Ёш шашкачилар баҳслашди
Пойтахтимиздаги Шахмат бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактабида 8 ёшдан 20 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида 64 катакли шашка бўйича мамлакат чемпионати ўтказилди.
Иштирокчилар шашканинг блиц, рапид ва классик йўналишларида беллашди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларидан ташқари барча ҳудудлардан келган 186 нафар ёш шашкачи беш ёш тоифасида ўз маҳоратини синаб кўрди.
— Мазкур чемпионатда сараланган умидли спортчилар жорий йилда Болгарияда болалар ва ўсмирлар ўртасида ўтадиган жаҳон чемпионатида терма жамоа сафида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади, — дейди Ўзбекистон шашка федерацияси бош котиби Эркин Умаров. — Ушбу анъанавий мусобақада ҳар гал янги номлар кашф этилади. Жумладан, энг кичик ёш тоифасида бухоролик Фитрат Олимов ҳар учала йўналишда олтин медаль соҳибига айланган бўлса, Наманган шаҳридаги 26-мактабнинг 1-синф ўқувчиси Мавлуда Маҳмудовага иккита олтин (блиц, классик) ва битта кумуш (рапид) медаль насиб этди.
Шунингдек, мусобақанинг блиц йўналиши бўйича ўз ёш тоифаларида Малика Халилова (Фарғона), Шаҳзода Файзуллаева (Бухоро), Васфия Бердиқулова (Сирдарё), Ниара Абдишаева (Фарғона), Лазиз Муралиев (Сирдарё), Озодбек Ўрмоналиев (Сирдарё), Умид Болтабоев (Сирдарё), Ҳошимжон Эргашев (Наманган) ғолибликни қўлга киритди. Рапид йўналишида Шаҳина Аҳмедова (Бухоро), Асал Ботирова (Бухоро), Робия Ниғматуллаева (Тошкент шаҳри), Шаҳзода Турсунмуродова (Сирдарё), Амирбек Шаҳобов (Бухоро), Ҳусниддин Жиянбоев (Сирдарё), Назарбек Абдурасулов (Бухоро), Суннат Ҳамроев (Сирдарё) 1-ўринни эгаллади. Шунингдек, булунғурлик ҳали 6 ёшга тўлмаган Диёрбек Носиров чемпионатнинг энг ёш иштирокчиси дея эътироф этилди.
Ғолиб ва совриндорларга диплом, медаль ва эсдалик совғалари берилди.
Шерали НАМОЗОВ