Дунё талабаларининг спорт байрами
Жанубий Кореянинг Кванджу шаҳрида XXVIII Бутунжаҳон универсиадасига старт берилди. Нуфузли мусобақада 170 давлатдан 12 мингдан ортиқ талаба-спортчи 272 медаллар жамланмаси учун мусобақага киришди. Қувонарлиси шуки, мазкур спорт фестивалида Ўзбекистон спорт делегацияси ҳам қатнашмоқда.
Ўттиз бир нафар талаба юртдошимиз олимпиада дастурига киритилган саккиз спорт тури — академик эшкак эшиш, енгил атлетика, таэквондо (WTF), теннис, қиличбозлик, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика ва дзюдо бўйича ўз омадини синаб кўради. Умуман олганда, жаҳон талабалари мазкур мусобақада 21 спорт тури бўйича ғолиблик учун майдонга чиқади.
Ушбу жаҳон универсиадаси келгуси йили Бразилияда бўлиб ўтадиган ХХХI ёзги Олимпиада ўйинлари олдидан ўзига хос тайёргарлик вазифасини ҳам ўтаб беради. Жонажон диёримизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга берилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик натижасида ҳар томонлама соғлом, баркамол ёшларимиз сафи тобора кенгайиб, халқаро майдонларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларимиз ҳар бир нуфузли мусобақада ғолиблик учун курашаяпти. Бугун жаҳоннинг ривожланган мамлакатидан келган спортчилар ҳам ўзбек полвонлари, баҳодирлари билан ҳисоблашади.
Бунда, албатта, Президентимиз ташаббуси билан ўғил-қизларимиз орасида мунтазам тарзда ўтказилаётган «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада спорт ўйинларининг аҳамияти беқиёс бўлмоқда. «Кичик олимпиада» дея ном олган мазкур фестиваллар фақатгина янги иқтидорларни кашф этиш эмас, балки жойларда спорт инфратузилмасини яхшилаш, замонавий иншоотлар, мажмуалар қурилишига сабаб бўлаётир. Яна бир муҳим жиҳати шуки, жаҳон универсиадасига йўл олган юртдошларимизнинг аксарияти айнан уч босқичли спорт мусобақаларида илк ютуғини нишонлаган.
Ўзбекистон спорт делегацияси 1999 йилдан буён жаҳон универсиадасида қатнашиб келмоқда. Хусусан, 2001 йили 1 олтин, 2003 йили 2 олтин, 2005 йили 1 олтин, 2007 йили 1тадан олтин ва кумуш, 2009 йили 2 бронза, 2011 йили 1 бронза, 2013 йили эса 2 олтин, 7 кумуш ва 10 бронза медали қўлга киритилган.
Навбатдаги мусобақада медаллар сонини янада ошириш имкони мавжуд. Бунинг учун спортчиларимиз 3—14 июль кунлари бор куч ва салоҳиятини ишга солиши лозим. Академик эшкак эшиш бўйича Анатолий Краснов, Исломбек Мамбетназаров, Зафар Усмонов, Алишер Яров; теннис бўйича Полина Меренкова, Сабина Шарипова, Шониғматжон Шофайзиев, Павел Цой; қиличбозлик бўйича Роман Александров, Малика Ҳакимова; енгил атлетика бўйича Анастасия Асланиду, Анастасия Свечникова, Бобур Шокиржонов; бадиий гимнастика бўйича Елизавета Назаренкова; спорт гимнастикаси бўйича Дилноза Абдусалимова, Алиёр Рустамов, Абдумалик Ҳамдамов, Ҳусниддин Исмоилов, Эдуард Шаулов; таэквондо бўйича Дмитрий Шокин, Сарварбек Шералиев, Владислав Хан, Темурбек Ўролов; дзюдо бўйича Камолиддин Расулов, Давронбек Сатторов, Фахриддин Шарипов, Шуҳратжон Арслонов, Болтабой Болтаев, Бахром Иноятов, Шуҳрат Тўрабоев, Айбек Ашуров.
Жаҳон универсиадасига йўл олган вакилларимиз иштирокига оид янгиликлар билан газетамизнинг келгуси сонларида таништириб борамиз.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири