли публицистик баён тасвирланаётган воқеа, манзаранинг ўрнини босиши, илҳомлантириши, кулдириши, йиғлатиши мумкинлиги физиологлар томонидан тасдиқланган. Масалан, янгиқўрғонлик коллеж ўқувчиси Билол “Tаshkent сity” қурилишини эшитган, бироқ келиб кўрмаган. Устози Умаржон Мирзаев шаҳар ичидаги шаҳарни шундай тасвирладики, Билол худди Тошкентга келиб кетгандек бўлди. Демак, устоз маҳорати бунга имкон яратган.
Иштирокчиларни қатор ва гуруҳларга бўлиш, уларга савол ёки қизиқарли топшириқлар бериш яна бир маҳоратдан нишона. Фаол ва ҳозиржавоб 3 кишини рағбатлантириб, уларга сўзлаш, муносабат билдириш имконияти берилса, бу баҳс-мунозара кайфиятини юзага келтириши мумкин. Сўзловчи беихтиёр нотиқ айтган асосий факт, фикрларни қайта, ўз йўсинида баён этсин. Бу нотиқнинг маърузаси бойитилди, деганидир.
Тўлиқ қамров — бунёдкор тарғибот шарти. Мустақиллик байрами арафасида ҳар бир оилага, энг чет тумандаги чекка уй, овулларга хуш кайфият кириб бориши керак. Ана шунда миллат ўз шижоати, қудрати нималарга қодирлигини 100 фоиз англайди. Қанотланади. Фақат тадбир кўламини тўғри белгилаш лозим.
Ҳа, обод ва озод Ватанда яшаш — бахт. Уни ёт кучлардан қўриқлаш, қўриш керак. Ватан туйғуси ўзбек қалбининг туб-тубида жойлашган. Шунинг учун бўлса керак: “Севгиси бор — султон, севгиси йўқ — ултон”, “Севганингга севганингни бер”, “Севгининг аслини булбулдан сўра, гулзор қадрини гулдан”, дейди боболар. Севги — вафо-садоқатга умид, қалбдаги олий туйғу. Садоқат — Ватанга муҳаббатнинг ҳар қандай вазиятда “Мана, мен борман”, деган намойиши. Бу барчамиздан мудом зийрак, мудом ҳушёр бўлишни, Ўзбекистонга садоқатимизни ҳар куни амалда тасдиқлаб боришимизни талаб қилмоқда.
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,
педагогика фанлари доктори, профессор