Сузишни ўрганиш керак
Бола туғилгандан то вояга етгунига қадар юриш, югуриш, сакраш, турли ўйинлар, тош кўтариш каби жисмоний ҳаракатларни босқичма-босқич ўрганади. Баъзилар ирсий талаб орқали ўзи, баъзилар эса ота-она эътибори ёки қизиқишидан келиб чиқиб спортга ихлос қўяди. Бугун юртимизда сув спорти турлари билан шуғулланаётган ёшлар ҳам талайгина.
Яқинда бир манбадан иккинчи жаҳон уруши пайти кўплаб аскарларимиз сузишни билмагани туфайли Европадаги дарёларни кечиб ўтиш пайтида, сувга чўкиб кетгани ҳақида ўқиб қолдим. Шу маълумот таъсирида сузишга доир билимларимни қоғозга туширдим.
АҚШ, Япония, Германия ва бошқа ривожланган мамлакатларда юришдан ҳам олдин сузишни ўрганиш ҳаётий зарурат, деб ҳисобланиши бежиз эмас. Бу
юртларда болалар сузишга, сувда эркин ҳаракатланишга ўргатиб борилади. Сузиш билан шуғулланган болалар соғлом ва бақувват бўлиб улғаяди.
Кайковус ўзининг «Қобуснома» асарида шундай ёзган: «Менинг Манзар Ҳожиб номли бир мураббийим ва Райҳон отли хизматчим бор эди. Манзар Ҳожиб отга миниб машқ қилиш ҳунарини жуда яхши билар эди. Ўн яшар бўлганимда отам от устида машқ қилиш, найза уриш, зубин отиш, чавгон уриш, камон отиш, тошлар билан машқ қилиш каби ҳунарларни ўргатиш учун мени уларнинг қўлларига топширди. Мен тез фурсатда бу ҳунарларни яхши ўрганиб олдим, ундан кейин Манзар Ҳожиб ва Райҳон мени отамнинг ёнига олиб бориб:
— Ўғлингиз ҳарбий ҳунарларни яхши ўрганди, синаб кўринг, дедилар.
Отам қабул қилди. Мен эртаси куни ҳамма ҳунаримни кўрсатдим. Отам хурсанд бўлиб, устозларимга мукофот берди ва «Раҳмат, фарзандим яхши билим олибди. Фақат зарур бир ҳунар қолиб кетганга ўхшайди», деди. Улар қайси ҳунар эканини сўради. Отам сувда қулоч отиб сузиш эканини сўйлади. Шу тариқа икки кемачига шогирд тушдим. Мен бу ҳунарни ҳам яхши ўзлаштирдим.
Бир куни кўпчилик билан кемага тушиб, Дажла дарёсининг нариги қирғоғига ўтмоқчи бўлдим. Кемамиз “Акира” деган ерга кириб қолди. Бу жойда гирдоб бўлиб, у хавфли эди. Жуда моҳир кемачилар ҳам ундан кўп машаққатлар тортиб ўтарди. Биз минган кема соҳиби моҳир эмас, фавқулодда ҳолатларга тайёр эмас эди. Шу боис фалокат юз бериб, кўпчилик сувга ғарқ бўлди. Фақат уч киши — мен, яна бир киши ва зийрак Кайковус номли хизматчим тирик қолдик. Боиси, биз қулоч отиб сузиб, қирғоққа соғ-саломат чиқиб олгандик».
Болаларга сузишни ҳаётий зарур жисмоний ҳаракат сифатида ўргатишга бугун ҳам эҳтиёж катта. Президентимизнинг 2017 йил 3 июнда қабул қилинган “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2017—2021 йилларда мамлакатимизда 77 та сузиш ҳавзаси қуриш кўзда тутилган. Айни пайт-да республикамизда кўплаб сузиш ҳавзалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги “Сузиш спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мамлакат миқёсида сузиш спорт турларини ривожлантириш бўйича олти бўлимдан иборат, жами 26 та амалий чораларга оид кўрсатмалар берилган. Қолаверса, сув ҳавзаларида шуғулланиш ва фойдаланиш тартибига доир низом тасдиқланди.
Бугун ҳар бир мактабда, маҳаллада сузиш ҳавзаларини қуриш ва фаолиятини йўлга қўйиш талаб этилади. Ариқ ва анҳорларга яқин жойлашган мактабларда, маҳаллаларда 10х10 метр ҳажмда оддий, табиий, унча чуқур бўлмаган (80 см дан 1 метргача) сув ҳавзалари бунёд этса бўлади. У ерда болаларга сувда узоқ туриш, оддий ҳаракатларни бажариш, қулочлаб сузиш ва бошқа усулларни ўргатиш мумкин.
Шу билан бирга, умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия фани бўйича давлат таълим стандарти ва ўқув дастурларида белгиланганидек, сузишга оид назарий билимлар, тушунча ва атамалар ҳамда сузишга оид ҳаётий амалларни ўқитиш, кўникма ва малакани шакллантиришга эҳтиёж кучайгани айни ҳақиқат. Бунда нафақат ўқитувчи ёки мураббий, балки ота-оналарнинг ҳам масъулиятини ошириш керак.
Ҳамроқул РОФИЕВ, СамДУ ҳузуридаги ХТХҚТМОМИ профессори