Финал учрашувлари бошланди
Болалар спорт мусобақаларини жуда ёқтиради. Улар қанча кўп ғалаба қозониб, қувончи қайнаб тошса, шунча соз. Айниқса, ёшлигидан жисмоний машғулотлар билан шуғулланиб, келажакда етук спортчи бўлишни истаган ўғил-қизларнинг ҳар бир куни қизғин ва муросасиз баҳслар, қарама-қаршиликлар билан кечса, иродаси тобланиб, чинакам курашларга тайёр бўлиб вояга етади.
Шу маънода, Халқ таълими вазирлиги бир қатор ҳамкорлар билан республикамизда мавжуд 28та мактаб-интернатнинг турли ёшдаги ўқувчилари ўртасида мунтазам чемпионатлар, кубок мусобақаларини ўтказиб келмоқда.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб ташкил этилган футбол мусобақасининг финал босқичига старт берилди. Қалбида футболчи бўлишдек орзу ва ғайрат жўш урган ўсмирлар эрта тонгдан Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати стадионида жам бўлди.
Мусобақанинг финал босқичида республикамиздаги футбол мактаб- интернатларининг 2003-2004 йилларда туғилган ўқувчиларидан иборат жами 10та жамоа қатнашмоқда. Бир кун олдин ўтказилган қуръа натижаларига кўра, Пешку, Янгиер, Урганч, Наманган ва Андижон туманларидан келган жамоалар «А» гуруҳидан, Тошкент шаҳри, Шофиркон, Денов, Қумқўр¬ғон ва Янгибозор туманлари жамоаси «Б» гуруҳидан ўрин олди. Мусобақанинг тантанали очилиш маросимига қадар Пешку жамоаси янгиерлик болаларга 1:2, урганчликлар эса наманганлик тенгқурларига йирик 0:6 ҳисобида имкониятни бой берди.
— Шогирдларимнинг бугунги ҳаракатларидан, ғалабасидан хурсандман, — деди Наманган шаҳридаги футбол мактаб-интернати мураббийи Аъзам Рўзиев.— Урганчлик болалар жамоаси дарвозасига жавобсиз олтита гол урганимиз, албатта, тасодифий эмас. Буни исботлаш учун кейинги ўйинларда ҳам ишонч билан тўп суриб, бош совринни қўлга киритишга аҳд қилганмиз. Гуруҳимиздаги жамоаларнинг ўйин услуби билан қисман бўлса-да, танишмиз. Биз асосий кучни Янгиер ва Андижон тумани ёшларига қарши учрашувларга асраяпмиз. Қизиғи, яқинда Наманганда кечган саралаш мусобақаларида ҳам асосий рақибимиз Андижон тумани жамоаси бўлганди, қуръада ҳам яна бир гуруҳдан жой олдик. Ўйлайманки, 25 август куни ўтказиладиган «водий дербиси» турнирнинг энг чиройли учрашувларидан бири бўлади. Шогирдларим орасида Диёрбек Жўрамирзаев, Хуршид Дав¬рон¬алиев ва Муҳаммадҳумоюн Усмонов каби тарбияланувчиларимиздан умидимиз катта.
«Б» гуруҳида эса «воҳа дербиси» кузатиладиган бўлди. Сурхондарёнинг икки жамоаси — Денов ва Қумқўрғон бир квартетга жойлашди. Деновда кечган саралаш мусобақасида мезбонларга мағлуб бўлган қумқўрғонликлар нейтрал майдонда мувозанатни тиклай олармикан ёки тафовут янада ортармикан? Буни бугун Яшнобод футбол мактаб-интернатидаги стадионда кечадиган Денов—Қумқўрғон қарама-қаршилигидан сўнг билиб оламиз.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида турнир ташкилотчилари ёш футболчиларни ҳамда уларнинг устоз ва мураббийларини спорт байрами билан табриклаб, баҳсларда омад ёр бўлишини тилади. Шундан сўнг акробатчи қизларнинг чиқиши, дилбар куй-қўшиқ ва рақслар ҳамда ўзбек жанг санъати билан шуғулланаётган болаларнинг саҳна кўриниши мусобақа иштирокчиларига чинакам байрамона кайфият бағишлади.
— Ҳар куни тўрттадан учрашув ўтказиш режалаштирилган, — деди Яшнобод тумани футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори Давронжон Пўлатов. — 26 ав¬густга қадар таълим муассасамиз ётоқхона ва ошхонаси ҳамда спорт майдончалари юртимизнинг турли вилоятларидан келган болалар ихтиёрида. Улар мактабимиздаги мавжуд шароитлардан фойдаланиб, кундалик мусобақаларга янада пухта тайёргарлик кўрмоқда. 26 августда финал ва 3-ўрин учун ўйин ўказилади. Ҳакамлар, мураббийлар ва шифокорлар мусобақаларнинг кўнгилдагидек ўтиши учун ҳаракат қилмоқда, стадион атрофи томошабинларга тўла.
Ям-яшил майса устида профессионал футболчилардек тўп сураётган болаларнинг зав¬қи бир дунё. Уларнинг шахдам-шахдам ҳаракатлари, тўпга кучли зарба бериб, дарвоза сари аниқ йўналтириши ҳамда гол урганда чин дилдан қувониши ҳар қандай кишинининг ҳавасини келтиради. Муҳими, мазкур ёш футболчилар орасидан кун келиб миллий терма жамоамизда тўп сурадиган, юртимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган етук спортчилар чиқишига ишонамиз.
* * *
Мазкур мусобақага қадар Халқ таълими вазирлигининг яна икки мусобақаси, аниқроғи, 2000-2001 ва 2002-2003 йилларда туғилган ёш футболчилар ўртасида XIX чемпионатнинг финал босқичи бўлиб ўтди.
Ўн тўққиз йилдан буён мунтазам равишда ўтказиб келинаётган мазкур мусобақага ҳам республикамиздаги 28та футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар жамоаси жалб этилиб, аввалига саралаш босқичида, кейин ҳал қилувчи ўйинларда ўзаро куч синашди. Мусобақаларнинг ҳудудий саралаш учрашувлари баҳорги таътил даврида кечган бўлса, финал 2000-2001 йилларда туғилган болалар ўртасида 3—10 август кунлари, 2002-2003 йилларда туғилган болалар ўртасида эса 12—19 августда бўлиб ўтди.
Якунда мусобақалар ғолиб ва совриндорлари аниқланди. 14-15 ёшли тарбияланувчилар иштирокидаги чемпионатда Янгиер, Андижон туманлари ва Тошкент шаҳри жамоаси мос равишда кучли учликка кирган бўлса, 12-13 ёшли болалар ўртасидаги чемпионатда ҳам 1 ва 2-ўринларга янгиерлик ҳамда андижонлик болалар эга чиққан бўлса, 3-ўринни бухоролик ўсмирлар банд этди.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири