Болалар қўшиқчилиги ва мусиқий таълим ислоҳотга муҳтож
Болалик инсон ҳаётининг оппоқ тонгига ўхшайди. Умрнинг беташвиш, қувноқ бу даврини ким ҳам соғинмайди, тушида кўрмайди, дейсиз. Айниқса, мурғак юрагимизга ўрнашиб, ўзининг ёруғ изларини қолдирган бола қалбимизга мос ва хос қўшиқлар ҳамон хотирамиз кенгликларида насимдек эсиб, кўнгилга чексиз ҳузур бахш этаверади.
Бугун боғча, мактаб ёшидаги болажонлар байрам тадбирларида гоҳ ўзбекча, гоҳ ажнабий қўшиқларни куйлаётганини кўрсам, беихтиёр ўйга толаман. Бу болалар эртага улғайиб, шу мазмуни саёз, маънисиз ҳаракат ва тебранишлардан иборат қўшиқларни энтикиб эслармикан?!
Ҳаётимизнинг гулчечакларини эртаклар олами — ариқларида сув ўрнига сутлар оқадиган сеҳрли диёрдан жуда эрта мосуво қилмаяпмизми? Бугун болаларимиз тинглаётган қўшиқларнинг маъно-мазмуни, уларга берилаётган мусиқий таълим қай аҳволда? Кўнгилда туғилган айрим саволлар, мулоҳазалар сабаб турли касб эгалари ва мутахассислар фикрини билишга интилдик.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова болалар қўшиқчилиги ҳақида қуйидагича фикр билдирди:
— Партиямиз мамлакатимизда мусиқа таълимининг ҳақиқий аҳволини ўрганиш мақсадида 100 га яқин таълим муассасасида болалар билан очиқ мулоқот ташкил этди. 3 ёшдан 16 ёшгача бўлган 1000 га яқин бола билан мулоқот уларнинг аксарияти болалар мусиқий таълими дастурларидан ўрин олмаган қўшиқларни эшитиши, хориж хонандаларининг 30 га яқин қўшиғини севиб тинглашини кўрсатди. Мактабгача таълим муассасалари байрам тадбирларида рэп, поп йўналишидаги савияси паст “қўшиқлар”дан кенг фойдаланилиши бизни ўйлантириб қўйди.
Аксарият мактаблардаги фортепиано носоз ҳолатда бўлгани учун мусиқа дарсида фойдаланилмайди. Таълим дастурида ўзбек халқ мусиқа чолғулари ҳақида маълумот бўлса-да, рубобдан бошқа чолғулар тақчил. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Болажон” телеканалида “Катта танаффус”, “До-ми-соль”, “Ширинтойлар-кичкинтойлар”; “Наво” телеканалида “Илҳом қанотлари”, “Юлдузча” кўрсатувлари эфирга узатилса-да, уларнинг ҳеч бири қирқ йилдан ортиқ вақт мобайнида эфирга узатиб келинган “Булбулча” ашула ва рақс ансамбли томонидан тақдим этилган “Қўшиғим, жон қўшиғим” кўрсатуви каби оммалашмаган. Болалар мусиқий таълимининг пойдеворига асос солган ва болалар учун катта маънавий рағбат бўлиб хизмат қилган “Булбулча” ансамблининг чиқишлари охирги икки йил мобайнида тўхтатилган.
Айни кунда мамлакатимизда 312 та болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолият юритади. Уларга 82 239 нафар ўқувчи қамраб олинган. Агар мактаб ўқувчиларининг сони 5 248 484 нафар эканлигини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич атиги 1,56 фоизни ташкил этади, холос.
“Булбулча” ашула ва рақс ансамбли 1970 йилда ташкил этилган. Ансамбль Франция, Хитой, Туркия, Болгария, Конго, Финляндия, Латвия, Литва, Эстония ва МДҲ давлатларида ўзбек санъатини муносиб намойиш этиб, 50 га яқин турли даражадаги мукофотларга сазовор бўлган. Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, бастакорлар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, турли илмий даражадаги соҳа мутахассислари, хусусан, Севара Назархон, Илҳом Фармонов, Дилфуза Раҳимова, Анвар Санаев, Фарҳод Саидов шу бағрикенг жамоада вояга етган. “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамблининг қўшиқларида миллий оҳанг устувор аҳамият касб этиб, болаларни бағрикенглик, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилган. Бир йилда 50 дан зиёд болалар қўшиғи ўз соҳасининг етук ижодкорлари (бастакорлар Рустам Абдуллаев, Ҳабибулло Раҳимов, Надим Норхўжаев, Аваз Мансуров, шоирлар Анвар Обиджон, Раим Фарҳодий каби) томонидан яратилган.
Ансамблнинг бадиий раҳбари Шермат Ёрматовнинг синчковлиги ва изланувчанлиги натижасида республикамиз мактабларида илк бор мусиқали-хор синфлари ташкил қилинди. Мусиқали-хор синфларида биринчи марта академик ва ўзбек миллий қўшиқчилиги анъаналарини ўзида мужассам этган янги ижрочилик йўналиши шакллантирилди.
Ўзбекистон давлат консерваторияси проректори, бастакор Аваз Мансуров мусиқий таълим тўғрисида ўз мулоҳазаларини баён қилди:
— Бугунги болалар қўшиқчилигининг ривожини денгиз тўлқинларига ўхшатаман. Тўлқин қирғоққа келиб урилади ва яна орқага қайтади. Ўтган йилларда болалар қўшиқчилигидаги депсинишни тўлқин қайтган вақтга қиёслаш мумкин. Бу тарғибот-ташвиқот йўқлигининг натижаси. Аслида, болаларимизни тарбиялашга хизмат қиладиган қўшиқлар кўп. Олдин ҳам ёзилган, ҳозир ҳам ёзиляпти. Бу борада радио-телевидениенинг ўрни жуда муҳим! Авваллари қўшиқлар нота тўпламлари чиқариларди ва мактаб, боғчаларга тарқатиларди. Методик бўлимлар тавсияси билан мусиқа ўқитувчилари ўзлари ўрганиб, кейин болаларга ўргатишарди. Ҳозир-чи? Очиғи, мусиқа ўқитувчисининг ўзи мусиқий таълимга муҳтож.
Техника асрида тараққиёт қанчалик юксак чўққисига чиқмасин, руҳ эврилишларининг олдида ҳеч нарсадир, деган эди атоқли ёзувчи Чингиз Айтматов. Болаларимизнинг қалбига кўчган оҳанглар уларнинг маънан ўсишида, руҳан юксалишида ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Улар тинглаётган, куйлаётган қўшиқлар шуурига сингиб боради. Шундай экан, ҳар қандай баркамоллик, энг аввало, ўзимиздан, оиладан, ота-онадан бошланишини сира унутмаслигимиз керак.
Озода БЕКМУРОДОВА,
журналист