“Умид ниҳоллари–2018”: 3-босқич ғолиблари аниқланди
Юртимиз умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган «Умид ниҳоллари — 2018» анъанавий спорт ўйинларининг вилоят босқичи ўз ниҳоясига етди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақаларнинг 1-босқичи (мактаб миқёсида) 2017 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида, 2-босқич (туман миқёсида) ноябрь-декабрь ва жорий йилнинг январь ойларида, яъни ўқувчиларнинг кузги ва қишки таътил даврида бўлиб ўтди. 3-босқич (вилоят миқёсида) эса шу йилнинг 31 мартига қадар, яъни баҳорги таътилда ўтказилди.
Пойтахтимизда ўтган спорт фестивалининг шаҳар босқичида 2200 нафар ўқувчи иштирок этди. «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг Тошкент шаҳар бўлими раиси ўринбосари Жамшид Раҳимжоновнинг таъкидлашича, мусобақанинг сифатли ва холисона ўтишини таъминлаш мақсадида спорт федерация(ассоциация)ларининг малакали экспертлари, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси мутахассислари, ички ишлар, тиббиёт ходимлари жалб этилди. Беллашувлар замонавий спорт мажмуалари, муҳташам «Бунёдкор» стадиони, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, умумтаълим масканларидаги барча шароит ва қулайликларга эга спорт залларида ташкил этилди.
— Ушбу мусобақада туманимиз жамоаси оғир атлетика, кураш, таэквондо WTF, дзюдо, спорт гимнастикаси, бадминтон, шахмат бўйича биринчи ўринни қўлга киритди, — дейди Мирзо Улуғбек туман халқ таълими бўлими методисти Насиба Назарова. — Умумжамоа ҳисобида эса ўқувчиларимиз Чилонзор, Юнусобод ва Миробод туманлари жамоасидан кейин, 176 очко жамғариб, 4-ўринни банд этди.
Тошкент вилоятида ҳар бир ўрин, ҳар бир босқич учун кураш муросасиз кечди.
— Ушбу спорт фестивалида туманимиздан 115 ўқувчи қатнашди, — дейди Зангиота туманидаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Комил Одилов. — Вилоятдаги 17 туман ва шаҳар жамоалари орасида оғир атлетика, бокс, турон яккакураши, сузиш, ўзбек жанг санъати бўйича 10 нафар ўқувчимиз 1-ўринни эгаллади. Афсуски, юнон-рум кураши, белбоғли кураш, қўл тўпи, енгил атлетика, дзюдо, стол тенниси бўйича кўрсаткичларимиз қониқарли бўлмади. Бу келгусида ўз хатоларимиз устида кўпроқ ишлашимиз кераклигини билдиради.
Наманганда ҳам мазкур фестиваль юқори кайфиятда ўтказилди. Хусусан, жорий ўқув йилида 10-синфларнинг ҳам «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларига жалб этилиши юқори синф ўқувчилари ўртасидаги рақобатни кучайтирди. Натижада ҳар бир босқич, ҳар бир ўрин учун кураш муросасиз тус олди.
Хусусан, вилоят босқичида 2300 нафар ўқувчи волейбол, баскетбол, қўл тўпи, футбол, бадиий ва спорт гимнас¬тикаси, юнон-рум кураши, белбоғли кураш, турон яккакураши, эркин кураш, оғир ва енгил атлетика, ўзбек жанг санъати, таэквондо WTF сингари йигирмадан ортиқ спорт тури бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.
— Босқични юқори савияда ўтказиш мақсадида энг намунали 12 та спорт иншооти танлаб олинди, — деди “Ёшлик” ЖТСЖ вилоят бўлими раиси ўринбосари Шавкат Аҳмедов. — Якуний натижаларга келсак, туман(шаҳар)лар кесимида Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Поп, Уйчи туманлари жамоалари юқори натижага эришди. Шунингдек, вилоятнинг қайси туманида у ёки бу спорт тури етарли даражада оммалашмаётгани, айрим спорт турлари бўйича натижаларни янада яхшилаш зарурлигини ҳам аниқлаб олдик.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
Ғанишер АКБАРОВ,
«Мa’rifat» мухбирлари